Лақаб қўйманг!
Биз бирор исмни эшитганимизда, бирор кишини тасаввур қиламиз, исмдан мурод ўша киши эканлигини англаймиз. Инсонлар муомала жараёнида бир-бирини чақиришлари учун исмлардан фойдаланади. Исм қўйилганда яхши ниятлар, орзулар қилинади.
Баъзида, кишилар дўсти ёки умуман бошқа бировни ўз исми билан эмас, аксинча, исмининг бузилган шакли билан, лақаб билан чақириши кузатамиз. Лақаб қўйиш бизда асосан салбий маънода ишлатилса-да, аслида лақаб бировнинг шаъни, қадр-қимматини кўтариш ёки паст санаш учун ишлатилади. Масалан, Амин, Сиддиқ, Форуқ каби лақаблар кишининг яхши сифатлари эвазига уларни мақташ, мақомини кўтариш учун қўйилган. Ёки, кўр, кар, ғилай каби инсоннинг хулқида ёки хилқатида мавжуд камчиликларини лақаб қилиб қўйишдан мақсад – кишининг устидан кулиш, масхаралаш ва уни паст санашдир. Бу инсонийлик одобига умуман зиддир.
Аллоҳ таоло: “Ва ўзингизни ўзингиз мазах қилманг, бир-бирингизга лақаб қўйманг. Иймондан кейин фосиқлик исми нақадар ёмон! Ва ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар золимлардир”, [1] деб марҳамат қилган.
Оятда мўмин киши бошқа бир мўминни мазах қилиши ўзини ўзи мазах қилган каби бўлиши эслатилмоқда. Чунки улар биродар, ака-ука, бир оила, жамият аъзоларидир. Жамият аъзолари бир-бирини мазах, масхара қилиши шу жамиятнинг парчаланишига, ўзаро келишмовчиликларга сабаб бўлади.
Одатда, лақаб қўйиш орқали бир кишини камситиш, масхара қилиш мақсади бўлади. Умуман, лақаб ёмон сифатларни зикр қилишдан иборат. Лақаб қўйиш орқали инсонни камситиш катта гуноҳ ҳисобланади.
Шунинг учун ҳам Набий алайҳиссалом жоҳилият пайтидан қолган хунук исм ва лақабларни чиройлисига алмаштирганлари ҳаммага маълум.
Абу Жубайра ибн Заҳҳок деганларки: «Бир қавм бошқасини масхара қилмасин…» ояти бизнинг Бану Салама қабиламиз ҳақида нозил бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, бизнинг ҳар биримизнинг икки ёки уч хил исмларимиз бор эди. Агар у киши бирортамизни ўша исмлардан бирини айтиб, чақирсалар, кишилар: «Эй Аллоҳнинг Расули, у бу исмни эшитса, ғазаби чиқади», – дейишарди». [2]
Қолаверса, Аллоҳ таоло “Ҳумаза” сурасида марҳамат қилади: “Ҳар бир обрў тўкувчи ва айбловчига вайл бўлсин”.
Одамларнинг обрўсини ғийбат йўллари билан кўп тўкувчи одам араб тилида «ҳумаза» дейилади. Одамларнинг айбини, камчиликларини имо-ишора ила масхара қилувчи «лумаза» дейилади. «Вайл» жаҳаннамдаги бир водийнинг номи ёки «ҳолига вой», «ҳалок бўлсин» деган маънодаги сўз эканини олдин ҳам ўрганганмиз.
Ушбу икки сифатга эга бўлганларнинг барчаси дўзахга тушади ва уларнинг аҳволига вой бўлади, дейди Аллоҳ таоло. Чунки мўмин кишининг қонини тўкиш қанчалик гуноҳ бўлса, обрўсини тўкиш ҳам шунчалик гуноҳ. Одам ўлдириб – қон тўкиб гуноҳ қилганлар жаҳаннамга тушганларидек, ғийбат қилиб – обрў тўкиб, кишиларни хафа қилганлар ҳам жаҳаннамга тушади. [3]
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ҳар бир мусулмонга бошқа мусулмоннинг қони, моли ва обрўси ҳаромдир![4]
Шундан келиб чиқадики-ки, кишиларга лақаб қўйиш, масхаралаш ва обрўсини тўкиш мазамматли хулқлардандир. Булардан тийилиш, мусулмоннинг обрўсига тажовуз қилишдан сақланиш ҳар бир мусулмонга вожибдир.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходими
Б. Мирзаев
[1]Ҳужурот сураси, 11-оят
[2]Имом Аҳмад
[3]Тафсири Ҳилол 6-жузъ
[4]Имом Муслим, Имом Аҳмад ва Байҳақий
Киритилган вақти: 24/01/2022 12:36; Кўрилганлиги: 951
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 05:08