Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Итнинг аъзолари ва қолдиғи борасидаги фиқҳий қарашлар ва ихтилофлар.

 
 

Ит нажосати айнми ёки йўқми деган масалада фуқаҳолар ўртасида ихтилофлар бор. Бу ихтилофларга назар солишдан аввал нажосати айн нима эканини билиб олишимиз лозим.

Нажосати айн (айни нажосат, нажасул айн) – буткул нажосат дегани. Масалан чўчқанинг нажосати айн эканлигида ихтилоф йўқ.

Чўчқанинг айни (яъни, ҳамма жойи) нажосат экани Қуръони карим (Анъом сураси, 145-оят) билан собит бўлган. Шунинг учун ҳам чўчқанинг ҳамма нарсаси ҳаром, бундан унинг жуни ва бошқа нарсалари истисно бўлмайди, терисини ошлаб ҳам ишлатиб бўлмайди. (“Қувайт фиқҳ энциклопедияси”). Шу жумладан, тўнғиз жунидан тайёрланган чўткалардан ҳам фойдаланиш мумкин эмас. Чунки у айни нажосатдир.

Ит борасидаги гапларнинг саҳиҳи шуки: ит нажосати айн эмас, балки сўлаги ва ундан чиққан нарсалар (тезаги, сийдиги ва ҳк.) нажосатдир.

Ихтилофлар эса қуйидагича:

Шофеъийлар, ҳанбалийлар ҳамда ҳанафийлардан имом Муҳаммад роҳимаҳуллоҳитни нажосати айн дейишган. (“Мабсут”, “Баҳрур ройиқ”, “Ал-муҳаззаб”)

المبسوط(1/48) والبحر الرائق(1/106) والمهذب)(1/47)

Имом Сарахсийроҳимаҳуллоҳ айтади: Ит нажосати айн бўлиб, имом Муҳаммад роҳимаҳуллоҳ ўз китобидаги сўзларида бунга ишора қилдилар: “Ўлимтикнинг нопоклиги ит ва чўчқачалик эмас”. (Яьни ўлимтикнинг териси ошланса пок бўлади, лекин у иккисиники ошланиш билан ҳам пок бўлмаслиги учун шундай дейиляпти). (Al-mabsut).المبسوط 1/48))

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бизнинг наздимизда итнинг сўлаги билан бошқа қисмлари (сийдиги, тезаги, қони, тери, жуни ва ҳк) орасида фарқ йўқ. (Ҳаммаси нажас ҳисобланади). Агар итнинг сийдиги, тезаги, қони, тери, жуни, сўлаги ёки бошқа аъзоси пок нарсага тегса ва бунда тегувчи ёки тегилганнинг бири ҳўл бўлса теккан нарсани нопок қилади. Бу ҳолда бир мартаси тупроқ билан ювилиши ила етти марта ювилиши шарт (вожиб)”.(Sahihi muslim sharhi-  (شرح صحيح مسلم 3/185)

Юқоридаги гапларни илмий маълумот сифатида келтирдик. Мазҳабимиздаги хулосани ва фатво қайси тўхтамга эканини баён қилсак:

Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ва моликийлар итни нажосати айн эмас деганлар.

“Дуррул Мухтор”да шундай ёзилган: “Ит нажосати айн эмас, фатво шунгадир”.

Ибн Обидин роҳимаҳуллоҳ “Мана шу саҳиҳ ва тўғрига энг яқиндир”, дейди.  (Ибн Обидин “Дуррул Мухтор” ҳошияси) (حاشية ابن عابدين على الدر المختار(1/362)

Буни Косоний ҳам “Бадоеъ”да (البدائع (1/228)тасдиқлаган.

 Ит нажосатлари борасида мазҳабимидаги айрим масалалар ҳукмлари:

-Ит теккан сув ёки таом нажас ҳисобланади, тўкиб ташланади.

-Ит теккан идиш ҳар гал томчиламайдиган ҳолда сирқитиб-қуритиб, уч марта ювилади.

-Ит сўлаги теккан (ялаган) идишни бир мартасини тупроқ билан ювиш ила етти марта ювиш ҳақидаги ҳадисни Шофеъийлар ҳужжат қилишган. Мазҳабимиз уламолари эса уч марта ювиш ҳақидаги ҳадисни олишган. Аввалги ҳадис исломнинг аввалида айтилган, кейин уч марта ювиш ҳақидаги ҳадис ворид бўлган. Усулга кўра, бир масалада келган ҳадисларнинг даражаси бир хил бўлиб, ундаги амрларда хилоф бўлса кейингисига амал қилинади. Чунки кейинги ҳукмлар аввалги ҳукмни насх (бекор) қилади. Шу сабабли мазҳабимиз мужтаҳидларига кўра, ит теккан идишни етти марта ювиш ҳақидаги ҳадис уч марта ювиш тўғрисидаги ҳадис билан насҳ бўлган. (“Ҳидоя”).

 Манбалар асосида “Балиқчи ота” масжиди имом-хатиби Тўхташов Ёқуб тайёрлади.


Киритилган вақти: 04/01/2023 09:20;   Кўрилганлиги: 1029
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/itning-azolari-va-qoldigi-borasidagi-fiqhiy-qarashlar-va-ixtiloflar
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 04:48
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг