Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Олтиндан ҳам қимматли вақтни фойдали ва савобли ишларни амалга оширишда сарфлайлик

 
 

Вақт шунчалик аҳамиятлики, мусулмоннинг вақт олдида вазифалари бор. Мусулмон киши ана шу вазифаларни тушуниб адо этмоғи шарт. Улар эса қуйидагилар:

1. Вақтдан имкон қадар унумли фойдаланмоқ. Бебаҳо мол-давлатини беҳад авайлайдиган инсон аслида бебаҳо вақтига бунданда эътиборлироқ бўлмоғи, уни фақат хайрли ўринларда хайрли мақсадларга ишлатиши лозим эди. Салафи солиҳлар вақтларига жуда эътиборли эдилар. Чунки улар вақт қадрини яхши англардилар. Улуғ имомлар ҳар бир вақтни фойдали илм, яхши амал, нафсга қарши кураш ёки бошқаларга фойда етказиш билан ўтказиб охират ғамини ердилар.

2. Вақтни тартибга солиш. Диний ва дунёвий ишларни батартиб адо этмоқ мусулмон кишининг вақти олдидаги вазифаларидандир. Ана шунда ишлар бир-бирига ҳалал бермайди. Муҳим ва номуҳим амаллар ўз ўрнини топади. Солиҳлардан бири айтади: «Банданинг (ўтган) вақтлари тўрт турли бўлади, бешинчиси йўқдир: неъматда, кулфатда, итоатда ва маъсиятда. Вақтнинг ҳамма ҳолатида ҳам зиммангда Аллоҳнинг ибодатидан улуш бордир. Демак, кимнинг вақти тоатда ўтган бўлса, унинг йўли Аллоҳ тарафидан унга берилган марҳаматга, яъни Аллоҳ уни ҳидоятлаб, ибодатга муваффақ қилиб қўйганига шоҳид бўлишдир. Кимнинг вақти неъматда ўтган бўлса, унинг йўли шукр қилишдир. Кимнинг вақти маъсиятда ўтган бўлса, унинг йўли тавба ва истиғфордир. Кимнинг вақти кулфат (синов)да ўтган бўлса, унинг йўли розилик ва сабрдир».

3. Бўш вақтни ғанимат билиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб, дедилар: «Икки буюк неъмат борки, кўп одамлар улар борасида алданиб, чув тушиб қоладилар. Улар сиҳат-саломатлик ва бўш вақтдир». Ушбу муборак ҳадисда саломатлик билан вақт неъматининг аҳамияти жуда гўзал шаклда, ўта балоғатли тарзда баён қилинган.

Демак, олтиндан қиммат бебаҳо вақтларимиз, кунларимиз, соатларимиз ва дақиқаларимиз ҳамда ҳар бир кираётган ва чиқаётган нафасларимиз ҳисоб-китобли эканини асло унутмайлик.

Аллоҳ таоло барчамизга инсон учун берилган бебаҳо умр ва олтиндан ҳам қимматли вақтни фойдали ва савобли ишларни амалга оширишда, умрнинг ҳар бир дақиқаси буюк фурсат ва ғанимат эканини доимо эсда тутиб саъю-ҳаракат қилишда ёру-мададкор бўлсин.

Абсаламов Исматулло Cамарқанд шаҳар "Домла Камолиддин" жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 23/10/2023 21:40;   Кўрилганлиги: 158
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/oltindan-ham-qimmatli-vaqtni-foydali-va-savobli-ishlarni-amalga-oshirishda-sarflaylik
Чоп этилган вақт: 21/05/2024 06:27
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг