Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Мумтоз тасаввуф ва замонавий тариқатчилик (4-давоми)

 
 

Биздаги ҳозирги кўпчилик тариқатчилик вакилларида кузатилаётган ноўрин ҳолатларни қуйидагича умумлаштириш мумкин:

  • таркидуёничилик;
  • пирларни ҳаддан зиёд улуғлаш;
  • ибодат маросимларида ихтилофли масалаларга берилиб кетиш;
  • эътиборни жалб қиладиган кийимда юриш;
  • ёш, меҳнатга лаёқатли йигитларнинг пирлар этагидан тутиб ижтимоий сустлашиб кетиши, оилаларини тарк этиб, эртаю кеч пир хизматида- аслида эса ходойи ва эҳсонларга қатнаб бекор юришлари ва ҳ.к.

Тасаввуф деганда, оила, тирикчилик, масъулиятни унутиб, таркидунё қилиш тушунилмайди. Пайғамбаримиз (алайҳис-салом): “Сизларнинг яхшиларингиз дунё ишини деб охиратни, охиратни деб дунёни тарк қилмайдиган ва одамларга малоллигини туширмайдиганларингиздир” деган ҳадисларидан ҳам шуни англаш мумкинки, мусулмон одам бошқаларга нафи тегадиган бўлиши керак.

Баъзи кишилар тариқатга кирганларини пеш қилиб, ташқи қиёфа ва маросимларга катта аҳамият берадилар, аммо оилалари, фарзандлари олдидаги мажбуриятларини унутиб қўядилар. Улар оиласини ўзларича “Аллоҳга таваккал қилиб” мажбурий таъминотини тарк этиб, пир хизматини оила олдидаги вожиб масъулиятдан устун қўймоқдалар. Шу йўл билан, тасаввуфнинг асл моҳиятини англамаган ва ҳақиқатидан бехабар жоҳиллик отига минганлар тариқат аҳлига ҳам, тасаввуф номига ҳам доғ туширмоқдалар. Тариқатчилар фаолияти туфайли ижтимоий низоларга сабаб бўлаётган ҳолатлар ҳақида фикр юритар эканмиз, қуйидаги ҳолатларни ҳам назардан четда қолдирмаслик керак бўлади. Баъзи тариқатчилар орасида;

  • тариқатда бўлмаганларга паст назар билан қараш кузатилади;
  • илм олишга бўлган рағбатнинг сусайиши-гўёки “кўпгина авлиёлар ўқимасалар ҳам катта мақомларга етишганлар” қабилида иш тутиш;
  • оилали тариқатчилар оилаларининг таъминоти “Аллоҳга таваккал” қилиб, пирдан вазифа олганлик баҳонасида оила моддий таъминотидан бош тортиш ҳолатлари;
  • замонавий тараққиётга салбий муносабатда бўлиш, замонавий кийим кийиб юрганларга нисбатан яхши фикрда бўлмаслик кабиларни кўриш мумкин. (Давоми бор)

     “Ислом маърифати ва ҳозирги замон” китоб асосида З.Эшонқулов тайёрлади


Киритилган вақти: 10/06/2020 11:18;   Кўрилганлиги: 1048
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/mumtoz-tasavvuf-va-zamonaviy-tariqatchilik-4-davomi
Чоп этилган вақт: 08/02/2025 02:52
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг