Ота-она ўз боласига гўзал одобдан афзал нарса бера олмайди
Динларнинг мукаррами ва мукаммали бўлган ислом комил инсон тарбияси, айниқса болаларга одоб ва ахлоқдан пухта таълим беришни энг муҳим вазифалардан бири қилиб белгилаган.
Бола тарбиясида, аввало, ота-она, сўнгра эса тарбия ўчоғи бўлган боғча, мактаб ва маҳалланинг ўрни беқиёсдир. Зеро, Пайғамбаримиз (с.а.в) дан имом Термизий ривоят қилган бир ҳадисда: “Ота-она ўз боласига гўзал одобдан афзал нарса бера олмайди”, дейилган. Фозила аёл оилада фарзанд тарбиясига масъуллиги билан бирга, ота билан фарзанд ўртасида воситачи ҳамдир. У фарзандига оиланинг устуни бўлган отани қадрлашни, кўзига тик боқмасликни, ота билан орасида доимо масофа сақлаш лозимлиги ва шу каби одобларни ўргатади. Отага эса уларнинг талаб ва эҳтиёжларини ўз вақтида билдириб туради. Узоқни кўра оладиган аёл фарзанди олдида турмуш ўртоғининг ҳурматини доимо жойига қўяди. Отанинг ҳурмати юқори бўлган оилада тарбия топган болада қатъиятлилик, фидойилик, мардлик ва мустаҳкам иродалилик каби эзгу хислатлар кўпроқ учрайди. Отанинг оиладаги қатъиятлилиги эса болани интизомга ўргатади. Интизомли бола меҳнатдан қочмайди, ўзига топширилган вазифани вақтида адо этади, ҳар бир ишга масъулият билан ёндошади.
Ҳар бир ота-она келажакда фарзандларининг роҳатини, уларнинг орзу ҳаваслари ушалганини кўришни хоҳласа, уларга миллий – диний қадриятларимизга амал қилган ҳолда таълим тарбия берса, ўзлари хоҳлагандек, орзу ҳавас кўрсатадиган, халқимиз ва жамиятга фойдаси тегадиган етук фарзандни вояга етказган бўлади.
Ҳ.Темиров ЎМИ - Самарқанд вилоят вакиллиги ходими
Киритилган вақти: 04/10/2023 15:21; Кўрилганлиги: 790
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 07:49