Муаллим! Мударрис! Мураббий! Бу сўзлар нақадар сермазмундир.
Бу сўзларни эшитганда қалблар, кўнгиллар ёришиб кетади. Зеро, эсимизни таниган илк онларимиздан бошлаб айнан ана шундай зотлар бизнинг қўлимиздан тутиб келмоқда. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари: “Албатта, мен муаллим қилиб юборилганман”, – деганлар (Имом Ибн Можа ривояти). Мана шунинг ўзи ҳам муаллимлик, устозлик қай даражада юксак мартаба эканлигини кўрсатади. Дарҳақиқат, ўзгаларга илму маърифат зиёсини тарқатиш нақадар савоб иш. Бу вазифага мутасадди бўлган кишининг даражаси ҳам мислсиз. Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устознинг ҳаққига дуо қилиб туради. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар: “Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, инидаги чумоли, ҳаттоки, денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчига саловот айтадилар” (Имом Термизий ривояти).
Мамлакатимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш, ижтимоий имтиёзлар яратиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жамиятнинг маънавий-маърифий даражаси устоз ва мураббийларга бўлган муносабатга қараб баҳоланади. Жамиятимизнинг кўп қисмини ташкил қилувчи ёшларимизга таълим-тарбия бериб келаётган устоз ва мураббийларимизни ҳар вақт ҳурматлашимиз ва эъзозлашимиз лозим. Зеро, келажак авлодни баркамол ва етук маърифатли бўлиб етишишида уларнинг хизматлари каттадир. Ўзбекистон бугунги дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда тенглар ичра тенг овоз билан халқаро майдонда ўз мавқеъига эга бўлишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир. Шу муносабат билан юртимизда ҳар йили 1 октябрь куни “Устозлар ва мураббийлар куни” деб белгиланиб, шу кунда халқимиз байрам қилиб, устозларга кўпроқ хурмат-иззат кўрсатадилар, дилларига хурсандчилик бахш этишга ҳаракат қиладилар.
Устозларни қадрлаш ҳақида сўз кетганда, беихтиёр ҳазрати Мир Алишер Навоий бобомизнинг ушбу сўзлари ёдимизга тушади:
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила.
Ҳақиқатан ҳам “устоз отангдек улуғ” деб, аждодларимиз бежиз айтишмаган. Чунки, ота фарзандни дунёга келтирган бўлса, устоз унга одамийликдан сабоқ берган. Бир машҳур зотдан, нима учун устозингизни отангиздан ҳам ортиқ кўрасиз, деб сўрашганда: “Отам мени ерга тушишимга сабаб бўлган, устозим эса руҳимни тарбиялаб, кўкка етишимга сабаб бўлди”, – деган экан. Динимиз таълимотига кўра, ўзгаларга таълим берган киши нафақат дунёда иззат-ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи амалига савоб тўхтовсиз бориб туради иншаа Аллоҳ. Шундай экан, устоз ва мураббийлар ҳар қанча эъзозланса арзийди.
Жамиятимиз олдида катта масъулият соҳиблари бўлган барча устоз ва мураббийларимизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик ва икки дунё саодатига мушарраф этишини сўраб, дуолар қилиб қоламиз!
Нурсултонхон домла Абдуманнонов - Самарқанд шаҳар "Дамариқ" жоме масжиди имом-хатиби
Киритилган вақти: 30/09/2021 16:38; Кўрилганлиги: 908
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 03:41