Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ЎЙНАШМАНГ

 
 

Кеча имом Молик роҳимаҳуллоҳнинг шогирди Қаънабийга қилган насиҳати ҳақида узоқ ўйладим. Имом Молик роҳимаҳуллоҳ унга шундай дейди:
"Нима билан ўйнашсанг ўйнаш, аммо дининг билан ўйнашма!".

Дин бу бизнинг суягимиз, гўштимиз ва қонимиздир. Бунда бепарволик қилиб бўлмайди. Агар бепарволик қилиб қўйсак ундан бизнинг қўлимизда ҳеч нарса қолмайди.

Гуноҳларни назарда тутмаяпман. Гуноҳ ҳаммамизда бор. Имом Молик роҳимаҳуллоҳ ҳам юқорида буни назарда тутмаган.
Динимиз бу ақидамиздир. Уни ҳар қанақанги нуқсонлардан асрашимиз лозим. Уни махфий ширкдан, инсонларнинг мақтовидан, унинг ҳузуридан дунё азизлигини қидириб дунёйимиз эвазига охиратни сотиб юборадиганимиз золимнинг қарсагидан асрашимиз лозим.

Гуноҳга саҳобалар ҳам тушиб қолишган. Ундан фақат маъсум пайғамбарларгина омонда бўлишган. Саҳобалар гуноҳ қилишсада ақидада мустаҳкам туришган.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида Абдуллоҳ исмли бир киши бор эди. У енгилтакроқ, ўйин-кулгуни хуш кўрадиган киши эди. У Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам билан учрашиб қолса у зотни кулдирар эди. Абдуллоҳ ароққа берилган эди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам уни ароқ ичгани учун дарраладилар. У яна ичди. Яна дарраладилар. Яна ичди яна дарраладилар. Учинчисида мусулмонлардан бири уни лаънатлади. Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Уни лаънатламанглар. Аллоҳга қасамки, у Аллоҳ ва Расулини яхши кўради!", дедилар.
Моиз розиёллоҳу анҳу зино қилади. Абу Миҳжан ароқ ичгани учун Қодисийя жанги кунида боғлаб қўйилади. Аммо уларнинг ақидаси булғанмади.
Гуноҳ қилавер, демоқчи эмасман. Гуноҳдан қутилиш қийин демоқчиман. Иш шунақа бўлгани учун Аллоҳ таоло тавба эшигини кенг очиб қўйибди. Бу эшик токи қуёш мағрибдан чиқмагунича очиқ туради.
Мусулмоннинг гуноҳи уни синиқ қилади, унга адаб беради. Гоҳида инсонни синдириб Аллоҳга яқинлаштирадиган гуноҳ ужбга сабаб бўладиган тоатдан афзал бўлади.
Мўъминнинг ўзи билан Аллоҳ ўртасидаги гуноҳларининг масаласи осон. Зеро Аллоҳнинг раҳмати азамати олдида гуноҳ кичик бўлиб қолади. Аммо ақида бузуқ бўлса уни кўп амал ҳам ислоҳ қила олмайди.
Динингиз билан ўйнашманг!

Ургут тумани "Ургут марказий" масжиди ходими А.Полвонов


Киритилган вақти: 25/11/2021 05:25;   Кўрилганлиги: 487
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/oynashmang
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 10:01
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг