Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Мумтоз тасаввуф ва замонавий тариқатчилик (3-давоми)

 
 

Шу билан бирга сохта тариқатчиларнинг ажралиб турувчи жиҳатлари ҳақида сўз борганда, уларни бирма-бир санаб чиқиш ҳам мумкин. Фарғона водийси, айниқса, Қўқон ва унинг ён-атрофларида фаолият юритувчи тариқатчилар орасида бир қатор ноанъанавий амаллар кузатилади:

  • таҳажжуд намозини ўқиш фарз (ёки вожиб), деб билиш;
  • шукри вузу (таҳорат олгандан сўнг шукр намози) намозини қайси вақтда бўлса ҳам ўқиб олиш зарур, дейиш;
  • пирга қўл берганнинг олдинги гуноҳлари кечирилади, қазо бўлган (ўқилмаган) намозлари зиммасидан соқит бўлади, деб билиш;
  • тариқатчилардан бошқа кишиларнинг тўй маракаларига бормаслик;
  • расмий имомларнинг маърузаларини менсимаслик.

Бундан ташқари айрим муридлар томонидан ҳам мутаассибона хатти-ҳаракатлар намоён бўлаётгани маълум:

  • пирнинг таҳоратидан ортган сувни табаррук деб билиб ичиш;
  • пирнинг уйи томонга оёқ узатиш қиблага оёқ узатишдек гуноҳ бўлади, деб билиш;
  • доимий катта салла, узун оқ кўйлак ва махси-ковушда гуруҳ-гуруҳ бўлиб юриш.

Юртимизда фаолият юритаётган тариқатчилардан айримлари масжидларда соқолсиз ва сунъий (тилла ва сариқ) тишлар қўйган имом-хатиб ва ноиб имомлар фаолият кўрсатаётганлиги, бу ҳолат эса ислом динига зидлиги, аксинча улар ўрнига барча масжидларда соқол қўйган диндорлардан имом сайлаш лозимлигини тарғиб қилиб, ўзлари ҳам соқолсиз, сунъий тиш қўйган имом хатиблар фаолият олиб бораётган масжидларга бормайдилар.

Жиззах ва Самарқанд вилоятларидаги айрим тариқатчилар орасида қуйидаги ноўрин ҳолатлар кўзга ташланади:

  • жамоат жойларида узун беўхшов соқоллар қўйиб олиб, гуруҳ-гуруҳ бўлиб юриш;
  • барча оила аъзоларини ҳам ўз пирларига хизмат қилишга мажбур қилиш;
  • телевизор, радио каби ахборот воситаларидан фойдаланишни ман қилиш;
  • ўз вояга етмаган фарзандларини амалдаги қонун ҳужжатларини қўпол равишда бузган ҳолда, давлат мажбурий таълимидан ажратиб олиб, пирлар қўлида диний таълим олишга бериш;
  • яшаш жойларида оддий халқ билан умуман мулоқот қилмаслик;
  • тилла тиш қўйган ёки соқолини қирдирган имомга иқтидо қилиш ножоиз дейиш каби ҳолатларни кўриш мумкин. (Давоми бор) 

 “Ислом маърифати ва ҳозирги замон” китоб асосида З.Эшонқулов тайёрлади


Киритилган вақти: 09/06/2020 09:52;   Кўрилганлиги: 1207
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/mumtoz-tasavvuf-va-zamonaviy-tariqatchilik-3-davomi
Чоп этилган вақт: 22/05/2025 07:52
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг