Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар Исломий фиқҳ академияси Кенгашига қабул қилинди

 
 

20 апрель куни Саудия Арабистони пойтахтида Ислом олами уюшмаси таркибидаги Исломий фиқҳ академиясининг 23-давра йиғилишида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ушбу кенгаш аъзолигига қабул қилингани айтилди.

Исломий фиқҳ академияси Ислом олами уюшмаси (Робитат ал-олам ал-исломий)га қарашли Ислом дунёсининг таниқли фақиҳ ва етук уламоларидан ташкил топган мустақил, юридик мақомга эга бўлган нуфузли илмий ташкилотдир.

1977 йил 10 декабрда ташкил этилган академиянинг қароргоҳи Саудия Арабистони Макка шаҳрида жойлашган.

Исломий фиқҳнинг эътироф этилган манбаларидан бутун дунё мусулмонлари дуч келаётган замонавий муаммолар, таҳдидлар ва юзага келаётган долзарб муаммоларга оид ҳукмларни ишлаб чиқиш, ислом фиқҳининг кенг қамровлилигини ва унинг мусулмонлар олдида турган масалаларни ҳал қилишдаги аҳамиятини кўрсатиш, ислом фиқҳий меросини тарғиб қилиш ва қайта талқин қилиш, атамаларига аниқлик киритиш ҳамда уни давр тили, тушунчаларига мослаштириш, исломий фиқҳ соҳасидаги илмий тадқиқот ва изланишларни рағбатлантириш, ишлаб чиқилган фиқҳий тадқиқотлар, ечимларни оммалаштириш академиянинг асосий мақсадларидан ҳисобланади. 

Саудия Арабистони Подшоҳлиги бош муфтийси Шайх Абдулазиз бин Абдуллоҳ Ол Шайх академия президентидир. 

Йиғилишда қатнашган дунёнинг етакчи уламолари Ўзбекистон бош муфтийсини табриклаб, кейинги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳоладилар.

Таъкидлаш лозимки, кейинги йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мусулмон дунёси билан алоқалари ривожланиб, турли йўналишларда муносабатлар йўлга қўйилди. Халқаро ташкилотлар билан амалий ҳамкорлик ўрнатилди, турли давлатлар диний идоралари билан меморандумлар имзоланди, хориждаги илмий конференциялар, Қуръон мусобақалари ва кўргазмаларда вакилларимиз фаол иштирок этмоқда.

Муфтий ҳазратларининг Халқаро мусулмон уламолари кенгаши ва Мусулмон донишмандлар кенгаши аъзоси сифатида нуфузли тадбирлардаги ташаббуслари мусулмон дунёси томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Шунингдек, долзарб мавзудаги чиқишлари Миср Араб Республикаси, Қатар, Россия ва МДҲдаги бир қатор давлатлардаги сайт ва ижтимоий тармоқлар, газета ва журналларда араб, инглиз ва рус тилларида нашр этилди.

Ўзбекистон вакилининг мазкур кенгашга қабул қилингани юртимизда диний-маърифий соҳадаги кенг кўламли ислоҳотларнинг юксак эътирофи бўлди.

Зайниддин Эшонқулов, вилоят бош имом-хатиби


Киритилган вақти: 24/04/2024 10:09;   Кўрилганлиги: 81
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/muftiy-shayx-nuriddin-xoliqnazar-islomiy-fiqh-akademiyasi-kengashiga-qabul-qilindi
Чоп этилган вақт: 05/05/2024 06:35
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг