Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Жаҳл билан бошланган иш уят билан якун топади

 
 

Маълумки, Аллоҳ таоло инсон зотини азиз ва мукаррам қилиб, яратди. Инсонларга ақл деб аталмиш улкан бир неъматни ато қилди. Гоҳида инсон ақлини ишлатмасдан, жаҳл отига миниб кўнгилсиз оқибатларга сабаб бўлиб қолади. Инсон ғазабланмайдиган бўлса, жаҳлини жиловлаб оладиган бўлса дунё ва охиратда саодатли бўлиб, охиратда жаннат деб аталган неъматни қулга киритади.

Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам барчамизга ўрнак эдилар.

Абу Ҳурайра розияллаҳу анҳудан ривоят: Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи вассалламга: Менга насиҳат қилинг деди.,деди.

-Ғазаб қилма!-дедилар  Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам.

Ҳалиги одам илтимосини бир неча бор такрорлади.

-Ғазаб қилма!-дедилар Расулулоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам,,. (Бухорий ривоятлари)

Мусулмон фарзанди гузал ахлоқлар билан сифатланган, ҳилму ҳаё ила зийнатланган булади. Тавозеъ либосини кийган бу инсон ўзгаларга раҳмдиллик билан муомала қилади. У бировлар оғирини ўз елкасига олиб, озор-азиятларга сабр қилади, жазолашга қодир бўла туриб, дилозорни афв этади. Ҳамиша ғазабини боса олади... Хуллас, улуғ сифатлар ва гўзал ахлоқларни ўзида мужассам этади.

Мусулмон киши жаҳлни устун қилиб, аччиғи чиққан вақтда, ўзини ғазаб ҳукмига топшириб қўймайди. Токи ёвузлик кучлари инсонни ҳар куйга солмасин. Ғазаб ҳукмрон бўлган пайтда банда ҳаром ва гуноҳ ишларга қўл уриб қўйиши мумкин. Оқибати эса кишини уятли ҳолатга олиб келиши муқаррар. Ғазабланган вақтимизда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини эслайлик:

“Парвардигорингиз томонидан бўлғуси маъфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган кенглиги осмонлар ва ер баробарида бўлган жаннатга шошилингиз. (У тақводор зотлар) яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларни авф этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади,, (Оли Имрон сураси, 133-134-оятлар).

Мазкур ояти каримага биноан ғазабимизни жиловлашни ўргансак, Аллоҳ таолонинг ғазабидан омон қоламиз ва тақводор  зотлар сафида жаннат аҳлига айланамиз, иншааллоҳ.

Зафар Яҳёев Ургут туман “Мирзо Улуғбек” жоми масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 22/10/2023 20:51;   Кўрилганлиги: 256
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/jahl-bilan-boshlangan-ish-uyat-bilan-yakun-topadi
Чоп этилган вақт: 17/05/2024 06:33
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг