Миссионерлар таъсиридан огоҳ бўлинг! 4-мисол.
4-мисол. «Қуръонда Исо ҳақида нима дейилган?» сарлавҳаси остида бир неча оятлардан парчалар келтиришади. Шулардан бирида «Худо Исога ўлимни берган, кейин уни тирилтирган ва ўз ҳузурига кўтарган (19-сура «Марям», 33-оят) деб келтирилган («Руководство Бога указивает путь в Рай», Испания, 2001,21-бет).
Миссионерлар Таврот ва Инжилларни бузганлари етмагандай, Қуръони карим оятларини ҳам бемалол бузиб, талқин қилаверадилар. Чунки Аллоҳнинг каломини бузишда улар узоқ йиллик тажрибага эгадирлар. Ўша оятни тўлиқ ҳолда келтирсак:
«Менга туғилган кунимда ҳам, вафот этадиган кунимда ҳам, қайта тириладиган кунимда ҳам салом (омонлик) бўлур».
Бу оятда «вафот этадиган куним» дейилган, «вафот этган куним» дейилмаган. Оятда Исо (а.с.)нинг Қиёматга яқин ер юзига тушганларидан сўнг вафот этишлари ва охиратда қайта тирилишлари ҳақида сўз кетмоқда. Улар эса, буни бузиб, гўё Исо (а.с.)нинг хочга михланиб ўлдирилганлари ва уч кундан кейин тирилганлари ҳақидаги сафсаталарини Қуръон ояти билан тасдиқламоқчи бўлмоқдалар.
Бизни ўзларининг ботил ақидаларига эргаштириш учун, Ислом таълимоти ва Қуръон оятларини бузиб, ўзимизга қарши қурол қилаётганларини билиш учун келтирилган мисоллар кифоя деб ўйлаймиз.
Бу муаммо юртимиз ва халқимиз учун янгилик эмас. Халқимиз тинчлиги, фаровонлиги ва тараққиётини кўра олмайдиган ва ҳасад кўзи билан қарагувчилар илгари ҳам бўлган. Ўзларининг бузғунчи ғояларига эришиш учун бизнинг заминимиздан фойдаланмоқчи бўлган ғаламислар аждодларимизга ҳам етарлича ташвиш туғдиришган. Мевали дарахтга тош отилади, деган нақл бор. Улар бизга - юртимизга тош отаётган эканлар, бу ердаги қайсидир яхшиликни ўзлаштириб олиш мақсадлари бор, демакдир.
Бундан ташқари, миссионерлик муаммосини бартараф этишда ва соддадил халқимизни уларнинг ёлғонларига алданиб қолишларининг олдини олишда аждодларимизнинг илмий, мантиқий ва фикрий услубларидан фойдаланишимиз лозим. Асрлар узра ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган динимиз таълимотларини чуқур ўрганишимиз, унинг барча кўрсатмаларини илмий, ақлий ва фалсафий асослари билан билишимиз ва нотўғри фикрларга қарши жавоб бера оладиган савияга кўтарилишимиз жуда муҳимдир. Бу борада ҳиссиётга берилиш ёки турли кўринишдаги куч ишлатишлар фойда бермайди. Чунки жаҳолатга қарши маърифат билан бориш, ақл эгаларининг йўлидир.
Нажмиддинхон Ҳамзаев Ургут тумани "Ғўс" жомий масжиди имом хатиби
Киритилган вақти: 08/06/2020 16:36; Кўрилганлиги: 1012
Чоп этилган вақт: 17/01/2025 17:38