Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Мўминлар дўст, фирқалар эса ўзаро нафратдадирлар

 
 

Инсонлар жамоаланиш бўйича икки тоифага ажрайдилар. Раҳмоннинг жамоаси ва шайтон жамоалари. Аллоҳ таолонинг жамоаси тарқоқ бўлиши асло мумкин эмас. Аллоҳ таоло айтади: “Динларини (фирқаларга) бўлиб, (турли) гуруҳларга айланганлар (учун) бирор нарсада (Сиз масъул) эмассиз. Уларнинг иши Аллоҳга (ҳавола). Сўнгра (У) уларни қилиб юрган амалларидан огоҳ қилур” (Анъом, 159).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Яҳудийлар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиниб кетди. Насоролар ҳам етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиниб кетди. Менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлиниб кетади”, деганлар  (Имом Абу Довуд ривояти).

Бошқа ривоятда: “Уларнинг ҳаммаси дўзахдадир. Биргина фирқа бундан мустасно”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Ўша бир тоифа кимлар, эй, Аллоҳнинг Расули!” дейишди. У Зот: “Жамоатдир”, дедилар. Сўнг яна қўшимча қилиб айтдиларки: “Албатта яқин орада шундай қавмлар келадики, қутириш касали беморни қандай эгалласа,  уларни ҳавои нафс худди шундай эгаллайди” – дедилар.

Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз алайҳиссалом хабар берган нарсалари воқеъликда содир бўлди. Ҳавои нафсга эргашиш кўпайди. Фирқалар, жамоалар кўпайди. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло ўз китобида айтади: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади” (Оли Имрон, 103).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Ўзларингиздан олдингилар йўлига худди камон ўқининг патлари бир хил жойлашгани каби, изма-из эргашасизлар. Ҳатто улар зобб, яъни эчкиэмарнинг инига кирган бўлсалар, сизлар ҳам албатта кирасизлар. Саҳобалар айтдилар: “Эй, Расулаллоҳ! Яҳудлар ва Насороларми?” Пайғамбар алайҳиссалом: “Унда ким?” – дедилар.

Яна Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтдилар: “Мўъмин мўъмин учун худди бир бирини мустаҳкамлаб турувчи бино кабидир”.

Аммо пайдо бўлган ҳизблар-фирқалар ўзаро бир-бирларидан танофурда, нафратдадирлар. Бир бирларини таъна-айб қўядилар. Бу фирқалар дин душманларининг  ирода-истакларини рўёбга чиқариб, умматни тафриқага солиш, хотирини паришон қилиш, алалоқибат  умматни заъифлаштириш каби ишларни амалга оширяптилар.

 Бобобек Абдураҳимов - Самарқанд шаҳар "Қорабой Оқсоқол" жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 14/02/2023 19:05;   Кўрилганлиги: 222
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/mominlar-dost-firqalar-esa-ozaro-nafratdadirlar
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 01:41
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг