Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ўликларга Ёсин сурасини тиловат қилиш масаласи

 
 

Албатта, Қуръон тиловати энг афзал ибодатлардан бўлиб, у билан мусулмон банда Роббига яқин бўлади. Қуръон қироати инсонга манфаатли бўлиб, хоҳ вафотидан кейин бўлсин, хоҳ манзилида ёки уйида бўлсин, хоҳ жанозадан кейин ёки олдин бўлсин ёки қабр олдида бўлсин, бу нарса шаръий ҳукмда жоиз ҳисобланади ва Аллоҳнинг фазли билан маййитнинг қабрида азобдан енгиллашишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар бериб, вафот этган кишиларга Қуръон қироат қилишга ундаганлар. Ул зот: «Бирор маййитга Ёсин сураси ўқилса, енгиллик бўлади», деб марҳамат қилганлар. Албатта, ушбу қироатда тиловат одобларига амал қилиб, ҳарфларни ўз махражидан чиқаришга диққат қаратиш керак.

Ҳанафий мазҳаби уламолари маййитга ҳам, тирикларга ҳам Қуръон қироатининг савоби етиб бориши жоизлигини айтишган. «Ҳидоя», «Бадоиъ-ус Саноеъ», «Баҳрур Роиқ» ва бошқа китобларда бу ҳақда айтилган.

Шу ўринда ўликларга Ёсин сурасини ўқиш ҳақида келган қуйидаги ҳадиси шариф ва унинг баёни ҳақида танишсак:

عَنْ مَعْقِلِ بْنِ يَسَارٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «اقْرَءُوا يـس عَلَى مَوْتَاكُمْ».

 Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўликларингизга Ёсинни қироат қилинг», дедилар.

Абу Довуд, Насаий, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

Мулла Алий Қорий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳу (Ҳудайбия кунида) дарахт остида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат берган саҳобалардандир".

Уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифни тушунишда уч хил ижтиҳод қилганлар.

Баъзилари: «Ҳадисда «ўликларингизга» деганда «ўлим тўшагида ётганлар» назарда тутилган. Шунинг учун муҳтазар кишига Ёсин сурасини ўқиш лозим. Бу сурада қайта тирилиш, қиёмат, жаннат ва дўзах, шайтоннинг фитнасидан ҳазир бўлиш каби масалалар зикр қилингани учун айнан шу сурани ўқишга амр қилинган», дейдилар.

Бу гуруҳдаги уламоларнинг машҳурлари имом Молик ва имом Шофеъийдир.

Иккинчи тоифа уламолар имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Ҳанафийлар, баъзи моликий ва шофеъийлар бўлиб, улар: «Қироат ўликлар учунгина қилинади», деганлар ва ўз гапларига мазкур ҳадисни ва Ислом умматининг амалини ҳужжат қилиб келтирганлар. Шу билан бирга, ўз нуқтаи назарларини қуйидагича шарҳлаганлар:

  1. Ҳадисда «ўликларингизга» дейилган, «ўлим тўшагида ётганларингизга» дейилган эмас. «Ўлик» лафзи ҳақиқатда ўлиб бўлган шахсга нисбатан ишлатилади. Бу сўзни ўлим тўшагида ётган кишига нисбатан ишлатиш учун қўшимча далил ёки ишора керак. Бу ерда у нарса йўқ. Имом Шавконий шуни айтади:

«Муҳиб ат-Тобарий: «Мазкур ҳадисга умумий жиҳатдан амал қилиш ҳақдир. Буни Дорақутний келтирган қуйидаги ҳадис ҳам қўллайди», деб ушбу ҳадисни келтиради:

مَنْ مَرَّ بِالْمَقَابِرِ فَقَرَأَ "قل هو الله أحد" إِحْدَى عَشْرَةَ مَرَّةً، ثُمَّ وَهَبَ أَجْرَهُ لِلْأَمْوَاتِ، أعْطِيَ مِنَ الْأَجْرِ بِعَدَدِ الْأَمْوَاتِ.

 «Ким қабристонга кириб, «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўн бир марта ўқиб, савобини ўликларга бағишласа, унга ўликлар ададича савоб берилади».

  1. Қироатнинг ҳикматларидан бири енгиллик келтиришдир. Бу нарса муҳтазарга матлуб бўлганидек, маййитга ҳам матлубдир.

«Муснадул Фирдавс» асарида: «Қайси бир банда ўлгандан кейин унинг олдида Ёсин қироат қилинса, албатта Аллоҳ унга енгиллик беради», дейилган.

Имом Аҳмад: «Машойихлар: «Қачон маййит учун Ёсин қироат қилинса, унга енгиллик берилади», дер эканлар», деган.

  1. Жаноза намозида Фотиҳа сураси ўқилишига қиёс қилинади.
  2. Ҳадисларда қабрларни зиёрат қилишда ўликларга салом бериш талаб қилинган. Агар маййит башарнинг каломи бўлмиш саломдан унсу улфат топар экан, Аллоҳнинг каломидан батариқа авло топади.
  3. Қуръон қироат қилинган жойга сакина ва раҳмат нозил бўлиши маълум ва машҳур. Шунингдек, маййит бор жойда қилинган тиловат туфайли сакина ва раҳмат нозил бўлади.
  4. Ҳадиси шарифда ривоят қилинганки, сафарга чиққан бир одам билмасдан қабр устига капа тикиб олади. Кейин қабр ичидаги инсоннинг Таборак сурасини охиригача қироат қилганини эшитиб, буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилганида, у зот:

«هِيَ الْمَانِعَةُ، هِيَ الْمُنْجِيَةُ، تُنْجِيهِ مِنْ عَذَابِ الْقَبْرِ».

 «У (Таборак сураси) ман қилувчидир. У нажот берувчидир. Унга қабр азобидан нажот беради», деганлар.

Маълумки, шариат бўйича бирор ишни қилишга ҳам, қилмасликка ҳам далил-ҳужжат бўлиши керак. Ўликка қироат қилишни ман қиладиган далил йўқ.

Учинчи тоифа уламолар: «Бу гаплар Қуръон қироат қилиб, савобини бағишлаганда айтиладиган гаплардир, агар савобини бағишлайдиган бўлса, ихтилофга ҳам ўрин қолмайди, чунки унда дуо маъносига айланади, дуодан маййит манфаат олишини ҳеч ким инкор қила олмайди», дейдилар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ҳанафий мазҳаби ва бошқа мазҳабларда ҳам вафот этган кишиларга савобини бағишлаб, Қуръон тиловат қилиш ва уларнинг ҳақларига дуои хайрлар қилиш жоиз амалдир. Мулла Алий Қорий роҳимаҳуллоҳ “Мирқотул мафотиҳ” асарларида Имом Тийбийдан нақл қилиб келтирадилар: “Бунинг (яъни, Ёсин сурасини ўлим тўшагига ётган кишиларга ёки ўликларга тиловат қилишнинг) сири ва илми шундан иборатки, сура бошидан охиригача муҳим усул қоидаларни, уламолар асарларида келтирган нубувват ва даъватга тегишли эътиборли масалаларни, олдинги умматларнинг аҳволларини, қазо ва қадар масаласини, бандаларнинг ишлари Аллоҳ таолога боғлиқлигини, Аллоҳнинг ягоналигини исбот қилишни, Аллоҳнинг шериги йўқ экани баёнини, қиёмат белгиларини, қайта тирилтиришни, маҳшар майдонига йиғилишни, ҳисоб-китоб ва қиёматда бўладиган ҳолатларни ўз ичига олгандир. Унга ушбу сурани ўқишлик ушбу суранинг ҳаққини адо қилиш демакдир”, деганлар.

Аллоҳ таоло биздан ўтганларни Ўзининг раҳмари ва мағфиратига олган бўлсин!

Хайрулло домла Саттаров - Самарқанд вилоят бош имом-хатиби ўринбосари 


Киритилган вақти: 25/10/2021 16:19;   Кўрилганлиги: 518
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/oliklarga-yosin-surasini-tilovat-qilish-masalasi
Чоп этилган вақт: 29/04/2024 04:41
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг