МАВЛИД ВА У ҲАҚИДА ОЛИМЛАР ФИКРИ
«Мавлид» арабча сўз бўлиб, “туғилиш, “туғилган жой” ва “туғилган вақт” маъноларини англатади. Биз мусулмонлар “мавлид” деганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган ойларини назарда тутамиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган саналарини Ибн Исҳоқ Фил йилида Рабиъул-аввал ойининг 12 куни, душанба Маҳмуд Пошо Фалакий эса астрономик ҳисоб билан милодий 571 йилнинг 9 Рабиъул-аввал, душанба куни деб кўрсатган.
Мавлид шариф тарихи
Тарихчиларнинг таъкидлашича, мавлидни биринчи бўлиб фотимийлар нишонлаган. Кейинроқ Айюбийлар давлатида Ирбил шаҳри амири Амир Музаффариддин Абу Саид Кўкбўри ибн Зайниддин Али ибн Табуктекин байрам қилиб белгилаган. Амир Музаффариддин мавлид байрамини ўтказиш учун алоҳида эътибор қаратар ҳамда жуда ҳам катта маблағ сарфлар эди.
Манбаларда келишича, амир томонидан мавлид байрамини ўтказиш учун уч юз минг динор сарфланган. Байрамни нишонлаш арафасида Ирбил шаҳрига туташ бўлган шаҳарлар, Бағдод, Мосул ва бошқа жойлардан фақиҳлар, тасаввуф олимлари, ўткир воизлар ҳамда шоирлар таклиф қилинарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган кунлари борасида ихтилоф борлиги учун ҳам байрам, асосан, Рабиул аввал ойининг саккизинчи ва ўн иккинчи кунлари бўлиб ўтган.
Усмонийлар давлатида ҳам мавлид байрами кенг миқёсда нишонланган. Тахтга Абдулҳамид II сайланганидан кейин мавлид байрамини нишонлаш фақатгина «Жомеъул-Ҳамийдий» деб номланадиган катта масжидда ўтаказиладиган бўлди. Усмонийлар мавлидни Рабиъул-аввал ойининг ўн иккинчи куни ўтказадилар. Давлат аъёнлари, уламолар ва бошқа жойлардан таклиф қилинган меҳмонлар катта жомеънинг олдида султонни кутиб туришар, Султон жомеъга ташриф буюрганидан кейин барча масжидга кириб, мавлид байрами бошланарди. Байрам Қуръон қироати билан бошланиб, сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни дунёга келишлари борасида қиссалар ўқилар ва ундан кейин «Далаилул-хайрот фис-солати ъалан-набий» номли китоб йиғилганларга ўқиб берилар эди. Сўнгра зикр ҳалқалари ташкил қилиниб, баланд овозда салавотлар айтилар эди.
Мавлид байрамига Мағриб давлатида ҳам алоҳида эътибор билан қаралган. Ҳижрий ўнинчи аср охирларида Мағриб давлатига ҳукмдор бўлган Султон Аҳмад Мансур томонидан Рабиъул-аввал ойи бошқа ойлардан ўзгача кутиб олиниб, катта хурсандчилик билан нишонланар эди. Байрам тантана лари Рабиъул-аввал ойи кириши билан бошланиб, ойнинг якунигача кўтаринки кайфият билан нишонланган. Рабиъул-аввал ойининг ўн иккинчи куни Султон жомеъ масжидида жамоат билан намоз ўқиб, сўнгра тахтига ўтирар эди. Барча жам бўлганидан кейин, ўткир воизлардан бири чиқиш, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фазилатлари, мўъжизалари ва у зотнинг дунёга келишлари ҳақида йиғилганларга сўзлаб берарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни мадҳ қиладиган турли-туман шеър ва салавотлар айтилгач, йиғилганларга катта зиёфат дастурхони ёзилар эди. Ҳозирда ҳам мусулмон юртларда мавлид масжидларда ўтказилиб, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мадҳ этилган қасидалар ўқилади сийратлари тўғрисида суҳбатлар бўлади ва Набий соллалло ҳу алайҳи васалламга салавотлар айтилади. давоми бор...
Ҳасанов Аҳмад Самарқанд шаҳар "Дамариқ" жоме масжиди имом ноиби манбалар асосида тайёрланди
Киритилган вақти: 03/02/2023 10:08; Кўрилганлиги: 322
Чоп этилган вақт: 18/04/2024 01:12