Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ИСЛОМДА ДИНИДА ОТА-ОНАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ

 
 

Муборак динимиз бўлмиш Ислом дини Одам боласини, инсониятни фақатгина яхшилик қилиш, ширинсухан бўлиш, бировни оғирини енил қилиш, етимни бошини силаш, канбағалга ёрдам бериш, силаи раҳм қилмоқ, қўшнига озор бермаслик каби жуда кўплаб-кўплаб яхши ишларни қилишга буюради.

Бу буйруқ ва вазифаларни Қуръони карим ва Ҳабибимиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифлари баён қилиб беради. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда шундай бир инсонга яхшилик қилишга тарғиб қилинганки, бу яхшилик эвазига жаннат ваъда қилинган. Бу эса ота-онага яхшилик қилишдир. Дунёда ота-онанинг ҳурматини Исломчалик юқори қўйган таълимот ва тузум йўқдир. Бу ҳақда Қуръони каримда кўплаб оятлар келган. Жумладан,  Аллоҳ таоло “Анкабут” сурасининг 8-оятида марҳамат қилиб айтадики: “Ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик.” Ушбу оятдан кўриниб турибдики, ота-онаси мўмин бўлсалар ҳам, кофир бўлсалар ҳам, ким бўлишларидан қатъи назар уларга яхшилик қилиш мусулмон фарзанднинг бурчи экан. Шунингдек, “Аҳқоф” сурасининг 15-оятида: “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси унга қийланиб ҳомиладор бўлди ва уни қийланиб туғди. Ва унинг ҳомиласи ва кўкракдан ажратиши ўттиз ойдир.” Ушбу ояти каримада ота-онага яхшилик қилишга тарғиб ўлароқ, ҳомиладорлик онага катта машаққат даври бўлиши, дунёга келтириш вақтида жуда қаттиқ қийналиши ва чақолоқлик вақтида кўкрак тутиб парвариш қилиши ҳам баён қилинмоқда. Бу ояти каримани Имом Бухорийдан ривоят қилинган ҳадиси шариф гўё шарҳлаб беради. Ҳадисда шундай марҳамат қилинади: “Бир киши Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, одамлар ичида яхшилик қилишимга ким ҳақлироқ?” деб сўрабди. Ул зот: “Онанг”, дебдилар. У киши: “Сўнгра ким?” дебди. Ул зот: “Онанг”, дебдилар. У киши: “Яна ким?” дебди. Пайғамбар алайҳиссалом: “Онанг”, дебдилар ва ниҳоят тўртинчи марта сўраганида, “Отанг”, дебдилар”. Бу ҳадиснинг негизида улкан ҳикмат ётади. Биринчи яхшиликни онага қилишнинг ҳикмати шуки, она ҳомиладор бўлганида машаққатли кунлари бошланади, кўнгли айнийди, заифлашади, ҳомила катта бўлгани сари машаққат ҳам ортиб боради, тўққиз ой қийналсада ҳомилани қорнида асраб-авайлаб юради. Бу қийинчиликларни фақатгина оналик меҳри енгиллаштириши мумкин. Иккинчи бор онанга яхшилик қил дейишларинг ҳикмати, она фарзандини тўғишда қанча тўлғоқлар ва оғриқларга дуч келади, ҳатто ўлим билан ҳам олишиб фарзандини дунёга келтиради. Фарзанд ана шундай қийноқларга дош бериб туққан онасига қанча яхшилик қилса ҳам оз. Учинчи бор ҳам онанга яхшилик қил дейишларинг ҳикмати шу эканки, туғилган бола ҳали тиши йўқ, овқат чайнаб еяолмайди, қўлидан ҳали ҳеч нарса келмайди. Анашундай ҳолда она кўкрак тутиб то бола тиши чиқиб ўзи овқат ейдиган бўлгунича эмизиб катта қилади. Бизни анашундай қийинчилик билан дунёга келтириб, кўкрак тутиб, кечалари ухламай парвона бўлиб улғайтирган онамизга, ўзи емай едирган, ўзи ўқимай ўқитган, ўзи киймай кийдирган, фақат фарзанди учун елиб югурган отамизга қанча яхшилик қилсак ҳам оз.

Бир куни Жаҳима Суламий розияллоҳу анҳу Набий соллоллоҳу алайҳи ва салламдан урушга бориш учун изн сўрайди. Шунда Набий алайҳиссалом ундан “Онанг борми?” деб сўрайдилар. У: “Ҳа”, дейди. Шунда у зот: “Онангни лозим тут. Албатта, жаннат унинг оёғи остидадир”, дейдилар.

Демак, киши онасига яхшилик қилиш, унинг хизматини қилиш борасида худди унинг оёқлари остидаги тапроқ каби бўлиши, унга қиладиган яхшилигини бошқа бандаларга қиладиган яхшилигидан устун қўйиши лозим. Айниқса ота-оналар кексайиб қолган бўлсалар уларга меҳрибон, ширинсухан  бўлиб хизматларида бўлиш фарзанд учун муҳим вазифадир. Бу вазифани эса меҳрибон Роббимиз бандаларига юклагандир. Бу ҳақда “Исро” сурасининг 23-оятида шундай дейилади: “Роббинг фақат унинг ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “Уфф” дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!”.

Бу оятда Аллоҳга ибодат қилишдан кейинги ўринда ота-онага яхшилик қилиш туриши ҳақида айтилмоқда. Бу икки ҳукмнинг бир оятда, бир жумлада баён қилинишининг ўзиёқ Исломда ота-онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканини кўрсатади.

 

Ҳасанов Абдуғани - Самарқанд шаҳар "Шоҳи Зинда" жоме масжиди имом ноиби


Киритилган вақти: 11/11/2021 06:45;   Кўрилганлиги: 516
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/islomda-dinida-ota-onaga-yaxshilik-qilish
Чоп этилган вақт: 03/05/2024 17:46
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг