Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Оналар хизмати-жамият саодати

 
 

Ҳар бир инсон дунёга келибдики унинг ўниб ўсиши, илмли-тарбияли бўлиб вояга етиши учун муҳтарам волидаларимизнинг хизматлари беқиёсдир. Ҳар бир камолатга етган шахс ортида оналар меҳнати ётади. Шунинг учун ҳам дини мўбинимиз оналарни кўпроқ эъзозлашга, қадирлашга буюради. Жаноби Набийимиз с.а.в “Жаннат оналар оёғи остидадир” деб марҳамат қилганлар. Бир саҳобий-“Кимга яхшилик қилай”- деб 3 марта сўрадилар. Ҳар сафар- “Онангга”- дедилар ва 4-марта сўраганларида-“Отангга”- деб жавоб бердилар Набий с.а.в.

Тарихда ўтган улуғ авлиёлар султони Боязид Бистомий ҳазратларининг оталари вафот этиб, гўдаклигидан  оналари тарбиясида қолади. Сал ўлғайганда, оналари мадрасага таълим олишлари учун олиб бориб устозга топширдилар. Устозга болани қаттиқ назорат қилиб, риёзат ила ўқитишларини тайинладилар. Айниқса, уйга юбормасликни, зеро, уйга бораверса, фикри чалғиб илм олишдан маҳрум бўлиб қолиши мумкинлигини айтдилар. Ёш Боязидга Аллоҳ кучли зеҳн, қобилият берган эди. Дарсларни аъло даражада тайёрлаб, устозга топширар эди. Бир куни онасини кўргиси келиб, устоздан рухсат сўради. Устознинг ҳам назари тушуб маҳбуб бўлиб қолган эмасми, кўнгли бўшаб-“Майли тез бориб зиёрат қилгину, қайтгин”- деб рухсат бердилар. Боязид  уйга келиб, дарвозасини тақиллатганларида оналари таҳорат олаётган эдилар. Оналари ўғли эканлигини сезиб: “Ким у?”- дедилар. Бола: “Боязид Бистомий”- деб жавоб бердилар. Она: “Менинг ҳам Боязид Бистомий деган ўғлим бор. Уни Аллоҳ таоло йўлида вақф қилиб, мадрасага ташлаб келган эдим. Сиз қайси Боязидсиз?”- деди.

Оналарининг бу сўзларидан дарҳол ҳамма нарсани тушуниб, мадрасага қайтдилар ва илм олишга қаттиқ жидду-жаҳд қилдилар. Ниҳоят, олиму боамал даражасига етиб, сўнг оналарини олдига қайтдилар.

Демак, ҳар биримиз бахтли, сурурли кунларимизда аввало Аллоҳга ҳамд-сано айтиб, бу неъматларга сабабчи бўлган оналаримиз, оталаримиз эканлигини асло ёддан чиқармаслигимиз даркор.

А.Шукуров Нарпай туман “Кўк ота” жомеъ масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 04/01/2024 12:10;   Кўрилганлиги: 387
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/onalar-xizmati-jamiyat-saodati
Чоп этилган вақт: 01/05/2024 19:29
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг