Одамлар тасаввуф ва сулук борасида «ифрот»¹ ва «тафрит»² ўртасидадир!
Бир тоифа тасаввуф ва сулукни Қуръон ва суннатда асли йўқ янги пайдо бўлган бидъат, деб даъво қилишади. (Бу «ифрот»дир).
Бошқа бир тоифа эса, тасаввуф ва сулук - ушбу йўлни тутган киши учун очиладиган кашфлар ва муждалар учун қўйилган ном, деб ишонишади. Бундай ҳолатлар ва нафсий тажрибалардан дин қасд қилинган, ким буларга амал қилса, зоҳирий шаръий ҳукмлардан халос бўлади, деб эътиқод қилишади. Баъзи кўз илғамайдиган ва ноодатий ишлар унда содир бўлган кишини ёки уйғоқлигида ёки уйқусида ундан баъзи «кашфлар» (масалан, одамларнинг фикридаги нарсани ўқий олиш) зоҳир бўлган кишини одамлар ўзларига ўрнак ва «имом» қилиб олишади. Бундай кишининг ақийдаси қанчалик оғган бўлмасин ёки амаллари ва ахлоқлари қанчалик бузуқ бўлмасин, унга эътибор беришмайди. (Бу эса, «тафрит»дир).
«Иълоу-с Сунан» асарига ёзилган муқаддимадан 1/19, Аллома Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ
¹ «Ифрот» - бир ишда ҳаддан ошиш ва уни бўрттириб кўрсатишдир.
² «Тафрит» - бир ишга енгил қараш ва у борасида бепарволик қилишдир.
Изоҳ: Ҳар иккала тоифа ҳам тасаввуфни тўғри англай олмаслик сабабидан мақсаддан четга чиқишган. Биринчи тоифа бу ишга шиддат билан қарагани учун унинг асли йўқ бидъат, дейишга борган бўлса, иккинчи тоифа тасаввуфни асл моҳиятидан четга чиқиб, уни кароматларни зоҳир бўлишига боғлаб қўйган холос. Аслида эса, тасаввуф нафсий покланиш ва руҳий озуқа олиш демакдир. Бунинг негизи машҳур Жибрил ҳадисига боради. Аллоҳ таолони кўриб тургандек, кўра олмаса ҳам, Аллоҳнинг кўриб турганини билган ҳолда ибодат қилмоқликдир - тасаввуф!
Хайрулла домла Саттаров вилоят бош имом-хатиби ўринбосари
Киритилган вақти: 17/12/2021 08:14; Кўрилганлиги: 1040
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 06:13