Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

“ЖЎШ ОТА” ЖОМЕ МАСЖИДИ ТАРИХИ

 
 

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

  Самарқанд вилояти Қўшрабод тумани Жўш ота қишлоғида шу қишлоқнинг кўрки ва файзи бўлиб турган “Жўш ота” жоме масжиди бор. Масжидни қачон қурилганлиги маълум эмас, аммо ким томонидан қурилганлигини масжид ичидаги минбар тепалигида деворга ёпиштирилган мармар тошда ёзилган. Тошдаги битик форсча-арабча бўлиб, қуйидагиларни ўқиш мумкин:

“Аё эй дохилони байти Роббий, Бикун тоат дарин байт. Гар абди бигуям, исми омир бе назир аст, Зи авлоди Муқим Абдулазиз аст. Бигуфт тарихи ин масжиди фақийр аҳқор дарвиш, Зи баски гуфт хар кас тарих дар масожид пеш. Ки дар вақти бинояш буд ҳижрат ин мақом арфаъ хазору ду саду хомсуна арбат рақам баста Мулла Абдулазиз камина ҳол”. Яъни (Эй Аллоҳнинг байти “масжид”га киргувчилар! Агар сен абд “Аллоҳнинг қули” бўлсанг, бу байт “масжид”да тоат қил. Беназир – ўхшаши йўқ омирнинг, яъни иморат қилувчининг исмини айтаман: У Муқим авлодидан Абдулазиздир. Фақийр – Ҳақийр дарвешлар бу масжиднинг тарихини айтди, ҳар кимса масжидлар олдида тарих айтгандан сўнг, у (Шайх Абдулазиз Хўжа)нинг бу баланд мақомнинг биносини минг икки юз эллик тўртинчи “1254-ҳижрий, 1838-милодий” вақтда камина Мулла Абдулазиз ёзиб қўйди).

  Масжиднинг бино қилувчиси Шайх Абдулазиз хўжа азизон шу масжид ёнидаги айвонда дафн қилинган Бобо хўжа яъни Бобо Жўш отанинг авлодидандир. Бобо Жўш ота эса Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг авлоди ҳисобланадилар. Бундан билинадики Шайх Абдулазиз хўжа ўзининг бобокалонларидан бўлган Бобо Жўш отанинг қабри устига мақбарага қўшиб масжид ва ховуз қурдирган ҳозирги кунга келиб мақбара ва ховуз йўқ бўлиб кетиб қабр масжиднинг айвонида қолган. Бугунги кунга келиб мустақилликнинг шарофати ила ушбу масжид асл холида қайтадан тамирланди ва ўзининг асл чиройини очди. Энди Шайх Абдулазиз хўжанинг аждодлари насабномаси билан анишсак Шайх Абдулазиз хўжа ибн Шайх Абдуссамиъ хўжа ибн қутб ул-ақтоб авлиё Шайх Муҳаммад Муқим хўжа (Эр Муқим ота) ибн Шайх Дарвеш Муҳаммад хўжа ибн Шайх Ҳусайн хўжа ибн Шайх Дарвеш Муҳаммад хўжа ибн Шайх Муҳаммад Шайх хўжа ибн Шайх Хуш Муҳаммад хўжа ибн Шайх Дўст Муҳаммад хўжа ибн Шайх Султон хўжа ибн Шайх Ҳожи хўжа ибн Бобо хўжа (Бобо Жўш ота)га бориб тақалади Бобо Жўш ота эса Аҳмад Яссавий ҳазратларининг шогирди Яссавия тариқатининг юлдузи Шайх Сулаймон хўжа Боқирғоний яъни Ҳаким отанинг набираси Маҳмуд хўжанинг ўғлидир. Шайх Сулаймон хўжа Боқирғоний яъни Ҳаким ота 14 ота ила Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга туташади. Шайх Абдулазиз хўжанинг авлодлари ҳам бугунги кунда боболари каби динига хизмат қилиб келишмоқдалар. Азизлар бир масжиднинг бино қилинишида ёзилган тошдаги битиклардан унинг тарихини ўрганишга мушарраб бўлдик, аслида Аллоҳ таолонинг олдида масжид қурган кишига Жаннатдан бир уй берилишига ким хурсанд бўлмайди? Тасаввур қилинг бирон-бир мусобақадан ютган ғолибга шу дунёда уй совға қилинса қанча суюнади, шу уйни жаннатдан берсачи Аллоҳ номлари зикр қилинганлардан Ўзи рози бўлсин!

 Нодирхон РАВШАНХОН ўғли - Иштихон тумани “Эшон Темирхон тўра” жоме масжиди имом-ноиби 


Киритилган вақти: 08/01/2022 09:09;   Кўрилганлиги: 659
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/josh-ota-jome-masjidi-tarixi
Чоп этилган вақт: 03/05/2024 15:02
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг