Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ОТА ЎЗ ФАРЗАНДИГА ЧИРОЙЛИ ОДОБДАН АФЗАЛРОҚ НАРСА БЕРОЛМАЙДИ

 
 

Шарқ мутафаккирлари бола тарбиясига таъсир қиладиган даврни уч гуруҳга ажратадилар.

Биринчиси, оқ билан қорани танимайдиган бола. Бундай бола табиати ҳали ёмонлик ғубори билан булғанмаган, қалбини эса бузуқлик ва фасод эгаллаб олмаган бўлади. Бундай болага панд-насиҳат тез таъсир қилиб, уни тўғри йўлга йўллаш осон кечади.

Иккинчиси, оқ билан қорани ажратадиган бўлиб қолган бола. Бу тоифадаги бола ўз нафсига асир тушиб яхшилик томонга бурила олмай юрган бўлади. У қилаётган ишининг ёмонлигини билиб, ўз айб-нуқсонларини эътироф этади. Бундай одамни тарбиялаш биринчисига нисбатан қийинроқ, аммо унга доимий тарбия берилиб, ҳар хил насиҳатлар ва танбеҳлар бериб борилса, албатта ёмонлик кўчасига кирмайди.

Учинчиси, оилада ботил хаёл ва бузуқ фикрли бўлиб ўсиб-улғайган бола. У умр бўйи ноҳақ ишларни ҳақ деб билиб келган ва шунга астойдил эътиқод қўйган бўлади. Ёмонлик қилса ҳам уни ўзича яхшилик деб ўйлайди. Бундай болани тарбия қилиш жуда оғир. Донолар яхши ёки ёмон хулқли бўлишни оила муҳити билан боғлашади.

Айтишларича, ёмон хулқли аёлдан туғилган ва ярамас ота тарбиясини кўрган фарзанддан яхшилик кутиш қийин. Чиройли хулқ офтобга ўхшайди, офтоб музни эритгани каби, чиройли хулқ ҳам барча ёмонликларга барҳам беради. Муҳаммад ибн Муҳаммад Жомийнинг фикрича, бола етти ёшга етгач, уни илм олишга ва жоҳилликдан қутқаришга ўргатилади, агар илм олишни истамаса, ортиқча мажбурланмайди ва бирорта яхши ҳунарга ўргатилади. У шундай деб таъкидлайди: «Агар молинг қанча кўп бўлса, фарзандинг илм ва ҳунар олиши йўлида сарфла, чунки молу-давлатга ишониб бўлмайди, ҳунар эса ҳеч қачон ўлмайди.

Илм ва ҳунар ўрганмайдиган кишилар ҳақида олимлар шундай дейдилар: Бундай кишилар ё зоҳид, ё танбал ёки такаббур кишилардир. Агар у зоҳид бўлса, тез кунда таъна балосига гирифтор бўлади. Агар танбал бўлса, гадолик йўлини тутади. Агар такаббур бўлса, ночорликдан қийналиб, ўғрилик йўлига киради. Кимки касб-корга эга бўлса, бундай иллатлардан узоқда бўлади.

Бир ҳадиси шарифда: «Ота ўз фарзандига чиройли одобдан афзалроқ нарса беролмайди», дейилган  (Имом Термизий ривояти). Демак, одоб ва тарбия боланинг келажакда яхши инсон бўлишини таъминлайди. Яхши инсон бўлиб вояга етган бола, охиратда ҳам ота-онасига катта ажр-савоблар келтиради. Ота-она фарзанд тарбиялашда уни едириб-ичириш ва кийдиришдан ташқари илм ва одоб ҳам бериши нур устига нурдир. Шундан экан, боланинг одобли ёки одобсиз бўлиб улғайишига энг аввало ота-онаси сабабчи бўлса, дастлаб шу дунёда роҳатини кўради, сўнг ундан рози ҳолда дунёдан ўтади. 

Болибекова Дилноза – Иштихон туман отинойиси


Киритилган вақти: 12/01/2022 21:56;   Кўрилганлиги: 222
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/ota-oz-farzandiga-chiroyli-odobdan-afzalroq-narsa-berolmaydi
Чоп этилган вақт: 12/08/2022 07:49
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг