Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

КЎЗИМГА КЎРИНМАЙ ТУРИШГА ҚОДИРМИСАН?

 
 

Бадр жанги том маънода Ҳамза ибн Абдилмуттолиб розиёллоҳу анҳуники бўлди десак адашмаган бўламиз. Аллоҳнинг шери ўша кунда рўбарўсидан чиққан отлиқ ва пиёда мушрикни қатл қилди. Ахир қандай қатл қилмасин. Унинг лақаби жоҳилиятда “шерлар овчиси” эдику! Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам исломда уни “Аллоҳнинг шери” деб атаган эдилар.
Ҳамза розиёллоҳу анҳу қурайшнинг жон томирига ургани, қурайш Бадрдаги мағлубиятининг асосий сабабчиси Ҳамза роҳиёллоҳу анҳу эканлигини билгани учун қасос олиш пайига тушди. Ваҳший ибн Ҳарб найзани яхши улоқтирар эди. У бу ишнинг устаси эди. унга агар Ҳамзани қатл қилса озод қилинишини айтишди. Шундай ҳам бўлди. Исломнинг энг буюк қўмондонларидан бири қатл қилинди. Ваҳший эса озод бўлди.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Маккани фатҳ қилгач, Ваҳший қилмишидан қўрққанидан Тоифга қочиб кетди. Унга Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари учун қасос олмасликларини, ислом олдинги гуноҳлардан ўтиб юборишини, агар бориб исломга кирса унинг исломи қабул қилиниб авф қилинишини айтишди. Ваҳший Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келди. Набий алайҳис салом ундан сўрадилар:
-Сен Ваҳшиймисан?
-Ҳа!
-Ҳамзани сен ўлдирдингми?
-Иш сизга етиб келганидек бўлди. Мен сизнинг олдингизга Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, сиз эса Аллоҳнинг элчиси эканлигингизга гувоҳлик бериш учун келдим!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Кўзимга кўринмай юришга қодирмисан?!

Улар қайтиб учрашишмади. Ваҳший розиёллоҳу анҳу сўзида турди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг кўзларига қайтиб кўринмади. У масжидда охирги сафларда турар, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам кўриб қолмасинлар деб бошини пастга тушириб ўтирар эди. Уруш сафларида эса охирги сафларда турар эди. Вафони кўринг!!!
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам вафот қилганларидан сўнг Мусайлама Каззоб пайғамбарликни даъво қилиб чиқди. Унга қарши курашга Ваҳший ҳам мусулмон аскарлари сафида чиқди. Ваҳший Мусайлама Каззобни ўша найзаси билан ўлдирди. Кейинчалик у доимо: “Бу найзам билан энг яхши инсон Ҳамзани ва энг ёмон инсон Мусайлама Каззобни ўлдирганман!”, деб юрар эди.

“Кўзимга кўринмай юришга қодирмисан?!”.
Бугун ушбу гапга тўхталамиз. Ислом ўзидан олдинги гуноҳларни йўқотади. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам мусулмон бўлмоқчи бўлиб келган инсон олдин нима иш қилган бўлишидан қатъи назар унинг исломини қайтара олмас эдилар. Гарчи у инсон амакиларини қатл қилган бўлса ҳам...
Шунинг учун Ваҳшийнинг исломини қабул қилдилар. Аммо Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам инсон эдилар. Инсонлик қобиғидан баъзан чиқа олмас эдилар. У киши ҳам бошқалар каби яхши кўрар, ёмон кўрар эдилар. Шунинг учун кўзлари очиқлигида Ваҳшийни кўришни истамадилар.
Ваҳшийнинг исломини қабул қилишлари билан Роббилари шариатини татбиқ қилдилар. Аммо уни кўришни истамаслик у зот саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсий ҳақлари эди. Ваҳшийни кўрсалар амакилари, қўшинлари қўмондони, энг буюк жангчилари бўлмиш Ҳамза розиёллоҳу анҳу ёдларига тушар эди.
Қодир бўлганида кечиримли бўлиш буюклар ахлоқидандир. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам буюк эдилар. Ваҳшийни авф қилдилар. Аммо авф бошқа, бир кишини яхши кўриш бошқа экан.
Гоҳида бизни бошқалар оғир яралайди. Шундай яралайдики, модомики ер-у осмон бор экан у яра битмайди. Гоҳида инсонлар сулҳ қилмоқчи бўлишади. Биз уларни кечирамиз, аммо ёнимизда туришларини истамаймиз. Уларни кўришни истмаймиз. Чунки уларни кўришимиз билан улар етказган жароҳатнинг оғриғи бошланади. Улар етказган жароҳат ҳали-ҳамон тузалмаганини ҳис қиламиз.
Ишларни қайтадан ўз ўрнига тушира олмай турганларни ҳам тушунинг. Улар буни кина-адоватдан эмас, қайта озорланганлари учун қила олишмайди.
Рус ёзувчиси Лев Николаевич Толстойнинг бир гапи бор:
“Инсонлар сенга хиёнат қилишар экан, уларнинг бу иши худди икки қўлингни кесиб ташлаганларига ўхшайди. Сен уларни кечиришинг мумкин, аммо яна қайта қучоқлай олмайсан!”.

Ургут тумани "Ургут марказий" масжиди ходими А.Полвонов


Киритилган вақти: 11/01/2022 07:22;   Кўрилганлиги: 500
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/kozimga-korinmay-turishga-qodirmisan
Чоп этилган вақт: 03/05/2024 13:41
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг