Миллий либос – миллатимизга ҳурматдир!
Тарихдан маълумки, жоҳилият даврида аёллар барча инсоний хуқуқлардан маҳрум эдилар. Уларга ниҳоятда паст назар билан қараларди. Ҳатто аҳвол шу даражага бориб етгандики, баъзи араб қабилаларида қиз фарзанд туғилишидан жоҳил оталар номус қилиб, қизларини тириклай қаро ерга кўмиб юборарди. Ислом дини бундай мудҳиш одатларга барҳам берди, наинки комил, эзгу қалбларнинг, балки катта-кичик ҳар бир инсоннинг ирқи, миллати ва эътиқодидан қатъий назар, ўзгалар тарафидан таҳқирланиши, хўрланиши ва хорланишига асло йўл қўймайди. Айниқса, аёл зотини доимо улуғлаб, авайлаб-асраш ҳаракатида бўлади.
“Жаннат оналар оёғи остидадир”, дедилар Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам). Шу ҳадиси шарифнинг ўзиёқ мусулмон оламида аёлнинг нечоғли эъзозланганлигини яққол кўрсатиб турибди. Аёлнинг бу қадар қадрланиши, аввало, унинг тўғри эътиқоди, яхши одоби, ички дунёсининг гўзаллигига боғлиқдир. Шу билан бирга, унинг ўзини тутиши, туриш-турмуши, ҳатто кийиниш маданиятига ҳам тааллуқлидир. Чунки аёлнинг кийган либоси унинг ички дунёсидан, ҳаё-ибосидан далолат беради, иффат ва виқорини белгилайди.
Муқаддас динимизда кийинишга катта эътибор берилган. Кийимнинг озода, кишига мос, ярашиқли ва иқлим шароити учун қулай бўлиши уқтирилган. Либослар очиқ-сочиқлиги билан бегоналар диққатини жалб қиладиган, шаҳвоний ҳисларни қўзғатадиган бўлмаслиги лозим. Хозир бозорларда сотилаётган, айниқса, “мода” деб тарғиб қилинаётган баъзи чет эл кийимлари адабсизлик, ҳаёсизликни тарғиб қилади десак ўринли бўлади. Қизларнинг ниҳоятда ғалати тикилган шимлар кийиши, киндикларини очиб юриши, қулоқларига керагидан ортиқча сирғалар, ҳатто баданларига ғалати тақинчоқлар тақиб юриши милатимизга хос эмас. Баданига суратлар чиздириш эса мутлақо офатдир. Баъзи манбаларда либосларнинг саломатликка таъсири тўғрисида бундай тавсиялар берилган: либоснинг ранги кишининг ёшига, кайфиятига, жамиятда тутган мақомига мос бўлиши керак. Гулдор, қизил ранг аралашган либослар эркакларга дуруст бўлмаса-да, аёлларга ярашади.
Либоснинг кенглиги борасида ўртачалик – меъёрга риоя қилиниши керак. Аъзолар сиқиладиган даражада тор, ноқулайлик туғдирадиган ва ҳаракатланишга халал берадиган даражада кенг бўмаслиги лозим. Ниҳоятда тор кийимлар танада қон айланиш тизими бузулишига олиб келади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, либос замон ва миллий қадриятлар талабига жавоб бера олиши керак. Барча соҳалардаги ютуқларимиз билан фахрланганимиз сингари, кийимларимиз билан ҳам ифтихор туюшимиз керак. Зеро, миллий либосларимиз миллатимизга ҳурмат ва муҳаббатни билдиради.
З. Убайдова Тайлоқ тумани бош имом хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси
Киритилган вақти: 07/12/2022 16:17; Кўрилганлиги: 906
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 01:56