Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Миссионерликнинг жамият ҳаётига таъсири.

 
 

"Миссионерлар Африкага келганда, бизнинг еримиз бор эди, уларнинг эса "Инжил"и бор эди. Улар бизнинг кўзимизни кўр қилиб қўйиб, чўқинишга кўндиришди. Ва ниҳоят, кўзимизни очганимизда, бизнинг еримиз уларнинг ихтиёрида эди, "бизнинг қўлимизда эса "Инжил"дан бошқа ҳеч нарса йўқ эди"

Тўқсонинчи йилларда Марказий Осиёдаги мустақилликка эришган давлатларда мусулмонлар ўртасида диний эркинлик бобида ғалати бир ҳолат кузатилди. Яъни, кутилмаганда маҳалла ва бозорларда, автобус ва поездларда, бекатлар ва бошқа одамлар гавжум бўладиган жойларда шахси номаълум кимсалар пайдо бўлиб, қандайдир китоблар, эслатмалар, варақаларни одамлар қўлига тутқазиб кета бошлашди. Бундай манзара, ҳатто мактаблар, олий ва ўрта махсус ўқув юртларида ҳам кузатилди.

Олий нав қоғозларда чиройли безатилиб, кирилл, араб, лотин ҳарфларида рус, ўзбек, қозоқ, қирғиз ва тожик тилларида босилган бу китоб ва варақалар мусулмонларнинг дунёқарашига таъсир қилишга қаратилган эди. Хорижда нашр этилган бу китоблар қандайдир яширин йўллар билан келтирилар эди. Китобни қўлингизга олишингиз биланоқ, унинг жуда такомиллашган замонавий босмахонада босилганига ишонч ҳосил қилардингиз.

Миссионерлар дастлаб Қозоғистонда, сўнгра Қирғизистон билан Ўзбекистонда пайдо бўлишди. Миссионер ташкилотлар ва гуруҳларнинг вакиллари Қозоғистонга дастлаб маданият, таълим, спорт ва ёшларни қизиқтирган бошқа соҳаларни тарғиб қилиш баҳонасида келганлар, рўйхатдан ўтиб, ишлай бошлаганлар. Улар хусусийлаштириш тадбирларини пойлаб туриб ўзларига яқин бўлган одамлар номига ёшлик ва спорт салонларини, маданият даргоҳларини сотиб олганлар. Ёшларга спорт ва маданиятнинг турли соҳаларини пулга ўргатаяпмиз деб, аслида маблағ талаб қилмасдан, аксинча, уларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, ўз таъсирларига торта бошлаганлар. Кейинги йилларда оммавий ахборот воситаларида миссионерларнинг Қирғизистондаги сурбетликлари ҳақида кўплаб хабарлар босилди. Жумладан, бундан бир неча йил олдинроқ улар Бишкекнинг марказий майдонларида очиқ-ойдин тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб боришган. Инглизчани ҳамда русчани яхши ўрганиб олган Сингапур, Филиппин, Эквадор ва бошқа давлатлардан келган қизлардан иборат махсус гуруҳлар пойтахт туманлари бўйлаб иш олиб боришган. Қаерда мажлис ёки йиғилиш ўтказилса, қаерда аҳоли гавжум бўлса, ўша ерда пайдо бўлиб, ўз ғояларини тарғиб қилишган, одамларни йўлдан оздиришга уринишган.

Бугунги кунда адлия идораларидан рўйхатдан ўтиб олган ва қонунчилик ҳимоясида бемалол фаолият юритаётган, ўзларини христиан ёки насроний дини вакили сифатида эътироф этиб, гўёки ибодат билан машғулдек ўзларини диндор, саховатпеша, инсонпарвар, халқ ҳимоячиси, халқ дардини ҳукумат идораларига етказувчи, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи, виждон эркинлигини таъминловчи каби сирти ялтироқ ниқоблар билан қоплаб олган бир тоифа манфур кимсалар ватанимизнинг турли жойларида, жумладан, бизнинг туманимизнинг баъзи жойларида фаолият олиб бораётганлиги барчамизга маълум.

Бу инсонлар аслида кимлар? Уларнинг мақсадлари нималардан иборат? Ҳар ким бўлиши мумкин, улар дин одами эмас. Христианлик ёки насронийлик нуқтаи назаридан қараганда ҳам улар диндорлар эмас. Улар миссионерликка махсус ўқитилган, ёлланган турли миллат ва турли касб эгаларидир. Илмга, янгиликка ташна бўлган ўзбек фарзандларини компьютер, инглиз тилини ўргатиш ниқоби остида ўз бузуқ мақсадлари йўлида фойдаланишни режалаштирган кимсалардир. Уларнинг мақсадлари бир - адашиб қолган динсиз кишини динга киритиш эмас, балки ўз динини яхши билмаган мусулмон фарзандини диндан чиқаришдан иборатдир. Бунга далил шундаки, улар ҳечам инсонларнинг одоб-ахлоқини, ҳаёсини тузатиш каби яхши ишлар билан шуғулланишмайди, балки хулқни бузадиган, беҳаёлик, зинокорликни тарғиб этадиган ўйинлар, дискотекалар ташкил этиш, ресторанлар очиб, тунги кўнгилхушликлар уюштириш билан шуғулланишади.

Бу ишлар бугунча демократиянинг оддий бир кўринишига ўхшасада, аслида бунинг замирида эртанги кунга мўлжалланган муҳим сиёсий найранглар яширинган. Бу найранглар нималардан иборат:

Биринчидан, урф-одати, мафкураси, маънавияти бир бўлган миллатимизни ҳар хил сиёсий, иқтисодий, ғоявий босимлар билан чалғитиш, шу билан тинч-осойишта яшашни издан чиқариш;

Иккинчидан, мамлакатимизни маънавий ва маданий истило қилиш, бу ишда ўзларининг тузоғига илинган "динфуруш"лардан фойдаланиш;

Учинчидан, юртимизни доимий низо майдонига айлантириб, низони бартараф этишда ўзларининг ёрдамига муҳтож қилиб қўйиш;

Тўртинчидан, иложини қилиб баъзи ҳудудларга алоҳида куч ташлаб, алоҳида маблағ ажратиб "ясама диндорлар"ни кескин кўпайтиришга эришиб, гўёки уларнинг хоҳиш-иродаси сифатида черковлар ташкил этишни йўлга қўйиш ва бунинг ортида шу ҳудуд аҳолисини иккига бўлиш, яъни мусулмон-христиан ёки мусулмоннасроний бўлишиб ғалаён, уруш-жанжаллар келтириб чиқаришга эришиш;

Бешинчидан, уларнинг найрангларининг энг хавфлиси шундаки, улар ўзларини халқнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилган кўрсатиб, суд-прокуратура ҳатто давлат раҳбарлари ишларигача баъзи бир нодавлат ташкилотлар билан аралашиб, халқни давлатга қарши гиж-гижлаш, халқ билан давлат орасига ишончсизлик руҳини сингдиришдир.

Бунга исбот бундан 30 йиллар аввал миссионерлар Шарқий Тимор ўлкаси аҳолисини христианлаштиришга ниҳоятда катта эътибор берди. Орадан 25 йил ўтгач бу ўлкада улар кутган диний тўполон - уруш бошланди. Натижа ўзлари кутгандек, Шарқий Тиморни Индонезиядан ажратиб олишди. Мана сизга оқибат.

Бундай ёвуз куч тўқсонинчи йилларда Ўзбекистонда очиқ фаолият кўрсатмаган бўлса-да, миссионерлик ҳаракати бизнинг шаҳар ва қишлоқларимизни ҳам четлаб ўтмади. Миссионерлар "беозор, художўй, меҳрибон, сахий одамлар" қиёфасида намоён бўлишди. Улар аҳоли орасида китоб, эслатма, варақа, телетасвирлар, радио ёзувлар, магнитофон кассеталари тарқатиб юрганларида аҳоли қаҳрига йўлиққанини гувоҳи бўлганмиз. Биз ота-боболаримиз динига бўлган мустаҳкам эътиқодимиз туфайли миссионерларни очиқ фаолият кўрсатишларига йўл қўймадик. Халқимизнинг ҳушёрлиги туфайли иғвогарларга зарба берилди. Миссионерларнинг асл мақсадлари ислом динига мансуб кишиларни ўз динларига оғдириб олишдан иборат ҳам эмас. Чунки, масала бевосита мамлакатимизнинг хавфсизлигига даҳлдор. Шундай экан, уларнинг кирдикорларини очиб ташламоғимиз, баралла айтмоғимиз, бу ишда нафақат имом-хатиблар, балки шу азиз Ватан фуқаросиман деган ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Маккорлардан огоҳ бўлинг.

Нажмиддинхон Ҳамзаев Ургут туман “Ғўс” жомий масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 06/07/2020 11:10;   Кўрилганлиги: 1026
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/missionerlikning-jamiyat-hayotiga-tasiri
Чоп этилган вақт: 06/10/2024 18:33
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг