Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Касбларнинг энг афзали

 
 

Динимизда деҳқончилик билан шуғулланиш улуғ амаллардан хисобланади. Чунки улардан ҳамма манфаат олади. Аллоҳ таоло бу касб эгаларини жуда кўп жонзотнинг ризқига сабабчи қилиб қўйган. Шу боис Ислом уламолари наздида дехқончилик энг афзал касблардан саналади.

Ҳддиси шарифларда деҳқончилик билан шуғулланган одамларга кўплаб савоб ва ажрлар борлиги айтилган. Жобир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

«Қайси бир мусулмон бирор экин экса-ю, ундан бирор жонзот еса, албатта, у учун садақа бўлади. Ўғирлангани ҳам у учун садақа бўлади. Йиртқичлар егани ҳам у учун садақа бўлади. Қушлар егани ҳам у учун садақа бўлади. Ўша экиндан бирортаси манфаат олса, албатта, у учун садақадир». Бошка бир ривоятда: «Мусулмон киши бир экин экса-ю, ўшандан инсонми, жонворми, қуш- ми, еса, албатта, қиёмат кунигача унинг учун садақи бўлади», дейилган (Имом Муслим ривояти).

Саҳобаларнинг бир қанчалари деҳқончилик билан шуғулланганлар. Жумладан, Ислом тарихида энг кўп ҳадис ривоят килган саҳоба Абу Хурайра, тажрибали қўмондон, моҳир мерган Саъд ибн Абу Ваққос ва бошқа саҳобалар розийаллоҳу анҳум деҳқончилик сир-асрорларидан воқиф бўлиб, мўл ҳосил олиш йўлини яхши билганлар.

Ҳар бир кишининг ўз меҳнати билан топган ризқ-рўзи афзал неъмат экани айтилган. Миқдом розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда “Ҳеч ким, ҳеч қачон ўз қўли (меҳнати) билан топган таомидан яхшироқ таом еган эмас” (Имом Бухорий ривояти).

Еримиздан унумли фойдаланиб, унга турли хил экинларни экиб, ундан хосил олиб, ўзимиз ва бошқаларнинг ризқли бўлишига ҳаракат қилишимиз бандалик бурчимиздир. Зеро, Аллоҳ таоло ерни инсоният учун буйсундириб, уни тирикчилик учун восита - неъмат қилиб берган. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “У сизларга ерни буйсундириб қўйган Зотдир” (Мулк сураси, 15- оят), “Батаҳкиққи, Биз сизларни ер юзида имконли қилдик ва унда сизларга маишат (воситалари) қилдик. Жуда оз шукр қиласизлар” (Аъроф сураси, ю-оят).

Афсуски, ўзидаги имкониятлардан фойдаланмаётган кишиларнинг борлиги ачинарлидир. Аҳир, ўз томорқдсида деҳқончилик қилса, ўзига ҳалол ризқ, ўзгаларга манфаат бергани учун садақа савобига эга бўлишади-ку! Алҳамдулиллаҳ, заминимиз қуёшли, ерларимиз серунум. Нима экмайлик, албатта, униб, мўл хосил беради.

Қадимда бир маддоҳ бўлган экан. Ўзининг маза-бемаза қофияли шеърлари билан барчанинг жонига тегибди. Атрофидагиларнинг бетакаллуфлигидан норози бўлган маддоҳ бир Хафта мобайнида подшоҳга атаб қирк байт мадҳ битибди. Алқисса, подшох ҳузурига кирган маддоҳ ўз мадҳини ўқий бошлабди. У ўқиган сайин подшохнинг юзи тундлашиб бораверибди. «Ашъор»и яримламай туриб, подшох мулозимларига «Шоирнинг хар бир мисраси учун бир даррадан урилсин. Туманидан турт таноб ер ажратилиб, бундан буёнига деҳқончи­лик билан шуғуллансин. Ёнидаги деҳқонлардан кам хосил олса, зиндонбанд қилинсин», дея амр этибди. Жазодан қўрққан маддоҳ бор меҳрини бериб, мехнат қилибди. Натижада мўл хосилга эга бўлиб, дастлабки хосилидан саройга олиб келибди. Унинг меҳнати самарасини кўрган подшох қирқ тилло билан сийлаб, «Раҳмат сизга, бободеҳқон!» дея тасаннолар айтган экан. Қиссадан хулоса чиқариш ўзимизга боғлиқ.

Меҳнат инсонни улуғлайди, ризқнинг кенг бўлишига сабаб бўлади. Агар меҳнат ерга сингдирилса, нафи бир неча карра бўлиши, шубхасиз.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ Самарқанд вилояти бош имом-хатиби


Киритилган вақти: 17/07/2020 11:21;   Кўрилганлиги: 1160
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/kasblarning-eng-afzali
Чоп этилган вақт: 04/05/2024 15:06
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг