Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

МАВЛИД ТЎҒРИСИДА МУТАҚАДДИМ ОЛИМЛАРНИНГ ФИКРЛАРИ

 
 

Мавлиди шарифни ўтказиш борасида уламолар томонидан турли фикрлар билдирилган. Қуйида ушбу фикрлардан айрим мисолларни келтирамиз:

Имом Суютий: «Менинг наздимда, инсонлар тўпланиб, Қуръондан имкон қадар тиловат қилиб, набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари қақида ҳикоя қилувчи ва у зотнинг туғилиш кунларида содир бўлган мўьжизалар ҳақида сўзлашишлари сўнгра дастурхон тузатиб таомлардан тановул қилишлари мақталган бидъатлардан бўлиб, уни қилган кишилар савоб оладилар. Чунки бу ишларда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қадрларини улуғлаш ва хурсандчиликни зоҳир қилиш қамда у зотнинг туғилган кунлари билан хушхабар бериш бордир».

Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний: «Мавлиди шарифни ўтказиш дастлабки уч асрда яшаб ўтган салафи солиҳлардан нақл қилинмаган. Бироқ мавлиди шарифни қасд қилган инсон шариатда ман қилинган ишлардан четда бўлиб, бу ишларни амалга оширса, мақталган бидъатни қилиб, бу ишига савоб олади».

Имом Саховий: «Дастлабки уч асрда мавлиди шарифни салаф уламолардан бирор киши нишон-ламаган. Бу ишлар кейинчалик пайдо бўлган. Ер юзидаги мусулмонлар ҳанузгача бу ишларда бардавом бўлиб келмоқдалар. Мавлиди шариф кечаларида бир-бирларига садақалар улашишлари, мавлиди шарифга оид китобларни ўқишлари яхши ишлар-дандир. Мавлиднинг барокатидан уларга кўпгина ижобий ишлар зоҳир бўлади».

Имом Ибн Ҳож Моликий раҳматуллоқи алайҳ: «Аллоҳ таолонинг бизга ато қилиб берган улуғ неъматига шукрона сифатида Рабиъул-аввал ойининг ўн иккинчи - душанба кунида ибодат ва хайрли ишларни кўпроқ қилиш лозим бўлади, Чунки неъматларнинг энг улуғи Набий соллаллоқу алайҳи ва саллам туғилган кунларидир»; «Мавлид ўқиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилган кечада хурсанд бўлиш у зотни ҳурмат қилиш ҳисобланади».

Ибн Обидин: «Билгинки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилган ойда қилинадиган мавлиди шариф мақталган бидъат ишлардандир»; «Салавотларнинг афзали ва саломларнинг мукаммал соҳиби бўлмиш Набий соллаллоҳу алайҳи ви салламнинг қиссаларидан эшитиш учун жамланиш, ўз ичига кўпгина мўъжиза ва салавотларни қамраб олганлиги боис энг улуғ қурбатлардан ҳисобланади».

Ҳофиз Абдураҳим Ироқий: «Албатта, валима қилиш ва инсонларга таом улашиш доимо мақталган ишлардан ҳисобланади. Агар бу фазилатли ишларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таваллуд топган муборак ойдаги шоду хуррамлик ва хурсандчилик қўшиладиган бўлса, у қандай ҳам гўзал бўлади. Зеро, мавлидни янгидан пайдо бўлгани, унинг ёмон кўрилган ишлардан эканлигини билдирмайди. Янги пайдо бўлган мустаҳаб бидъатлардан қанчалари борки, уни амалга ошириш вожиб бўлади».

Абу Шома (Имом Нававийнинг устозлари): «Бизнинг замонамизда ҳар йили Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилган кунларига мувофиқ келадиган кунда садақалар қилиш, хайрли ишларни амалга ошириш, чиройли либосларни кийиб, хурсандчиликни зоҳир қилиш қандай ҳам гўзал ишлардан ҳисобланади. Зеро, ушбу ишни қилувчи инсон қалбида Расулуллоҳ соллаллоҳу нлайҳи ва салламга нисбатан эҳтиром ва муҳаббати ҳамда у зотни бутун оламларга раҳмат қилиб юборган Аллоҳ таолога шукрона қилувчилигига ишора бордир».

Шиҳоб Аҳмад Қасталоний: «Муборак мавлид ойининг кечаларини байрам қилган инсонга Аллоҳ таоло раҳм қилсин. Шоядки, ушбу иши унинг қалбидаги касаллик ва иллатларга даво бўлса». давоми бор... 

Ҳасанов Аҳмад Самарқанд шаҳар “Дамариқ” жоме масжиди имом-ноиби манбалар асосида тайёрланди


Киритилган вақти: 31/01/2023 15:32;   Кўрилганлиги: 237
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/mavlid-togrisida-mutaqaddim-olimlarning-fikrlari
Чоп этилган вақт: 27/04/2024 03:28
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг