Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ЖИҲОД НИКОҲИ - ҲАРОМ

 
 

Аҳли сунна вал жамоа фақиҳларининг иттифоқига кўра “Жиҳод никоҳи” деб ном олган никоҳ тури мавжуд эмас. Кофирларнинг жиҳоди эса бирон хил никоҳ турини жоиз қила олмайди. Олимлар наздида машҳур сўз шуки, аёлларни мутъа қилиш – ҳатто аҳли суннат вал жамоадан ташқари бўлган фирқалар наздида жоиз бўлса ҳам – никоҳ қилиш дегани эмас. Фатво олимлари мутъани никоҳ деб билмайди. Биз ҳам никоҳ ҳукмларини мутъа учун тегишли деб билмаймиз. Мутъа учун ўзига хос ҳолат мавжудки, Ислом шариатининг бирон-бир қоидаси уни мувофиқ ёки муносиб деб билмайди. Гарчи кўпчилик мутъага никоҳ тури, деб мурожаат этсада, бу маъно мажозийдир. Сабаби у Исломдан олдинги жоҳилият унсурларидан бири бўлиб, биров ўз истагини қондиришига “мутъа” дейилган. Мусулмонларнинг ғазот муддати чўзилгач мутъанинг жоиз бўлишига мажбур бўлинди. Чунки ёлғизлик қийин бўлгач баъзи саҳобалар ўзларини ахта қилишгача бордилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи вассалам ахта қилишдан қайтардилар ва уруш даврида аёлларни мутъа қилиш ваҳийга мувофиқ равишда рухсат бердилар. Шундан кейин ваҳийнинг мувофиқлиги билан мутъа никоҳи ҳаром, деб ворид бўлди. Унинг ҳаром эканлигига шариатда қатъий ва мутавотир ҳужжатлар мавжуд.

Улардан ҳазрат Али р.а. нинг қуйидаги сўзларидир:

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи вассалам мутъадан ва хонаки эшакларнинг гўштини ейишдан Хайбар даврида қайтардилар”. Имом Жуҳаний р.а. нинг ҳадисларига кўра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи вассалам аёлларни мутъа қилиб олишга Фатҳ йилида рухсат берганлар. Унда айтилади:

“Унинг отаси Макка фатҳига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам билан бирга ғазот қилган. Биз унда 15 ой туриб қолдик. Шунда биз учун аёлларни мутъа қилишга рухсат бўлди, сўнгра ҳаром қилинди”.

Бошқа ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи вассалам “Ҳажжатул вадоъ”да рухсат берганликлари ва Сабура р.а. ҳадисларига кўра абадий ҳаром қилганлар.

Шунинг учун, аҳли суннанинг тўрт имоми, саҳобалар, тобеинлар ва уларга эргашганлар сабаби қандай бўлмасин аёлларни мутъа қилиб олиш қатъиян ҳаром, деб иттифоқ қилишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаламдан ривоят қилинади: “Мутъа никоҳни, талоқни, иддани, меросни ҳаром қилди ёки бузиб юборди”. Бунинг маъноси шуки, мутъа талоқсиз ва ажратишсиз кўтарилади, унда мерос бўлмайди. Сабаби, мутъа никоҳ ҳисобланмайди. Аёлдан фойдаланган киши эр бўлмайди, аёл эса хотин бўлмайди.

Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсани биров ўзига ҳалол деса, дарҳақиқат у кофир бўлади ва қилаётган иши айни зино бўлади. Бундай одамлар Аллоҳнинг ҳудудини бузиб Аллоҳга қарши курашмоқда. Уларнинг жиҳоди, қарши кураши Аллоҳга бўлиб қолаверади. Аллоҳ эса уларни яқин орада яксон қилиб ташлайди.



Жаҳонгирхон Аброров манбалар асосида


Киритилган вақти: 11/11/2021 06:34;   Кўрилганлиги: 518
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/jihod-nikohi-harom
Чоп этилган вақт: 16/05/2024 05:11
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг