Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Муфтий ҳазратнинг маърузалари дунё уламолари томонидан эътироф этилди

 
 

Ўзбекистон буюк алломаларга бешик бўлган юрт. Шу боис, юртимиздан етишиб чиққан алломаларнинг илмий-маънавий мероси бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Бугунга келиб, аждодларимизга муносиб меросхўр сифатида юртимиз уламоларининг юксак минбарларда туриб, бутун дунё мусулмонлари бирдамлиги ва тинчлиги йўлида ўзларининг салоҳиятли тавсияларини бриши ҳам бежизга эмас.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари бошчиликларидаги делегация халқаро конференция муносабати билан 6-10 июнь кунлари Миср Араб Республикасида бўлдилар.

7 июньдан бошланиб, уч кун давом этган “Диний экстремизм. Қарама-қаршиликнинг интеллектуал асослари ва стратегиялари” мавзуси остида бўлиб ўтган нуфузли тадбирда мусулмон мамлакатларида долзарб бўлиб турган масалаларни таниқли уламолар, 20 дан зиёд давлатлар муфтийлари, дин ва давлат арбоблари муҳокама қилдилар.

7 июнь куни Қоҳира шаҳрида бошланган Ислом оламида жуда катта аҳамиятга эга бўлган анжуманнинг очилиш маросимида Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ҳозирги кундаги энг муҳим масалаларни илгари суриб маъруза қилдилар. Хусусан, бугунги даврда ғоявий таҳдидларнинг олдини олиш учун бир қатор долзарб таклифларни олға сурдилар. Хусусан, Аҳли сунна вал жамоа ақидасини мусулмонлар орасида халқчил тарзда кенг тарқатиш ҳамда диний илмларни ўргатишда мўътадиллик ва ўрталик, “васатия”га алоҳида аҳамият бериш лозимлиги, шу билан бир қаторда экстремизмга қарши курашишда халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириб, айниқса, исломий марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда уларни ягона мақсад сари йўналтириш зарурлиги тўғрисида таклифларни тақдим этдилар.

Мазкур араб тилида қилинган нутқ ва барча учун долзарб аҳамиятга эга бўлган амалий таклифлар анжуман иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди. Айниқса, йирик уламолар кенгаши аъзоси профессор, Али Жума, Босния ва Герцоговиния собиқ муфтийси Шайх Мустафо Иброҳим кабилар алоҳида эътироф этдилар.

Анжуманнинг иккинчи куни асосий қисмида ҳам Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари нутқ қилиб, Ислом маърифатини тўғри етказиш ва бузғунчи ғояларга қарши туриш борасидаги Ўзбекистон тажрибасини баён этдилар.

Маърузада “Жаҳолатга қарши маърифат” тамойили асосида экстремистик ғоялар таъсиридан халқимизни ҳимоя қилишда соф Ислом ақидасини кенг ёйиш, чиройли панду насиҳат қилиш ва аҳоли илм-маърифатини бойитишга катта урғу қаратилаётгани алоҳида қайд этилди.

Мамлакатимизда Қуръони каримни ўрганишга бўлган эҳтиёжни таъминланиш учун тажвид курслари ташкил этилгани, кечиримлилик сиёсати туфайли мамлакатда экстремистик гуруҳларга алоқадор деб ҳисобланган фуқаролар, ўз қилмишидан пушаймонлиги ва тўғри йўлга кирганлигини ҳисобга олиниб, махсус ҳисобдан чиқарилгани ҳамда тузалиш йўлига ўтган минглаб шахслар жазодан озод этилгани ҳақида маълумот бердилар. Нутқда, ёшларни адашишликка олиб борувчи омилларга қарши қаратилган ишларга катта эътибор берилаётгани, хусусан, уламолар, имом-хатиблар ва диний соҳа ходимлари доимий равишда аҳолига имон-эътиқод, дину диёнат ва илму маърифат ҳақида маърифий суҳбатлар ўтказилаётгани тўғрисида Муфтий ҳазратлари алоҳида тўхталдилар.

Шу билан бир қаторда халқимиз эътиқоди софлигини муҳофаза қилиш ишлари нафақат мамлакат ичкарисида, балки ташқарисида ҳам фаол амалга оширилаётганига барчанинг эътиборини қаратдилар. Айниқса, Яқин Шарқ ва Афғонистон ҳудудларидан Ўзбекистон фуқароларини олиб чиқишга қаратилган «Меҳр» операциялари, олиб келинганларнинг жамиятга мослашуви учун қилинаётган ишлар кўпчиликнинг эътирофига сазавор бўлди.

Янги Ўзбекистонда мазкур йўналишдаги тажрибалар, амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар Миср Араб Республикаси муфтийси, профессор Шавқий Иброҳим Аллом, давлат ва дин арбоблари томонидан юқори баҳоланди.

9 июнь куни Қоҳирада ўтказилтган халқаро анжуман доирасида Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Миср Араб Республикаси муфтийси Шавқий Иброҳим Аллом билан учрашув ўтказдилар. Унда Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Мансур Қиличев, Миср Араб Республикаси муфтийлиги вакиллари ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Самимий мулоқот чоғида Шавқий Аллом ҳазратлари Муфтий Нуриддин домла ҳазратларига нуфузли анжумандаги фаол иштироклари учун миннатдорчилик билдириб, у киши томонидан халқаро анжуманда билдирилган муҳим таклифлар таҳсинга лойиқ экани ва уларни амалиётга жорий этишда қўллаб-қувватлашини изҳор қилди.

9 июнь куни муфтий Нуриддин домла ҳазратлари бир гуруҳ ватандошлар ва талабалар билан учрашдилар.Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси томонидан ташкил этилган ушбу мулоқотда Муфтий ҳазратлари ватандошлар ва талабалар билан самимий суҳбат қилиб, юртимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб бердилар.

Мамлакатимизда амалга оширилаётгандини-маърифий ишлардан мақсад дунё тамаддуни бешикларидан бири бўлган Ўзбекистоннинг тарихий юксак мақомини қайта тиклаш, Ватанимизни илм-фан марказларидан бирига айлантириш, шу орқали диёримизда навбатдаги ренессансни — уйғониш даврини юзага келтириш, халқимизни янада маърифатли, бахтли-саодатли кўришдир.Ушбу эзгу амалларини рўёбга чиқаришда уламоларимиз сайъ ҳаракатларини жидду жаҳд билан амалга оширмоқдалар. Бу йўлда Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари бошчилигидаги уламоларимизга Аллоҳ таоло куч-қувват ато қилсин! 

ЗАЙНИДДИН ЭШОНҚУЛОВ – Ўзбекистон мусулмонлар идораси Самарқанд вилоят вакили


Киритилган вақти: 16/06/2022 11:00;   Кўрилганлиги: 394
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/muftiy-hazratning-maruzalari-dunyo-ulamolari-tomonidan-etirof-etildi
Чоп этилган вақт: 23/04/2024 13:20
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг