Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Исломда бағрикенглик ҳақида

 
 

Аввалло, бағрикенглик сўзининг луғавий ва истилоҳий маъноларига тўхталиб ўтсак. Бағрикенгликнинг луғавий маъноси ўзганинг сизга унчалик ёқмайдиган жиҳатига сабр ва тоқат қилишдир.

“Бағрикенглик” (“тoлeрaнтлик”) сўзи деярли барча тилларда бир хил ёки бир-бирини тўлдирувчи мазмунга эга. Уларни умумлаштириб “бағрикенглик” чидaмлилик, бардошлилик, тоқатлилик, ўзгача қарашлар ва ҳаракатларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, муруввaтлилик, ҳиммaтлилик, кeчиримлилик, мeҳрибoнлик, ҳaмдaрдлик каби маъноларга эга дейиш мумкин. Бағрикенглик Ислом шариатининг энг улкан мақсадларидан бири бўлиб, у етиб борган ерларда Исломнинг тарқалиши ва боқий қолишига таъсир қилган. Мусулмонларнинг бошқалар билан муносабатларидаги асосий тамойил тинчликпарварлик, кечиримлилик ва бағрикенглик десак муболаға бўлмайди.

Ислом динида мусулмонларнинг бошқа дин вакилларига нисбатан бағрикенглик тамойилларига асосан муносабатда бўлиши белгилаб берилган ва ҳар бир инсон дини, ирқи, миллатидан қатъий назар мукаррам эканлиги қайд этилган: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик”, дейилган (Исро сураси 70-оят).

Қуръони Карим оятларида ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам, бошқа дин ва эътиқод вакилларига бағрикенг бўлиш ҳақида кўплаб кўрсатмалар мавжуд. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бу борада уларнинг ҳақларига риоя қилишнинг олий намунасини кўрсатиб, умматни ҳам ана шу йўлдан боришга даъват қилганлар. Аксинча қайси бир инсон ораларида ўзаро тинчлик шартномаси бўлган кишини жонига қасд қилса, унинг оқибати ёмон бўлишидан огоҳлантирганлар. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб дедилар: “Ким аҳдлашилган бошқа дин вакилини ўлдирса жаннат ҳидини ҳам ҳидламайди. Ваҳоланки жаннатнинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб туради”.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!”.

Уламоларимиз “афв” сўзини “бағрикенглик билан ўзгаларнинг узрини қабул қилиш, оғирликни ўзига олиб, бошқаларга енгиллик бахш этиш” дея изоҳлаган эканлар. Мазкур оят нозил бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан уни шарҳлаб беришни сўраган эканлар. Шунда Жаброил (а.с.): “Аллоҳ таоло Сизга зулм қилган кишини Сиз афв этинг, Сизга бермаган кишига Сиз беринг, Сиздан узилиб кетган кишига Сиз яқинлашинг!”, демоқда – деган эканлар.

Яна бир мисол, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига бир гуруҳ ансорийлар келиб, “Эй Аллоҳнинг Расули! Сақиф қабиласи ҳидоятга кирмаяпти, уларни дуоибад қилинг” дейишганида у зот алайҳиссалом “Аллоҳумма, иҳди Сақифа” – “Аллоҳим, Сақифни ҳидоят қил”, дедилар. Ансорийлар яна “Эй Аллоҳнинг Расули! Уларни дуоибад қилинг” дейишди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна “Аллоҳим! Сақифни ҳидоят қилгин” дедилар. Учинчи маротаба сўрашганда ҳам шу дуони қилдилар. Мана, бағрикенгликнинг ёрқин намунаси. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бу муборак дуолари ижобат бўлиб, ана шу Сақиф қавмидан кейинчалик буюк зотлар, улуғ уламолар етишиб чиқди.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинадики, Пайғамбар алайҳиссалом рафиқул аълога интиқол қилганларида, яъни вафот қилишларидан олдин бир яҳудийга ўз совутларини гаровга бериб, ундан 30 соъ арпа сотиб олган эканлар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо мана шу воқеани у зотнинг бағрикенглик борасида ўз умматларига кўрсатган энг катта таълимлари, деганлар.

Дарҳақиқат, Пайғамбар алайҳиссаломга қарз берадиган саҳобалар йўқмиди? Саҳобаи киромлар ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом учун қарз тугул, мол-дунё тугул жонларини беришга ҳам тайёр эдилар. Ниҳоятда бой-бадавлат саҳобалар бор эди, бутун бошли қўшинни қурол-яроғ, улов билан жиҳозлаган, кийим-бош, озиқ-овқат билан таъминлаган саҳобалар, ҳазрати Усмон каби бутун бошли боғларни, қудуқларни сотиб олиб, мусулмонларга вақф қилиб берган саҳобалар жуда кўп эди. Лекин нима учун Пайғамбар алайҳиссалом ғайриддиндан, яҳудийдан озгина арпани гаров эвазига қарзга оляптилар? Нима учун зиммаларида қарз қолган ҳолда рафиқул аълога интиқол қиляптилар? Буларнинг барчаси Азизул Ҳаким Аллоҳ таолонинг чексиз ҳикматидир. Бу Ислом умматига ўзига хос таълимдир, яъни бошқа дин, бошқа мамлакат, бошқа миллат вакиллари билан ҳам ана шундай муомала қилиш дурустлигини ўргатишдир. Демак, мусулмон одам ўзи яшаётган жамиятда ҳар қандай инсон билан қўни-қўшни бўлиб яшаши, савдо-сотиқ, олди-берди қилиши, улар билан борди-келди қилиши мумкин экан, дўстона қўшничилик муносабатларини йўлга қўйиши жоиз экан.

Аҳмад Яссавий ҳикматларида бундай дейилади:
Гуноҳ эрмиш кофирларға берманг озор,
Кўнгли қаттиғ дилозордин Худо безор,
Аллоҳ ҳаққи бундай қулға сижжин тайёр,
Донолардин эшитиб бир сўз айдим мано.

Юртимизда ҳам азал-азалдан турли эътиқодга мансуб миллат ва элатлар истиқомат қилиб келган. 130 дан зиёд миллат фарзандларининг тинчлик ва осойишталик, ўзаро ҳамжиҳатлик кайфиятида яшашлари ватанимизнинг бағрикенглик ўлкаси эканлигининг ёрқин намунасидир. Уларнинг ўзаро баҳамжиҳат, аҳил-иноқликда бир-бирларининг эътиқодларини ҳурмат ва эҳтиром руҳида яшаб келишларининг ўзи Яратганнинг халқимизга берган улкан неъматидир.

 С.Бобоев - Самарқанд шаҳар “Хўжа абду Дарун” жоме масжиди имом ноиби

 


Киритилган вақти: 16/07/2020 14:57;   Кўрилганлиги: 960
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/islomda-bagrikenglik-haqida
Чоп этилган вақт: 04/05/2024 17:36
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг