Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

МОВАРОУННАҲРДА ҲАДИС ИЛМИ

 
 

Аллоҳ таоло Мовароуннаҳр диёрини Ислом нури билан мунаввар қилганда, оз сонли саҳобаи киромларга бу диёрнинг баъзи шаҳарларида истиқомат қилиш насиб этди. Албатта, саҳобалар розияллоҳу анҳум бор жойларда ҳадис мажлислари уюштрилар эди. Одамлар теварак атрофдан улар бор жойга кела бошлашди. Натижада яхшигина ҳадис мактаби ташкил топди. Бу мактаб кейинчалик Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ал-Марвазий ва Абдуллоҳ ибн Муборак ал-Марвазий каби етук алломалар, буюк муҳаддисларни тарбиялаб, етиштирди.

Мовароуннаҳрдан чиққан дастлабки муҳаддислар Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ал-Марвазий, Абдуллоҳ ибн Муборак ал-Марвазийлар билан бир қаторда имом Бухорий, имом Термизий, имом Насоий, имом Доримий Самарқандий, имом Муҳаммад ибн Ҳиббон Бустий Самарқандийларни ва бошқа муҳаддисларимизни ҳам бутун Ислом олами ҳадис илмини пешволари деб тан олган.
Умуман, ҳеч бир мусулмон юрти ҳадис илми бўйича бизнинг юртимиз олдига туша олмайди.

Дунё бўйича энг мўътабар ҳадис китоблари олтита бўлиб, шундан бештасига ҳамма якдил иттифоқ қилган. Булар имом Бухорий, имом Муслим, имом Абу Довуд, имом Термизий ва имом Насоийларнинг китоблари бўлиб, шулардан учтаси-имом Бухорий, имом Термизий ва имом Насоийлар юртимиз фарзандларидир.

Мантиқан ўйлаб кўрсак, ўша даврларда шароит ва имкониятлар, техника ва транспорт воситалари, иситгич ва совутгичлар, тезкор алоқалари бўлмаган. Лекин шунга қарамасдан илм учун ойлаб юрадиган масофаларни обу-ҳавонинг турли-хил ҳолатларидан қатъий назар хавфу-хатар тўла бўлган йўлларни босиб ўтган аждодларимиз тинмай ҳаракатда бўлиб, дунёда барча соҳаларда пешқадамликни қўлдан бой бермаганлар.

Ҳозирги кунимизда Аллоҳ томонидан берилаётган имкониятларни тинчлик неъматидан баҳраманд бўлган ҳолда оқилона фойдалансак ва ҳар бир соҳа вакили зиммасидаги масъулиятни садоқат билан бажарса, ўз устига ишласа бу диёр янада гуллаб яшнайди, дунёда яна устозлик мақомига етиша олади.

Меликов Абдуллоҳ ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги ходими таёрлади


Киритилган вақти: 22/06/2022 09:33;   Кўрилганлиги: 360
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/movarounnahrda-hadis-ilmi
Чоп этилган вақт: 23/04/2024 11:41
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг