Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

МЕНИНГ ЎРНИМДАН ЖАВОБ ҚИЛ!

 
 

Бир куни Умар ибн Хаттоб розиёллоҳу анҳу масжидда Ҳассон ибн Собит розиёллоҳу анҳунинг шеър ўқиётганини эшитиб қолдилар. Умар розиёллоҳу анҳу Ҳассон розиёллоҳу анҳуга танбиҳ бердилар. Аслида Умар розиёллоҳу анҳу шеърни ҳаром демоқчи ёки шоирларнинг қадрини ерга урмоқчи эмас эдилар. Чунки у зотнинг ўзлари: “Тилингиз(қоидалари)ни Роббингизнинг китобидан ва қадимий шеърларингиздан олинглар!”, деган эдилар. Ҳассон розиёллоҳу анҳуни қайтарганларига сабаб фақатгина масжиднинг эъзози учун эди. Умар розиёллоҳу анҳу масжидда фақат қуръон ва ҳадис зикр қилинади деб эътиқод қилар эдилар. Шунда Ҳассон розиёллоҳу анҳу:
-Эй мўъминлар амири! Мен масжидда сиздан афзалроқ инсон бўлганида ҳам шеър ўқиганман!-деди.
Сўнгра Абу Ҳурайра розиёллоҳу анҳуга қараб:

-Эй Абу Ҳурайра! Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг менга: “Эй Ҳассон! Менинг ўрнимдан уларга(мушрикларга) жавоб қил! Эй Аллоҳим! Ҳассонни Руҳул Қудс билан қувватлагин!", деганларини эшитмаганмисан?!-деди.
Абу Ҳурайра розиёллоҳу анҳу деди:
-Ҳа, эшитганман!
Буни эшитган Умар розиёллоҳу анҳу индамасдан уларни ташлаб кетиб юбордилар.
Агар мен муҳаддис бўлганимда бу воқеани Умар розиёллоҳу анҳунинг фазилати ҳақида ворид бўлган ҳадислар ёнида зикр қилар эдим. Фазилат дегани кишининг фақатгина тўғри йўлда бўлиши эмас, балки хатоси ошкор бўлганида ҳақни тан олиши ҳамдир!
“Менинг ўрнимдан уларга жавоб қил!”. Мана шунга озроқ тўхталамиз. Ҳарбий ҳаракатларда Холид ибн Валид розиёллоҳу анҳунинг қиличига муҳтож бўлган бу дин, фикрий жангларда Ҳассон розиёллоҳу анҳунинг шеърларига ҳам муҳтож бўлган. Холид розиёллоҳу анҳу Ҳассон розиёллоҳу анҳунинг ўрнини боса олмас эди. Ҳассон розиёллоҳу анҳу ҳам Холид ибн Валид розиёллоҳу анҳунинг ўрнини боса олмас эди. Аллоҳ таоло бизнинг ҳар биримизни алоҳида бир чегарага қўйган. Биз ўзимизга берилган бор куч-қувват билан ўша чегарани қўриқлашимиз лозим. Ўзимизнинг чегарамизни арзимас деб ўйламаслигимиз керак. Қолаверса, ўз чегарамизни бошқаларнинг чегарасидан муҳим деб ўйламаслигимиз керак.
“Қийинчилик қўшини”да Усмон розиёллоҳу анҳунинг моллари Убай ибн Каъб розиёллоҳу анҳунинг қироатидан муҳимроқ эди. Қуръони карим жамланаётган пайтда Убай ибн Каъб розиёллоҳу анҳунинг қироати Усмон розиёллоҳу анҳунинг молларидан, Холид розиёллоҳу анҳунинг қиличидан, Ҳассон ибн Собит розиёллоҳу анҳунинг шеърларидан кўра аҳамиятли эди. Давримиз келганида арслон бўлишимиз керак!
Али ибн Аби Толиб розиёллоҳу анҳунинг Хайбар жангидаги ишлатган қиличлари Абу Бакр розиёллоҳу анҳунинг Билол розиёллоҳу анҳуни озод қилган моллари кабидир. Али ибн Аби Толиб розиёллоҳу анҳунинг қиличлари қул озод қила олмас эди. Абу Бакр розиёллоҳу анҳунинг моллари Хайбарда душманни қатл қила олмас эди. Бу динни тобелари тўлдиришади. Бунда рақобат ва “мен сендан устунман” дейиш йўқ.
Бугунги исломнинг ҳам ҳоли шунақа. Чегаралар хилма-хил, бизнинг ҳар биримиз алоҳида чегарадамиз. Она уйида чегара қўриқлайди. Чунки мардларни етиштириш энг буюк вазифадир. Муаллим синфида чегара қўриқлайди. Чунки жоҳил халқ инсониятни бошқара олмайди, бошқалар томонидан бошқарилади. Мужоҳид ўз чегарасида қилаётган ишни масжид имоми қила олмайди. Масжид имоми қўриқлаётган чегарани бой савдогар қўриқлай олмайди. Шуни билишимиз керакки, садақа-эҳсонлар қиладиган, инсонларга ёрдам берадиган бойнинг чегараси, халқ учун қонини берадиган мужоҳиднинг чегарасидан ёки халқни Аллоҳ томон етаклайдиган масжид имомининг чегарасидан аҳамиятсиз эмас.
Аллоҳ сизни қайси чегарада қўйганига қаранг. Сиз ана шу чегарани ҳимоя қилишингиз лозим. Унинг учун курашишингиз керак. Бизнинг ҳар-биримиз ўз чегарасида турсагина бу уммат ўз буюклигини қайтариб олади.
Бир подшоҳнинг хотини бемор бўлибди. Шифокорлар уни ҳар куни сутда чўмилишини тайинлашибди. Подшоҳ ҳовузни ҳар куни сут билан қандай тўлдиришини билмасдан боши қотибди. Вазирларидан бири подшоҳга халққа бир пақирдан сут солиғи солишни амр қилишини айтибди. Ҳамма кечаси бир пақир сут олиб келиб ҳовузга қуяди, тамом.

Подшоҳ фуқароларига ҳамма кечаси бир пақирдан сут олиб келиб ҳовузга қуйишини айтиб буйруқ чиқарибди. Одамлар ўзларича “мен бир пақир сув олиб бориб ҳовузга қуйсам кечаси ким билиб ўтирибди”, деб ҳовузга тун қоронғусида бир пақирдан сув қуйишибди. Эртаси куни эрталаб подшоҳ қараса ҳовуз тўла сут эмас, сув турган эмиш.
Ҳеч ким ўз чегарасида турмади. Ҳамма бошқаларнинг ҳовузни тўлдиришини кутди. Қисқасини айтганда бизнинг бугунги аҳволимиз ана шундай!

Ургут тумани "Ургут марказий" масжиди ходими А.Полвонов


Киритилган вақти: 08/01/2022 08:33;   Кўрилганлиги: 451
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/mening-ornimdan-javob-qil
Чоп этилган вақт: 03/05/2024 19:28
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг