Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ўзбекистон - Инсон қадри устувор бўлган юрт!

 
 

Рамазон яқинлашиб қолганида, бу ойига таъриф берган Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Улуғ, муборак ой сизларга соя солиб турибди”, деган эдилар. Ушбу ҳадиси шарифнинг давоми ва бошқа яна бир қанча ҳадисларда рамазоннинг фазилатлари баён қилинганига гувоҳ бўламиз.

Бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам рамазон ўзгача шукуҳ ва тароват, хайру барака билан давом этмоқда. Қуръон ойи бўлган рамазонда Ўзбекистондаги 1600 дан зиёд масжидларда 3000 нафардан кўп хушовоз қорилар томонидан Қуръони карим хатмлари адо этилмоқда. Эзгулик ва яхшилик мавсуми, саховат ва меҳр-мурувват ойи бўлмиш  рамазон муносабати билан саховатпеша, сахий инсоларнинг хайру-эҳсонлари янада кўпаймоқда. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Садақанинг энг афзали Рамазонда қилинганидир” (Имом Термизий ривояти), деган ҳадисларига мувофиқ амал қилувчи юртдошларимизнинг сони ортиб бораётгани таҳсинга лойиқдир.

Рўза тутганларга ифтор қилиб беришнинг ажри нечоғлик улуғ эканлиги хусусида тўхталган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деган эдилар:

“Ким бир рўзадорга ифторлик берса, унга ўша рўзадорнинг ажрича ажр бўлади, рўзадорнинг ажридан эса бирор нарса камайтирилмайди” (Имом Термизий ва бошқалар ривояти).

Мамлакатимизда Юртбошимиз томонидан барча соҳаларда изчил ислоҳотлар олиб борилаётгани барчага бирдек аён. Шулар қаторида диний соҳа ҳам ушбу эътибордан четда қолаётгани йўқ. Давлатимиз раҳбари томонидан муққаддас динимиз арконлари ва таълимотини кенг ёйиш ва ёшларга тўғри йўлни кўрсатиш бўйича етарлича кўрсатма ва тавсиялар бериб келинмоқда. Нафақат кўрсатма бериш балки, амалда ўрнак бўлмоқда. Куни кеча Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида, вилоят, шаҳар ва туманлардаги ҳамма маҳаллаларда ифторлик дастурхонлари ёзилди. Наманган вилоятидаги ифторликда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз мусулмонларини Рамазон ойи билан яна бир бор табриклади.

Бугун барчамиз – муҳтарам уламоларимиз ва нуронийларимиз, жамоатчилигимиз вакиллари биргаликда ифтор қилмоқдамиз. Ягона, аҳил оила бўлиб яшаётган кўпмиллатли Ўзбекистон халқи бугун гўёки бир дастурхон атрофида жам бўлиб ўтирибди. Ўйлайманки, бу савобли тадбир инсон қадрини улуғлашга, ўсиб келаётган ёшларимизни мана шундай олижаноб руҳда тарбиялашга хизмат қилади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Юртбошимиз бу ишларга ҳисса қўшаётган иймон-диёнатли, саховатли юртдошларимизга ташаккур айтди. Мамлакатимизда мутлақо янги ижтимоий ҳимоя тизими шаклланмоқда. Бу тизим биринчи навбатда эҳтиёжманд кишиларга, жумладан, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, етим қолган, ўзгалар парваришига муҳтож инсонларга ҳар томонлама эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган.

Бу ҳақда сўзлар экан, Шавкат Мирзиёев Алишер Навоий бобомизнинг “Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай, онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай” деган ҳикматини ёдга олди.

Бундай қараш муқаддас динимизнинг асл инсоний моҳияти билан ҳамоҳангдир. Ҳақиқатан ҳам, чинакам мусулмон ўзига раво кўрган нарсани бошқаларга ҳам раво кўради.

Мамлакатимизда халқ фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартиришга саъй-ҳаракатлар моҳияти айтиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари сўзининг якунида – Муборак Рамазон ойи шарофати билан юртимизда, жами мусулмон ўлкаларда, бутун дунёда тинчлик, барқарорлик ҳукм сурсин, одамлар, халқлар ўртасида дўст-биродарлик, ўзаро ҳурмат туйғулари устувор бўлсин. Кучлилар – ожизларга таянч, саховатпешалар – муҳтожларга ёрдамчи, ёшлар – қарияларга ғамхўр бўлсин. Динимизда белгилаб берилган тўғри йўлдан оғишмайлик, айни пайтда замон билан ҳамнафас яшайлик. Ёшларимиз билимлари билан жаҳонга танилиб, юртимиз довруғини юксакларга кўтаришсин. Ўзбекистон дунёнинг энг олди, энг илғор давлатларидан бирига айлансин. Тутган рўзаларимиз, дуоларимиз даргоҳида қабул бўлсин, дея энг эзгу тилакларини билдириб, дуо қилди. 

Ушбу тилакларга оғиз очиш онларида муфтий ҳазратларининг дуолари ҳамоҳанг бўлди. Ўтганларимизни охиратларини обод бўлиши, жаннатмакаон юртимизда тинчлик ва фаровонликнинг бардавом бўлиши, шукроналик, тўкин-сочин ва барака ҳамроҳимиз бўлиши, камбағал, фақиру муҳтожлар қолмаслигини сўраб илтижолар қилинди. Илоҳим, ушбу дуо ва тилаклар ижобат бўлсин.

Муҳтарам, мўмин-мусулмон биродарлар, юртдошлар. Юртбошининг нуронийлар, муҳтож кишилар, уламолар билан биргаликда ифторлик қилиши олдин ҳеч ҳам кузатилмаган бир ҳолат бўлди. Халқ билан ёнма ён бўлган Юртбошининг чинакам халқпарвар эканлиги мана шу сингари яқинлик ва самимийликда яна ҳам намоён бўлиб бормоқда. Давлат бошлиғи белгилаб берган “Янги Ўзбекистон - Инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат” деган бу мақсад асосида янгидан-янги ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Юртимиз, тинч, фаровон ва обод бўлишини Аллоҳ субҳанаҳу  ва таъала насиб айлсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Самарқанд вилояти бош имом хатиби

Зайниддин домла Эшонқулов


Киритилган вақти: 26/03/2024 18:25;   Кўрилганлиги: 159
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/ozbekiston-inson-qadri-ustuvor-bolgan-yurt
Чоп этилган вақт: 29/04/2024 18:52
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг