Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Мўминнинг ҳаётида мазҳабнинг ўрни

 
 

Бугунги кунда Ислом динининг асл моҳиятига кўра ҳаёт кечираётган мусулмонлар  орасида ихтилоф ва низоларга сабаб бўлаётган  “бемазҳаблик” тушунчаси билан танишиб чиқайлик.  Аввало “Мазҳаб”  сўзига аниқлик киритиб олсак. “Мазҳаб” сўзи араб тилида “йўл”, “йўналиш”, шаръий истилоҳда эса “диний масала бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўли” маъноларини билдиради.  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларида шариатга боғлиқ барча масалаларнинг ечимини У Зотнинг ўзлари баён қилар эдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин одамлар билмаган нарсаларини асосан саҳобалардан сўрар эдилар. Гоҳида учраб турадиган қийин масалаларни ечиш учун эса энг билимдон саҳобалар йиғилиб маслаҳат қилишар ва фатво беришарди.

Имом ибн Aҳмад аш-Шаъроний ўзининг “Aл-Мийзан аш-шаърония” асарида мазҳаблар ҳақида қуйидаги фикрларни зикр қилган. “Aслида саҳоба ва тобеинлар даврида мазҳабларнинг сони ўн саккизта бўлган. Уларнинг барчаси ўз вақтида амалда бўлган. Лекин вақт ўтиши билан улар орасида тўрт йирик: ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳаблари ажралиб чиқди. Мазкур тўрт мазҳабнинг сақланиб қолишининг асосий омили бу мазҳабларнинг таълимотлари бошқа мазҳаблардан кучлироқ бўлгани учун эмас, балки тўрт мазҳаб бошқа ўн тўрт мазҳаб таълимотини ҳам қамраб олганидир”. Демак, кўплаб мазҳаблар орасидан фақат тўрттасининг сақланиб қолгани асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган.

Мазҳабсизлик – ислом динида шаръий масалаларда уммат  тан олган тўрт фиқҳий мазҳабларга эргашишни рад этиш.  ХХ аср сўнгида мусулмон оламида ислом ниқоби остидаги ақидапарастлик гуруҳларидан ташқари яна бир таҳдиднинг янги қатлами намоён бўлдики, у ҳам бўлса мазҳабcизликка чақирувчилар тоифасидир. Ҳаракат тарафдорларининг даъвосича, Исломда унга эътиқод қилувчи шахс учун суннийликдаги тўрт мазҳабларнинг бирига эргашиш шарт қилинмаган.  Уларнинг фикрича, агар мусулмон шахс, бирор шаръий масалада улардан бирининг йўлини тутса, у кўр-кўрона тақлид қилгани учун хатокор мутаассиб ва динидан ажралган фирқа ва гуруҳлардаги шахслар каби адашади. Мазҳабсизларнинг энг кулгили ҳолати шуки, аҳли сунна ва жамоадаги тўрт мазҳаб соҳибларидан бирининг йўлига юриб, гапини олиш “бидъат”-у, кимлиги номаълум  “шайх”ларининг асоссиз “фатво”ларига эргашиш “ҳақиқат” эмиш. Аслида, мана шу каби асоссиз “фатво”лар мусулмонларнинг бирдамлигига раҳна солаётган бузғунчи гуруҳларнинг фойдасига хизмат қилмоқда. Ваҳолангки, Аллоҳ таоло Анбиё сурасининг 7-оятида “Агар билмасангиз зикр аҳлидан сўранг” деб марҳамат қилган. Мазкур оятнинг мазмунидан келиб чиқиб, уламолар қуйидаги фикрга ижмоъ  қилганлар: “Ушбу оят ҳукм ва унинг далилини билмаганлар билганларга эргашишларига буйруқдир”. Усул илми уламолари авом инсон мужтаҳид олимга эргашиши вожиб эканига мазкур оятни асос қилиб олганлар. Шунингдек,  тўрт мазҳаб имомлари “Зикр аҳли”дан эканликларига бутун уммат олимлари иттифоқ қилишган. Мазҳабдан юз ўгириш салафи солиҳ йўлидан юз ўгириш бўлиб, шубҳасиз адашишга олиб боради. Зеро, Ислом олами тан олган Имом Таҳовий, Имом ибн Сурайж, Имом Қудурий, Имом Сарахсий, Имом Жувайний, Имом Ғаззолий, Имом Нававий, Бурҳониддин Марғилоний ва кўплаб мужтаҳид уламолар юқоридаги тўрт мазҳабдан бирига эргашганлар.

Мазҳабсизликни ёйилиши Ислом динига, хусусан, мусулмонлар бирлигига улкан таҳдид туғдирадиган омил эканига шубҳа йўқ. Мазҳабсизлар ўзларини бирор-бир мазҳабга амал қилмасликларини даъво қиладилару, аслида намоз ва бошқа ибодатларда тўрт мазҳаб имомларидан бирига эргашадилар. Бундан бошқа иложлари ҳам йўқ. Негаки, ижтиҳод қилишга ҳар ким ҳам қодир бўлолмайди. Чунки бу ишни қилиш учун шаръий далиллардан ҳукмларни чиқариб олишга етарли даражада илмий ва ақлий қувват лозим. Бунинг далили ўлароқ, ўзларини “мазҳабсиз” деб номлаган Ҳиндистон салафийларининг етук олими Сиддиқ Ҳасанхон: “25 йиллик ҳаёт тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, омма халқ мазҳабга амал қилмаса охир оқибат диндан чиқар экан” деган. Шайх Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам “Мазҳабсизлик динсизликка кўприкдир” деганлар.

Демак, мусулмонларнинг бирлиги, ибодатларнинг мукаммаллиги, жамиятнинг тинчлиги учун дунё мусулмонлари тўрт мазҳабдан бирига эргашишлари жуда муҳимдир!

Мансур домла Азизов,

Ургут туман “Ғиштли”  жомеъ масжиди имом-ноиби


Киритилган вақти: 26/10/2023 11:16;   Кўрилганлиги: 285
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/mominning-hayotida-mazhabning-orni
Чоп этилган вақт: 21/05/2024 13:40
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг