Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

МУСЛИМА, ОҚИЛА, БОЛИҒА АЁЛНИНГ МОТАМ (АЗА) ТУТИШИНИГ ҲУКМИ

 
 

Мусулмон аёлнинг аҳамият бериши лозим бўлган муҳим масалалардан бири – бу яқинларидан бирининг ўлимидан кейин қай шаклда ва қанча вақт мобайнида мотам тутишидир.

Маълумки, мотам – вафот этган одамнинг орқасидан яқинларининг мусибатини, қайғуришини ифодалаш шаклидир. Ислом дининиг таълимоти, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўрсатмаларига кўра, ҳар бир мотам муддати фақат уч кундир. Муслима аёллар эса эри вафот этса, унга тўрт ой, ўн кун муддат давомида аза тутадилар. Муслма, оқила, болиға аёл аза тутиши вожибдир. Кофира, мажнуна (ақли зайиф), балоғатга етмаган аёлга аза тутиш вожиб эмас. Аммо, уйдан чиқиш ёки бошқага никоҳланиш уларга ҳам мумкин эмас. Ислом динида “идда” деб аталувчи ибора бор. “Идда” сўзи “санаш”, “ҳисоблаш” деган маъноларни билдиради. Шариатда аёл киши эри билан ажрашганидан кейин ёки эрининг вафотидан кейин сақлаши лозим бўлган муддат “идда” деб айтилади. Бу ҳукмнинг шариатга киритилиши бир неча ҳикматларга эга, энг муҳимлари;

  1. Эридан ажрашган аёл ҳомиладор ёки ҳомиладор эмаслиги аниқланади. Шу билан насл-насаб аралашиб кетишининг олди олинади.
  2. Никоҳнинг ҳаққини адо қилади (яъни, никоҳ узилганидан хафалигини изҳор қилади) эр билан бирга ўтказилган оилавий ҳаётнинг ҳурмати учун ҳам дарров бошқа эрга тегиб кетилмайди.

Аёлнинг идда пайтида нималар қилиши мумкин эмаслиги ҳақида Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай буюрадилар:

“Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган аёл учун эридан бошқаси учун уч кундан ориқ аза тутиши ҳалол эмасдир. Муслима аёл фақат эри учун тўрт ою, ўн кун мотам тутади. Мотам даврида аёл сурма қўймайди, хушбўй нарса суртмайди, ранг-баранг либослар киймайди”, дея марҳамат қиладилар.

Юқоридаги ҳадисдан кўриниб турибдики, Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган мўмина аёлларга Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам насиҳат қилмоқдалар. Чунки, чиндан ҳам Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирган муслима аёл Роббисининг амрига итоат қилади, У буюрган амалларни чиройли сабр билан адо этади. Аллоҳга ҳуш ёқмайдиган ишларни қилмайди, ножоиз сўзларни айтмайди. Идда тугагач, аёлнинг никоҳи ҳам тутган азаси ҳам тугайди. Янгидан турмуш қурмоқчи бўлган аёл шундан сўнг, никоҳланиши мумкин бўлади 

Демак, муслима аёл ҳаётида ҳоҳ хурсандчилик, ҳоҳ қайғули кун бўлишидан қатъи назар чиройли сабр қила олиши керак. Аллоҳга ҳуш келмайдиган ишларни бажаришдан ўзини йироқ тутиши лозим.

 Н.Темирова – вилоят бош имом хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси


Киритилган вақти: 04/05/2023 13:39;   Кўрилганлиги: 863
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/muslima-oqila-boliga-ayolning-motam-aza-tutishinig-hukmi
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 06:20
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг