Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан.

 
 

Тарихдан маълумки, бирорта миллат бошқа бир миллатни таҳқирламоқчи, ёки оёқости қилмоқчи бўлса, аввало, унинг ватанини босиб олиб вайрон қилган ёки уни ватанидан қувиб чиқарган. Ўз ватанини душманлар қўлида қолганини кўрган миллат учун бундан ортиқ хўрлик ва таҳқир бўлмаса керак. Зеро, Ватан, миллат, дин тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир. Шунинг учун ҳам динимиз таълимотида она-Ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги ва дин равнақи йўлида фидоий бўлган кишиларга буюк мақомлар берилиши таъкидланган.

Исломда Ватан тушунчаси кенг қамровли бўлиб, аввало, у истиқомат маскани, яъни уй-жой маъносида ишлатилади. Ислом дини таълимотида инсон ўзи яшаб турган ватанини, динини, оила аҳлини ҳимоя қилиши энг улуғ амаллардан эканлиги таъкидланган. Ватан ҳимояси учун ҳарбийлар сафида туриш ҳам динимизда улкан савобли амал саналади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Бир кеча кундуз “рибот” , (яъни душмандан қўриқлаб чиқиш) бир ой тутилган нафл рўза ва ўқилган тунги намоздан яхшидир” , деб марҳамат қилганлар ( Имом Муслим ривояти).

Ҳаким зотлардан бири: “Ҳар бир кимсага маълумки, ҳаёт оламида инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордир. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўлурлар. Улар: озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган молга ўзи эгалик қилмоғи, туғилиб ўсган она-Ватани ҳамда ўзи эътиқод қилиб келаётган муқаддас дини” , деган.

Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетгазган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади.

Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидоийлиги уни ватанини ҳимоя қилишига, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлишига ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имконият даражасида ҳисса қўшишга ундаши лозим.

Ўзбекистон аталмиш гўзал замин халқи бир мақсад йўлида бирикиб, Юртбошимиз атрофида жипслашиш натижасида ёрқин келажак, юксак тараққиёт сари йўл тутяпти, Ватан гўё ўз фуқороларига ҳам аҳилликда ҳикмат кўплигидан сабоқ бераётгандек.

 

 Нодир Маллаев – Самарқанд шаҳар “Хўжа Юсуф” масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 26/10/2021 04:55;   Кўрилганлиги: 497
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/kishining-vafodorligi-uning-oz-vatani-uchun-qaygurishidan
Чоп этилган вақт: 29/04/2024 12:13
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг