Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ЎЗГАНИ ҲАҚҚИДАН ҚЎРҚАЙЛИК

 
 

Азиз дўстим, билингки, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсага фақат Унинг тоати билан эришилади, сиз Аллоҳ ҳузуридаги нарсага Унинг маъсияти билан ҳам етишса бўлади деган хато фикрга бориб қолманг ва ҳалолдан топиб, ҳалол ейишга қаттиқ урининг. Зеро, умр қисқа, сиз кутаётган энг яқин ғойиб меҳмон ўлимдир. Жасаддаги ҳаромдан унган ҳар бир эт дўзахга лойиқроқдир.

Порахўрликдан, ҳаромдан, ботилдан сақланинг, бола-чақангиз ҳузурига фақат ҳалол ризқ келтиринг. Токи, Аллоҳ таоло фарзандингизни сизнинг ҳаётлик пайтингизда ҳам, вафотингиздан кейин ҳам фақат солиҳ ва покиза тарбияга муваффақ қилсин.

«(Бировнинг ўлимига ҳозир бўлган) кишиларнинг ўзлари ожиз-нотавон фарзандларини қолдириб вафот қилиб кетсалар, улардан хавотир олганлари каби (ўзгаларнинг етимлари ҳаққидан ҳам) қўрқсинлар. Аллоҳдан қўрқиб (ўлим олдидаги кишига) ҳақ сўзни айтсинлар!» (Нисо: 9).

Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётганида унинг ҳузурига киришиб: «Эй амирал муъминийн, фарзандларингиз учун бирон васият қилсангиз», дейишди. «Мени ўтиргизинглар», деди у. Қўлтиғидан суяб ўтқиздилар. У деди: «Аллоҳга қасамки, мен уларга ўзларига тегишли бўлган бирон ҳақ-ҳуқуқда зулм қилмадим, бошқаларнинг ҳақларини эса уларга асло бермайман. Улар ҳақида васият қилувчим «шу Китобни нозил қилган Аллоҳдир. У солиҳ бандаларга ёр бўлур» (Аъроф: 196). Умарнинг боласи икки кишининг биридир, у ё солиҳ кишидир, Аллоҳ эса солиҳларга ёр бўлади, ё эса ундан бошқачадир, у ҳолда мен унга Аллоҳнинг маъсиятида ёрдамланадиган нарсани ҳаргиз қолдирмасман. Энди болаларимни ҳузуримга чорланглар».

Фарзандлар кириб келишгач, унинг кўзлари ёшланди, сўнг уларга деди: «Болаларим, мен сизларга кўп яхшилик қолдирдим. Мусулмонлар ёки аҳли зиммалардан қай бир кишининг олдидан ўтманг, улар сизлар учун ҳақ бор деб кўришади. Болаларим, мен икки иш ўртасида ихтиёрли қилиндим: ё сизлар бой-бадавлат бўлиб қоласизлар ва мен дўзахга тушаман, ё эса охирги кунингизгача камбағал бўлиб қоласизлар ва мен жаннатга кираман. Сизларнинг камбағал бўлиб қолишларингиз мен учун яхшироқ кўринди. Туринглар, сизларни Аллоҳнинг ўзи асрасин. Туринглар, сизларга Аллоҳнинг ўзи ризқ ато этсин». «(Бировнинг ўлимига ҳозир бўлган) кишиларнинг ўзлари ожиз-нотавон фарзандларини қолдириб вафот қилиб кетсалар, улардан хавотир олганлари каби (ўзгаларнинг етимлари ҳаққидан ҳам) қўрқсинлар. Аллоҳдан қўрқиб (ўлим олдидаги кишига) ҳақ сўзни айтсинлар!» (Нисо: 9).

Амиров Тўлқин тайёрлади


Киритилган вақти: 10/01/2022 11:30;   Кўрилганлиги: 458
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/ozgani-haqqidan-qorqaylik
Чоп этилган вақт: 03/05/2024 11:42
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг