МАСЪУЛИЯТДАН ҚЎРҚИШ
Амр ибн Ос розиёллоҳу анҳу олдин мушрик бўлганлар, сўнгра исломга кириб кўп фатҳларда иштирок қилганлар. Охирида Мисрга волий бўлганлар. Ана шу волийлик у зотни вафотлари яқин қолганида ташвишга солади. Қиёматдаги масъулиятдан қўрқадилар.
Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ ўзларининг "Муснад"ларида Абдурраҳмон ибн Шумосадан зикр қиладилар:
"Амр ибн Ос розиёллоҳу анҳуга ўлим яқинлашгач йиғлади. Шунда ўғли Абдуллоҳ сўради:
- Эй отажон! Ўлимдан қўрқиб йиғлаяпсизми?
Амр розиёллоҳу анҳу деди:
- Йўқ эй ўғлим. Ундан кейинги нарсалардан қўрқиб йиғлаяпман.
Абдуллоҳ отасига уни хотиржам қилиш учун Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга ҳамсуҳбат бўлганини, Шом фатҳларини эслатди. Шунда Амр ибн Ос розиёллоҳу анҳу деди:
- Булардан афзал бўлган "Ла илаҳа иллаллоҳ" деб гувоҳлик берганимни ташлаб кетдинг. Ўғлим! Менинг ҳаётим уч босқичдан иборат бўлди. Бу босқичларнинг барида нафсимни таниб турганман. Биринчи босқичда кофир эдим. Расулуллоҳга ашаддий қаршилардан эдим. Агар ўшанда ўлганимда аниқ дўзахга кирар эканман.
Кейин Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга байъат қилгач, у зотдан энг кўп ҳаё қиладиган кишига айландим. У зот Аллоҳга йўлиққунларича ҳаё қилиб кўзларига қарамаганман. Агар ўшанда вафот қилганимда кишилар: "Амрга муборак бўлсин. Мусулмон бўлди, яхшилик устида бўлди. Вафот қилди. Унга жаннатни умид қиламиз", дейишар эди.
Кейин салтанатга аралашдим. Мол-дунёга эга бўлдим. Булар менинг фойдамгами ёки зараримгами, билмайман. Агар вафот қилсам мен учун йиғламанглар, ортимдан мақтаб борманглар, олов ёқманглар. Дафн қилсангиз устимга бироз тупроқ сепинглар. Ўнг томоним тупроққа чап томонимдан ҳақлироқ эмас. Дафн қилиб бўлиб қабрим устида бир туяни сўйиб тарқатиш миқдорида ўтиринглар. Сизлардан таскин оламан".
Муҳаққиқлар ҳадисни саҳиҳ дейишган. Ургут марказий масжиди ходими Абдулқодир Полвонов.
Киритилган вақти: 04/11/2021 06:07; Кўрилганлиги: 867
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 04:55