Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

МАРҲУМЛАРГА САВОБНИНГ ЕТИБ БОРИШИ ҲАҚИДА ИЖМОЪДАН СОХТА САЛАФИЙЛАРГА РАДДИЯ

 
 

Ибн Ҳажар Маккийдан: «Биров қабристон аҳлига “Фотиҳа” сурасини ўқиса, савоб уларнинг ўртасида тақсимланадими ёки ҳар бирига унинг савобича тўлиқ бериладими?”, деб сўралганда, у: “Бир жамоа уламолар иккинчисига фатво беришган ва Аллоҳнинг фазлига шуниси лойиқроқ”, - деб жавоб берган.

Марҳумга савобнинг етиб боришига ижмоъдан далил:

Ислом умматининг кўпчилиги марҳумга жаноза намозидаги дуони далил қилиб, ўлган киши тирикларнинг дуосидан манфаат олади, деганлар.

Маййитга рўза, намоз каби бошқа баданий ибодатлар ҳам манфаат беради. Бунга қуйидагилар далил бўлади:

Саъд ибн Убода (розияллоҳу анҳу) Пайгамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан: “Эй Аллоҳнинг Расули, онам меиинг йўқлигимда вафот этди. У кишининг номидан садақа қилсам манфаат берадими?”, деб сўраганида, Расулуллоҳ (соллаллоху алайҳи васаллам): “Ҳа”, деб жавоб бердилар. Шунда Саъд (розияллоҳу анху): “Сизни гувоҳ қиламанки, хосилдор боғим у кишининг номидан садақа», деди (Бухорий ривояти).

Жуҳайна қабиласидан бир аёл Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларига келиб: “Онам хаж қилишни назр қилган эди. Ҳаж қилмасдан вафот этиб қолди. У кишининг номидан хаж қилсам бўладими?”, - деди. У зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Унинг номидан ҳаж қил. Айтчи, онангнинг қарзи бўлганида адо қилармидинг? Аллоҳнинг қарзини ҳам адо қилинглар. Аллоҳ вафо қилишга ҳақлидир” - дедилар.

Шунингдек, мусулмонлар ўлган одамнинг қарзини бошқа биров, ҳатто бегона одам тўлаб қўйса ҳам зиммасидаги қарз соқит бўлишига ижмоъ қилишган.

Бунинг далили сифатида қуйидаги ҳадис келтирилади: Абу Қатода (розияллоҳу анҳу) бир ўликнинг икки динор қарзини ўз бўйнига олган. Кейин ўша икки динорни ҳақдорга берганида, Расулуллоҳ, (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Энди (ўлганнинг) териси совуди» - деганлар (Ҳаким ривояти ).

Имом Абу Довуднинг “Сунан» китобида Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу)дан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўликни дафн қилиб бўлгандан кейин устида туриб: “Биродарингизга истиғфор айтинглар. Унга собитлик сўранглар. Чунки у ҳозир сўроқ; қилинади», - дер эдилар”.

Ҳанафий олимлардан Бадриддин Айний шу каби айрим ривоятларни келтиргач: “Ўтганларга намоз, рўза ва садақанинг савоби етишининг ўзи Қуръон тиловатининг ҳам савоби етишини билдиради”, - дейди. Закариё Ансорий (раҳматуллоҳи алайҳ) “Ал-Лубоб”да: “Бунга (тиловатнинг савоби ўлганга етишига) далолат қиладиган нарсалардан бири шуки, мусулмонлар барча асрларда Қуръон ўкиб, ўтганларига бағишлаганлар ва буни ҳеч ким инкор этмаган. Бинобарин, бу ижмоъ бўлган”, — дейди.

Зайниддин Эшонқулов ЎМИ Самарқанд вилоят бош имом-хатиби


Киритилган вақти: 16/10/2021 13:02;   Кўрилганлиги: 499
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/marhumlarga-savobning-etib-borishi-haqida-ijmodan-soxta-salafiylarga-raddiya
Чоп этилган вақт: 27/04/2024 04:19
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг