Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Иймони йўқнинг ватанпарварлиги ҳам йўқ

 
 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Ҳамла қилса гар сенга зулму жаҳолат

Маърифат бер унга, мудом, ҳар ҳолат

Аллоҳ таоло башариятга берган барча нарсалар неъматдир. Кимга бу дунёда бойлик берса, демак, Аллоҳ унга бу дунёнинг ўзида бойлик неъматини ато этиб, илтифот кўрсатди. Ким фақир бўлса, демак, Аллоҳ унинг пешонасига Охиратда тўкин ҳаёт неъматини битди. Кимга ақл берса, демак, Аллоҳ Ўз махлуқотлари ичида биринчи рақамли бўлган халқи – инсониятни нақадар фаросатли ва билимдон эканини исботлади. Кимга руҳий хасталикни раво кўрса, демак, уни ҳисоб-китобсиз жаннатга киришини ирода этди. Аллоҳ берган барча нарса неъматдир. Аммо Аллоҳ берган неъматлардан нолимоқ куфрони неъмат бўлиш билан бирга Тангрига қилинган исён ҳамдир.

Маърифат ҳам шундай. Аллоҳ Ўз бандалари ичидан саралаб ато этган маърифат неъматини жаҳолатга алиштирмоқ исёндан бошқаси эмасдир.

Ватанпарварлик бир бино бўлса, маърифат, билим, иймон, заковат бу бинонинг асосий устунларидир. Иймони, маърифати йўқнинг ватанпарварлиги ҳам йўқ гап.

Ўз юртига тош отганлар, юртини сотганлар (хусусан, буюклар зиё тарқатган, маърифат томир отган юртнинг устидан мағзава тўкмоқчи бўлганлар) Тангрининг ғазабига дучордирлар.

Уйидаги бор бисотини сотган кимсанинг қорни тўяр, лекин у ўша бисотсиз қолиши аниқ. Ватанини сотган нафақат бу дунёда ватансиз қолади, балки Охиратдаги насибаларидан ҳам маҳрум бўлади. Зеро, Охиратдаги ҳеч бир жой (жаҳаннамдан ташқари) сотқин учун макон бўлишни истамайди.

Модомики,  сотқинлик динга нисбатан бўлса, бунинг жазоси янада қаттиқ бўлади. Зеро, дин номидан, унинг ортида туриб қилинган жиноятга жазо муқаррар.

Аллоҳ таоло Ислом динини тинчлик-тотувлик рамзи қилди. Ўзи ёки ўзи каби четдаги ғаламисларнинг жирканч истаклари йўлида бу рамзга дарз етказган, тинчлик-тотувлик тушунчасини тескари ишлатилишига сабабчи бўлган кимсанинг ўхшаши Аллоҳ белгилаган ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қилишга уринган кимсанинг ўхшаши билан фарқсиздир – бу иш куфрга тенгдир (Аллоҳ сақласин).

Тақдир Аллоҳнинг измида – ҳолатнинг яхши ёки ёмонга айланиши Унинг иродаси. Юрт тинчлигига, барқарорлиги ошиб бораётган буюк мамлакат келажагига раҳна солмоқ Аллоҳнинг тақдири азалига қўл солмоқ билан баробардир. Агар Аллоҳ истамас экан, ундай кимсаларнинг ҳаракатлари бесамардир. Ундайларнинг топганлари Тангрининг салтанатига – ҳукмронлигига аралашмоқ дея аталган улкан жиноятдан ўзгаси эмасдир.

Ўзбекистон – чин маънода келажаги буюк давлат. Чунки бу юртнинг ўтмиши буюк. У ўз тупроғида улуғлар, авлиёларни етиштирган гўзал бўстон. Бўстонни безаган анвойи гулларнинг орасида ёввойи ўтлар ҳам бўлиши табиий. Ҳар қандай ёввойи ўсимликнинг жазоси уни томири билан юлиб ташлашдир. Бас, юрт ичида сарғайиб ётган ёввойи ўтларнинг нафақат ўз томирларидан, балки бутун халқнинг, миллатнинг кўнглидан юлиниши у хоинлар учун энг муносиб жазодир.

Юрт равнақи, эл фаровонлигига барча масъулдир. Бу борада ҳар биримиздан талаб этиладиган нарса – шукроналик. Қайси мамлакатда шукроналик камайиб, унинг ўрнини нонкўрлик эгаллаб олса, ўша мамлакат таназзулга юз тутмоғи муқаррар. Аллоҳ таоало ҳеч кимни шукр келтиришдан кибр қиладиган пасткашларнинг қаторига қўшмасин. Диёримизнинг омонлиги, унинг зиёси бардавом бўлсин!

Заҳириддин МАНСУР

Манба: hidoyat.uz


Киритилган вақти: 19/12/2019 15:48;   Кўрилганлиги: 1101
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/iymoni-yoqning-vatanparvarligi-ham-yoq
Чоп этилган вақт: 29/04/2024 14:09
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг