Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Намоздан кейин жамоавий дуо қилиш масаласи

 
 

Намоздан кейин имомнинг қавмга қараб ўтириши, сўнг барчалари жамоат бўлиб зикрлар айтиб, сўнгра қўлларини кўтариб дуо қилишлари, қавмнинг имомнинг дуосига «Омийн, омийн» деб туриши ҳақида саволлар кўп. Авваллари бу масалада ҳеч гап кўтарилмас эди. Аммо кейинги пайтда турли сабабларга кўра саволлар кўпайди.

Аслида бу масала аллақачон ҳал бўлган, муҳаддислар ўз китобларида бу борадаги ҳадисларни ривоят қилган ва фуқаҳолар ўз китобларида уни яхшилаб таҳлил қилиб, ечиб берган эдилар.

Аммо баъзи кишилар бу масалани яна қайта кўтариб, одамларнинг хаёли паришон бўлишига сабаб бўлдилар. Аслида эса эски гапни яна қайта қўзғадилар.

Аввало, бу масалада алоҳида рисолалар ёзган уламолар ҳам бўлганини айтиб қўймоқчимиз. Мисол учун, Махдум Муҳаммад Ҳошим ат-Таттавий ас-Синдийнинг «Мухтасарут-Туҳфатул‑Марғуба фии афзалиятид-дуои баъдал‑мактуба» («Фарз намозидан кейинги дуонинг афзаллиги ҳақида марғуб туҳфа мухтасари») китобини келтиришимиз мумкин.

Бу китобда муаллиф фарз намозидан кейин қўлни кўтариб дуо қилиш, жамоат бўлиб дуо қилиш ва «Омийн, омийн», деб туриш ҳақидаги кўплаб далилларни келтирганлар.

Жамоат ила дуо қилишнинг дурустлиги борасида Қувайтнинг Вақф ва Исломий ишлар вазирлиги ҳузуридаги ҳайъат ҳам фатво берган. Аслида, истисқо (ёмғир сўраш) ва қунутда дуо қилганда жамоа бўлиб дуо ўқиш шаръан мутлақо жоиз амал эканидан жамоат бўлиб дуо қилиш шариатда бор экани маълум бўлади. Шуни таъкидлаб ўтмоқ керакки, бизнинг мазҳабда одатда қунутда махсус дуо ўқилади, бошқа мазҳабларда хоҳлаганча дуо ўқилади.

Имом Абу Довуд, Имом Термизий ҳасан иснод билан ва Ибн Можа ҳам Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

“Учта иш бор, уларни қилиш ҳеч кимга ҳалол бўлмайди: Бир киши қавмга имомлик қилиб, уларни қўйиб хос ўзига дуо қилмасин. Агар буни қилса, уларга хиёнат қилган бўлади. Изн бермасдан олдин бировнинг уйи ичига қарамасин. Агар буни қилса, уларга хиёнат қилган бўлади. Ҳожати танг қилиб турганда енгил бўлмагунча намоз ўқимасин”.

Аллома Ибн Асир ушбу ҳадис шарҳида “Бу бир киши дуо қилиб турганида бошқалар “омийн” деб туришига ишорадир”, деганлар.

Жамоат бўлиб дуо қилишга ал-Ҳоким ва Табароний саҳиҳ иснод билан Ҳабиб ибн Маслама розияллоҳу анҳудан қилган ривоятлари ҳам далилдир. У киши дуоси қабул бўладиган зотлардан эди. Бир гуруҳ аскарга амир бўлиб борди. Душманга йўлиққанларида, у киши: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Бир қавм жамланса, баъзиси дуо қилса ва қолганлари омийн деса, албатта, Аллоҳ уларни ижобат қилади”, деганларини эшитган эдим”, деди. Кейин Аллоҳга ҳамду сано айтиб туриб: “Аллоҳим! Қонларимизни сақлагин. Ажрларимизни шаҳидларнинг ажрларидек қилгин!”, дея дуо қилиб турган эдики, душманнинг амири таслим бўлиб, Ҳабибнинг чодирига кириб келди (Ҳоким, 5/5478; Табароний, 4/3536.).

Имом ал-Буҳутий “Кашф ул-қинў” асарида ушбу маълумотларни ёзиб қолдирган: “Имом бомдод ва асрдан кейин ўша пайтда фаришталар ҳозир бўлиши эътиборидан дуо қилади. Қавм “омийн” деб туради. Шунда ижобатга яқин бўлади. Шунингдек, мазкур иккидан бошқа вақт намозларда ҳам дуо қилади. Чунки, фарз намоздан кейинги пайт дуо қабул бўладиган вақтлардандир”.

Ҳанафий мазҳабининг мутааххир уламолари намоздан кейин имом билан жамоавий дуо қилишни жоиз балки, мустаҳаб санаганлар. Гарчи, луғавий жиҳатдан у бидъат, яъни аввал бўлмаган янги иш бўлса-да, у бидъати ҳасана ёки бидъати мустаҳабба туркумига киради.

Шундан хулоса қилиб айтиш мумкинки, юртимиз масжидларида намоздан сўнг умумий дуо қилиниши динимиз аҳкомларига асло зид эмас. Балки, унга мувофиқдир. Шу боис ҳам уламоларимиз бу ишни мустаҳаб бўлган ишлардан санаганлар. Қилса ажру савоб, қилмаса гуноҳкор бўлмайдиган иш фиқҳий истилоҳда мустаҳаб дейилади.

Бизнинг Мовароуннаҳр диёрига ҳанафий фиқҳини имом Муҳаммаднинг бир қанча катта шогирдлари олиб кирганлар. Имом Муҳаммад эса имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг энг олди шогирдларидан бўлиб, у зот ҳам мазҳаб асосчиларидан ҳисобланадилар.

Асрлар оша юртимиз уламолар, қорилар, фақиҳлар ва фозил кишилар диёри бўлгани ҳолда асли йўқ, динга зид бўлган бир иш бу қадар оммавий бўлиб кетиши ва ундан ҳеч бир олим қайтармаслиги ақлга сиғмайдиган иш. Шундан ҳам биламизки, олимларимиз фиқҳий жиҳатдан бу ишда бирор маҳзурлик кўрмаганлар.

Шунга кўра, намоздан сўнг имом билан биргаликда жамоавий дуода қатнашиш нур устига нур бўлади. Уни бидъат деб ўйлаб тарк этиш тўғри эмас.

Борди-ю, намозхон зарурати туфайли ҳеч кимга халал бермаган ҳолда эртароқ чиқиб кетса гуноҳкор бўлмайди.

Хайрулло домла Саттаров  Самарқанд вилоят бош имом-хатиби ўринбосари


Киритилган вақти: 11/10/2021 13:18;   Кўрилганлиги: 685
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/namozdan-keyin-jamoaviy-duo-qilish-masalasi
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 13:13
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг