НУРЧИЛИК
Ташкилот номи. ”Нурчилик” (туркча-Nurculuk) диний-фундаментал ҳаркат. Халқ тилида “Нурчилар” деган ном билан ҳам машҳур.
Асосчиси ва юзага келиш тарихи. “Нурчилик” ҳаракатининг асосчиси Туркиянинг Битлис вилоятидаги Нурса қишлоғида туғилган Саид Нурсий (1876-1960) бўлиб, “Бадиуззамон” (арабча-замонанинг буюги, беназир) лақаби билан танилган. Ҳаракат унинг асосчиси томонидан ХХ асирнинг 20-йилларидаги Туркиядаги сиёсий ва диний вазиятнинг ўзгариши таьсирида, хусусан Усмонийлар халифалиги ағдарилгандан кейин ҳокимят тепасига келган Мустафо Камол Отатуркнинг дунёвий давлат тузишига мухолиф равишда шакиллантирилган. Саид Нурсий Туркия Республикаси конституциясига таҳдиди ва шариатга асосланган давлат тузишни уюштиришда айибланиб, 23 йил давомида қамоқда сақланган.
Ташкилот ғоялари. Ҳаракат ўз фаолиятида Саид Нурсий томонидан ёзилган, унинг талқинидаги Қурьони карим оятлари шарҳлари ва диний кўрсатмаларини ўз ичига олган “Рисолаи Нур” куллиётида баён этилган ғояларга асосланади ҳамда ундан бошқа барча манбалар инкор этилади. “Нурчилар” Туркиянинг амалдаги давлат тузуми ўрнига ислом шариатига мувофиқ қонун-қоидаларни жорий қилиш орқали ғаразли мақсадларга етишни кўзлайди. Кейинги босқичларда, гўёки туркийзабон давлатларни Туркия соясида бирлаштириб, “исломий давлат”ни барпо этиш ғояси илгари сурилади. Бунда ҳаракат раҳномаси Фатҳулла Гюленнинг “Бутун Ер юзи Аллоҳнинг мулки, уни бу меники, бу сеники, деб бўлиб олишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ” деган фикр остида бошқа халқларни Ватан туйғусидан ажратиб, улар устидан ҳукимронлик ўрнатиш кўзланади.
З.Эшонқулов - ЎМИ Самарқанд вилоят вакили (манбалар асосида)
Киритилган вақти: 05/12/2019 20:50; Кўрилганлиги: 1675
Чоп этилган вақт: 12/09/2024 12:07