Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Мамлакатимизда давлат ва дин муносабатлари

 
 

Ўзбекистон мустақилликка эришган илк йилларидан диний соҳага ўзбек халқининг миллий маънавиятининг ажралмас қисми сифатида алоҳида эътибор қаратилди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатлари қуйидаги тамойиллар асосида олиб борилмокда:

диндорларнинг диний туйғуларини ҳурмат қилиш;

диний эътиқодларни фуқароларнинг ёки улар уюшмаларининг хусусий иши деб тан олиш;

диний қарашларга амал қилувчи фуқароларнинг ҳам, уларга амал қилмайдиган фуқароларнинг ҳам ҳукуқларини тенг кафолатлаш ҳамда уларни таъқиб қилишга йӱл қўймаслик;

маънавий тикланиш, умуминсоний ахлоқий қадриятларни қарор топтириш ишида турли диний уюшмаларнинг имкониятларидан фойдаланиш учун улар билан мулоқот қилиш йӱлларини излаш зарурати;

диндан бузғунчилик мақсадларида фойдаланишга йӱл кўймасликни эътироф этиш.

Мустақиллик йилларида диннинг ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамиятида тутадиган ўрни ва мавқеи аниқ белгиланиб, бу соҳада мустаҳкам қонунчилик пойдевори яратилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида "диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар",деган демократик тамойил мустаҳкамлаб қўйилган. Фуқаролар миллати, ирқи ва динидан катъи назар, тенг ҳуқуқли эканлиги белгиланиб, уларнинг виждон эркинлиги, урф-одатлари, миллий анъаналари ҳурмат қилиниши кафолатланган. Ушбу конституциявий қоида 1998 йил 1 май куни қабул қилинган янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тӱғрисида” ги қонуннинг 5-моддасида ҳам ўз ифодасини топган. Қонунда тарихий, маданий, ижтимоий омилларни ҳисобга олинган ҳолда давлат ва диний ташкилотлар орасидаги муносабатлар белгиланган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасида дин давлатдан ажратилган. Ҳеч бир динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирон-бир имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмайди. Давлат турли динларга эътиқод қилувчи ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, ҳар хил эътиқодларга мансуб диний , ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашади ва экстеремизм асосида диний муносабатларни кескинлаштирилишига, турли конфессиялар ўртасида адоватни авж олдиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймайди. Муаййан динга эътиқод қилувчиларни бошқасига киритишга қаратилган прозелитизм ва миссионерлик фаолияти қонунан ман этилади.

З.Эшонқулов- ЎМИ Самарқанд вилоят вакили (манбалар асосида)


Киритилган вақти: 07/02/2020 16:28;   Кўрилганлиги: 1363
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/mamlakatimizda-davlat-va-din-munosabatlari
Чоп этилган вақт: 06/10/2024 19:50
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг