МИССИОНЕРЛАР ТАЪСИРИДАН ОГОҲ БУЛИНГ! (...давоми)
1 -мисол. Улар мусулмон кишига ўзларини Худонинг ягоналигига ишонадиган кишилар деб таништиришади. «Сизлар каби биз ҳам Аллоҳни ягона деб ишонамиз. Бошқа христианлар каби «Худо учта» демаймиз, Исо Масиҳни Худо деб айтмаймиз», дейишади (Қаранг: «Худо биздан нима талаб қиляпти?», Германия, 4-5-бетлар).
Соддароқ мусулмон бу сўзни эшитиб, яна бир христиан мусулмон бўлибди, шекилли, деб севиниб кетади. Лекин аслида уларнинг мусулмонларга мусулмондек кўриниб, уни ўз динига оғдиришга уринишининг биринчи қадамидир бу.
2-мисол. Уларнинг адабиётларидан айнан иқтибос келтирамиз.
«Ислом дунёсида Муқаддас Китоб Таврот, Забур ва Инжилдан иборат бўлган китоб сифатида танилган. Қуръоннинг камида 64 оятида бу китоблар Худонинг каломи деб номланган ва уларни ўқиш ҳамда уларда келтирилган амрларга амал қилиш таъкидланган...» («Иеҳованинг шоҳидлари: ким улар?» (варақа). Германия, 2003, 2-бет).
Ислом дунёси Таврот, Забур ва Инжилни тан олиши ва уларга имон келтириши бор гап. Лекин ушбу учта китобдан иборат бўлган яхлит бир «Муқаддас китоб» эътиқоди Исломда йўқ. Қуръони каримда «Таврот» сўзи 18 марта, «Забур» сўзи 3 марта, «Инжил» сўзи 12 марта келган (Қаранг: Муҳаммад Фуод Абдулбоқий. «Ал-муъжам ал-муфаҳрас лиалфозил-Қуръан». («Таврот», «Забур», «Инжил», «Китоб» сўзлари) Байрут, 1997). Бундан ташқари кўп оятларда умумий «китоб» лафзи билан келган. Лекин , ажабланарли жойи шундаки, Қуръони каримда ушбу китоблар «муқаддас китоб» деган сифат билан бирор марта ҳам зикр этилмаган.
Қуръони каримда ўтган самовий китобларни ўқиш ва унга амал қилишга бўлган буйруқлар мусулмонлар учун эмас, балки ўша китоблардаги кўрсатмаларга амал қилмасдан, у китобларда келиши башорат қилинган охирги пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)-ни қабул қилмаган «аҳли китоблар»га қаратилгандир (Масалан, Моида сураси 43-45-оятларга қаранг). (давоми бор...)
Нажмиддинхон Ҳамзаев Ургут тумани "Ғўс" жомий масжиди имом хатиби
Киритилган вақти: 02/06/2020 15:17; Кўрилганлиги: 1064
Чоп этилган вақт: 15/09/2024 08:10