Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Исроф ҳаромдир

 
 

Албатта, Аллоҳ таолонинг неъматларини санаб охирига етиб бўлмайди. Бу неъматларни шукрини қилиш ҳар бир бандасига лозимдир. Буни шукрини қилиш энг аввало бу неъматларни исроф қилмасдан фойдаланишда кўринади. Аллоҳ таолонинг неъматларига қанчалик кўп шукр қилсак, неъматларини янада зиёда қилиб беришини, аксинча исроф қилиб, ношукурчилик қиладиган бўлсак қаттиқ азоблар билан азоблашини Ўз каломида таъкидлаб қўйибди.

Вақт неъмати бўлсин, еб-ичиш бўлсин, мол-давлат неъмати бўлсин қиёматда булар ҳақида албатта сўраламиз.  Афсуски, бугунги кунда тўй-маракаларимизда, ёки  мусибатли кунларда кўплаб ортиқча исрофгарчиликларга йўл қўйилмоқда. Аллоҳ таоло   Қуръони Каримда  марҳамат қилади: “Эй Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз! Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай” (Ароф, 31-оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда кўп ҳадисларда исрофдан бизларни қайтарганлар. Ҳатто дарё бўйида таҳорат олаётганда ҳам сувни исроф қилмасликка чақирганлар.Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дарҳақиқат, мўмин битта ичаги тўлгунча, кофир (ёки мунофиқ) эса еттита ичаги тўлгунча овқат ейди!» дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Ҳар биримиз дастурхон атрофида ўтирганимизда олдимиздаги ноз-неъматлар ҳақида тафаккур қилиб, шукронасини келтирсак, марака-маросимларни ихчам ўтказсак иншоаллоҳ Аллоҳ таолонинг марҳаматига янада кўпроқ эришамиз.

  Жумаев Тўрақул Ургут туман “Бахрин” жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 23/10/2023 22:23;   Кўрилганлиги: 175
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/isrof-haromdir
Чоп этилган вақт: 17/05/2024 18:40
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг