Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ким «Лаа илаҳа иллаллоҳу» деса...

 
 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким «Лаа илаҳа иллаллоҳу» десаю, қалбида арпа донаси вазнича иймони бўлса, дўзахдан чиқади. Ким «Лаа илаҳа иллаллоҳу» десаю, қалбида буғдой дони вазнича иймони бўлса, дўзахдан чиқади. Ким «Лаа илаҳа иллаллоҳу» десаю, қалбида зарра вазнича иймон бўлса, дўзахдан чиқади», дедилар.
Абу Саъийд:
«Ким шак қилса: «Албатта, Аллоҳ зарра мисқолича зулм қилмас», оятини тиловат қилсин», деди».

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифда иймоннинг аҳамиятини, унинг катта-кичик бўлишини, охир-оқибат ўз эгасини дўзахдан чиқишига сабаб бўлишини баён қилмоқдалар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким «Лаа илаҳа иллаллоҳу» деса, деганларидан «Муҳаммадур Расулуллоҳ»ни айтмаса ҳам бўлаверар экан, деган маъно чиқмайди. Одатда, «Лаа илаҳа иллаллоҳ» бор жойда, албатта, «Муҳаммадур Расулуллоҳ» ҳам борлиги маълум ва машҳур бўлганидан гапнинг қисқаси айтиб қўйилган, холос.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Шаҳодат калимасининг улуғлиги.
2. Ким шаҳодат келтирган бўлса, охир-оқибат дўзахдан чиқиши.
3. Шаҳодат калимасини айтишнинг ўзи кифоя қилмай, қалбда иймон бўлиши ҳам шартлиги.
4. Қалбдаги иймон заррача, буғдой ёки арпа донича ҳам бўлиши, яъни, жуда кичик бўлиши ҳам мумкинлиги.
5. Мўминлар ҳам осий бўлсалар, дўзахга тушишади.
6. Гуноҳи кабира қилган мўмин кофир бўлмаслиги ва дўзахда абадий қолмаслиги.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Хайрулла домла Саттаров вилоят бош имом-хатиби ўринбосари


Киритилган вақти: 14/12/2021 08:38;   Кўрилганлиги: 465
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/kim-laa-ilaha-illallohu-desa
Чоп этилган вақт: 03/05/2024 17:09
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг