ЛУҚМАНГИЗ ҲАЛОЛ БЎЛСИН!
Бунинг учун бу ҳадисни эсдан чиқармайлик: Расулуллоҳ (с.а.в.): «Огоҳ бўлинглар, албатта, Аллоҳ қонларингиз ва молларингизни бир-бирингизга ҳаром қилди», дея марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).
Уламолар айтадилар: «Бошқалар ҳаққини ноҳақ егувчиларга хоин, алдоқчи, ўғри, баттол, фоиз олувчи (судхўр) ва берувчи, етим молини совчи, ёлғон гувоҳлик берувчи, қарз олиб ундан тонувчи, порахўр, ўлчов ва тарозидан уриб қолувчи, молининг айбини яшириб сотувчи, қиморбоз, сеҳргар, мунажжим, фоҳиша, азада дод солиб йиғловчи, сотувчидан сўрамай, ҳақини олиб қолувчи даллол, ҳур-озод одамни сотиб пулини айдиганлар киради».
Анас ибн Молик (р.а.) айтади: «Набиий солаллоҳу алайҳи ва салламга:
- Эй Аллоҳнинг Расули, дуо қилинг, мен дуоси қабул бўладиганлардан бўлай, - дедим. У зот:
- Эй Аннас, таоминг пок бўлсин, дуойинг қабул бўлади. Чунки бир одам бир луқма ҳаромни оғзига солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди, - дедилар (Имом Дайламий ривояти).
Қолаверса, нопок йўл билан топилган озуқани еб ўсаётган фарзандлар келажакда ким бўлади? Уларнинг ахлоқи, тарбиячи, феъл-атвори қай ҳолатда бўлади? Аллоҳ таоло барчамизни ўзгалар ҳақидан ҳазар қиладиган, ҳалол ва ҳаромни фарқлайдиган, инсофли, диёнатли бандалардан қилсин!
Фахриддин ҳожи ҲУСЕНОВ,
Самарқанд шаҳар "Мурод авлиё" жомеъ масжиди имом-хатиби
Киритилган вақти: 13/12/2022 13:53; Кўрилганлиги: 743
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 05:08