Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

НАМОЗДА "АМИН" ОВОЗ ЧИҚАРИБ ЧИҚАРИБ АЙТИЛАДИМИ?

 
 

Ҳозирги кунда авж олган ихтилофли масалаларда ҳанафийларнинг далиллари
Ҳанафий мазҳаби уламолари “Омин”ни жаҳрий айтиш, рукуъга кетиш ва қайтиш вақтида қўлни кўтариш каби масалалар бўйича мухолиф томонларнинг далилларини муҳокама қилиб, уларга раддия берибгина қолмай, ўз ҳукмларини тасдиқлаш учун ҳужжат-далиллар ҳам келтирганлар. Қуйида эътиборингизга улар келтирган далиллардан қисман ҳавола қиламиз:

Биринчи далил:


عن جابر بن سمرة رضى الله عنه قال: خرج علينا رسول الله ﷺ فقال:» ما لي أراكم رافعي أيديكم، كأنها أذناب خيل شُمسٍ، اسكنوا في الصلاة». رواه مسلم

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузуримга чиқиб: “Нима учун мен сизларни қўлларингизни худди асов отнинг думига ўхшатиб кўтараётганингизни кўраяпман?! Намозда сокинлик билан туринглар!” дедилар”. Имом Муслим ривоят қилган.
Маълумки, намоз янги фарз бўлган пайтда ҳозирги каби тўлиқ бўлмаган. Баъзи ҳолатларда ҳар хил майда овоз чиқариш ёки ҳаракатлар ҳам бўлиб турган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ишларни қилган одамларга аста-секин тарбия бериб, хатоларини тузатиб борганлар. Бу маънода ҳадис китобларимизда бир қанча ривоятлар келган. Ушбу биз таҳлил қилаётган масала – рукуъга кетишда ва ундан қайтишда қўлни кўтариш масаласи ҳам аввалдан бор бўлиб, кейин мансух қилинганлигини мана шу ҳадисдан билиб олсак бўлади. Бу ҳукмнинг мансух бўлгани ва амалдан қолганидан бехабар баъзи саҳобийларнинг рукуъга борганда ва ундан қайтганда худди аввалгидек, қўлларини кўтариб намоз ўқиётганларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужраларидан кўриб турганлар. Кейин ташқарига чиқиб, уларга мазкур ҳадисни келтирилган гапларни айтганлар.
Иккинчи далил:

عن علقمة قال: قال عبد الله بن مسعود : ألا أصلي بكم صلاة رسول الله ﷺ فصلى، فلم يرفع يديه إلا في أول مرة. رواه الترمذي

Алқамадан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Мен сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини ўқиб берайми?”деди-да, намоз ўқиб биринчи қўл кўтаришдан бошқа қўл кўтармади”. Имом Термизий ривоят қилган.
Ўз-ўзидан маълумки, кишиларни огоҳлантириб қўйиб қилинган бунга ўхшаш ишлар ўта аниқлик билан адо этилган. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ким эканликлари ҳам барчамизга маълум. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан у зотнинг набийлик даврларида ҳар доим бирга юрган улкан илм соҳиби ва кўплаб ҳадисларни ривоят қилган саҳобийдир.


عن أبي وائل ققال:كان عَليٌّ و ابن مسعود لا يجهران ببسم الله الرحمن الرحيم، ولا باالتعوّذ، ولا بآمين.
رواه الطبراني

Абу Воил розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Алий ва Ибн Масъуд “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”ни ҳам, “аъузу”ни ҳам, “омин”ни ҳам овоз чиқариб айтмас эдилар”.Табароний ривоят қилган.

Кўриб турибмизки, барча фиқҳий масалаларда, жумладан, “омин” масаласи, рукуъга борганда ва ундан қайтганда қўл кўтариш каби баҳсларда муҳолифларнинг “Ҳанафий мазҳабдагилар ҳадисга амал қилмайдилар”, деган иддаолари мутлақо ёлғон ва ботил даъводир. Аксинча, ҳанафийларнинг ҳадислари бошқалардан кўра чуқурроқ ва аниқроқ таҳлил қилиб, энг тўғрисига амал қилишларини ўзимиз илмий равишда ўрганганмиз. Шу билан бирга, ҳанафийлар бошқа мазҳаб эргашувчиларига ўхшаб, ўзга мазҳабдагиларнинг фикрларини ҳам ҳурмат қилиб келганлар.
Хозирги давримизда ҳам шофеъийлар ва ҳанбалийлар қўл кўтариб, ҳанафийлар ва моликийлар эса қўл кўтармай, тинчгина намозларини ўқиб келишар эди. Ичимиздан бир неча оятни чала ёдлаб олган ва уч-тўрт ҳадиснинг таржимасини ўрганиб олганларимиз чиқиб, мазҳаббоши мужтаҳидларимизга тош ота бошлашди. Мусулмонлар оммаси ўз ибодатларини адо қилишда Қуръон ва Суннатга амал қилмасликда айбланди. Динга эндигина қайтаётган халқ оммаси ўртасига уламолар ичида қолиши лозим бўлган масалалар олиб чиқилиб, турли ихтилофларга йўл очилди. Оқибатда мусулмонлар бошига кўпгина кулфатлар етди.
Ҳозирда ихтилофларга сабаб бўлаётган баъзи бир масалаларни кўриб чиқдик. Аслида бундай масалалар анчагина кўпайиб, янгилари ҳам пайдо бўлиб бормоқда. Бу ҳолат яна ҳам авж олиб бориши эҳтимолдан ҳоли эмас, чунки “Мазҳаб ихтилофга сабаб бўлади, шунинг учун уни қўйиб, Қуръон ва Суннатга амал қиламиз” деган даво билан чиқаётган аслида ҳанафий мазҳабини рад этиб, бошқа мазҳабга эргашмоқдалар. Улар баъзи масалалар хусусида “Фақат ўша мазҳабда айтилгани ҳақ, ундан бошқаси ботил”, деб ўйламоқдалар. Шунинг учун ҳам мусулмонлар оммасини бидъатга берилганликда, Қуръон ва Суннатга амал қилмасликда ва бошқа нарсаларда айбламоқдалар.
Аслида юқоридаги масалаларда ҳанафийларнинг далиллари талайгина, биз эса бу ўринда гап чўзилиб кетишини олдини олиш мақсадида улардан баъзилари билан чекланишни маъқул деб билдек.
Аллоҳ барчамизни динимиз борасидаги илмларни тўғрисига йуналтирсин ва ихтилофлардан узоқ қилсин!

Амиров Тўлқин тайёрлади.


Киритилган вақти: 14/12/2021 10:06;   Кўрилганлиги: 544
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/namozda-amin-ovoz-chiqarib-chiqarib-aytiladimi
Чоп этилган вақт: 03/05/2024 18:14
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг