Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ИСЛОМ МУТААССИБЛИККА ҚАРШИ.

 
 

Ислом дини инсон ҳаётининг ҳар бир жабҳасини ўзида мужассам этган, ҳар замонга мос эзгуликка асосланган бағрикенг, мўътадил диндир. Ислом фақат диний аҳкомлардан иборат бўлган дин эмас, балки у жамият маънавияти ва маърифатини шакллантирувчи ҳамда камолга етказувчи  ҳамда унинг ижтимоий-сиёсий, руҳий-маънавий талабларини қондирувчи диндир. Аммо, исломий арконларнинг ижроси баробарида инсон диний илмсизлик сабабли кўплаб муаммоларга дуч бўлиши табий ҳолдир. Мана шу муаммолардан бири мутаассиблик ва динда чуқур кетишдир.

Шариатимиз диний мутаассибликка ва динга чуқур берилишга доимо қарши бўлган. Муқаддас динимизнинг асл манбалари бўлган  Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифда диндаги бу бидъатлар қаттиқ қораланган. Чунки, бу икки иллат турли замонларда турли номлар остида динимизга тасвирлаб бериб бўлмас даражада зарар етказиб, бу ҳол ҳозирда ҳам ҳар хил жарангдор номлар ва шиорлар остида давом этмоқда. 

Хўш, диний мутаассиблик, динда чуқур кетиш  нима? Динимизнинг мазкур икки иллатга муносабати қандай?

Мутаассиблик – унинг луғавий маъноси бирон эътиқодга ёки дунёқарашга ўта берилганлик, ўз фикрида қатъий туриб олиб, бошқаларнинг фикрини инобатга олмаслик ҳамда инкор қилиш ва ҳамиша ўзини ҳақ деб билишликдир. Ҳозирги вақтда бу “фанатизм” ҳам дейилади. Мутассиб (фанат) киши  кўр-кўрона ҳох тўғри, ҳох нотўғри бўлсин ўзига маъқул бўлган бир фикрда маҳкам туриб, ўзини фикрини ҳақ, бошқаларнинг фикрини ноҳақ деб эътиқод қилган ҳолда ўз фикрини амалда кўрсатишга ҳаракат қилади.

Динда ғулу кетиш – “динда чуқур кетиш, диний арконлар ва ибодатларни бажаришда ҳаддидан ошиш, тўғри йўл деб нотўғри йўлга бурилиш” маъноларини англатади.

Оиша онамиз (р.а.)дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис бунинг далилидир: “Бани Асад қабиласига мансуб бир аёл ҳузуримда ўтирган эди. Шу пайт Расулуллоҳ (с.а.в.) уйга кириб келиб: “Бу аёл ким”,-деб сўрадилар.  “Бу – ўша, кечаси ухламай намоз ўқиб чиқадиган аёл”,-дедим. Сўнг, мазкур аёлнинг қанақа намоз ўқиши ҳақида сўзлашдик.  Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Бундай қилманглар, солиҳ амалларни қурбингиз етганича адо этинглар, қанча ибодат қилсангиз ҳам Аллоҳ таолога маол келмайди-ю, бироқ ўзингизга малол келиб қолмасин!”” –дедилар[1]. Ҳадисдан маълум бўладики, ҳар бир инсонга динда чуқур кетиб, ёхуд мутассибона бирорта фарз қилинмаган  амални ўзига вожиб қилиб олиб, сўнг бажаролмайдиган ҳолатга тушиб қолгандан кўра динда ўртачалик, яъни васатийлик йўлини танлаб солиҳ амалларда мудом бўлиши авлороқ ва яхшироқ экан. Пайғамбаримиз с.а.в. мазкур ҳадисларида динда чуқур кетишнинг оқибати яхши бўлмаслигини маълум қилиб, ибодатга оид амаллардан тоқат етадиганини олишга буюрдилар.

Жумладан, ибодатларнинг шартларини бажаришда ҳам ғулу бўлиб, улар динимизда қаттиқ қораланади. Масалан, таҳорат ва ғуслда Пайғамбаримиз с.а.в.нинг суннатларида кўрсатилган меъёрдан ортиқ сув ишлатишни уламоларимизнинг айримлари “исроф” деса, баъзилари “ғулу”нинг бир кўриниши деб ҳам айтганлар. Шунингдек, ғулу амали инсоннинг еб-ичиши, кийиниши ва ҳатто кафанланишида ҳам мавжуддир, зеро, Пайғамбаримиз (с.а.в.): “(Маййитни) кафанлашда ҳаддингиздан ошманглар”, деб буюрганлар.[2] 

Аслида Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган навқирон ва муқаддас динимиз – Исломнинг асосини ташкил қилган амаллар бандаларнинг тоқатидан келиб чиққан ҳолда фарз қилинган, яъни мўътадиллик ва бағрикенгликка асосланган диндир.

“Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди. (Ҳар кимнинг) қилган (яхши) амали ўзи учундир ва (ёмон) амали ҳам ўзининг буйнигадир. ....”[3]

Мазкур оятда Аллоҳ таоло инсонларни ибодатдан қурби етмайдиган нарсага буюрмаганлигини хабар қилмоқда. Ҳатто шариат ҳукмларининг умумий қоидаларини бажаришга тоқати – қурби етмайдиган кишилар учун баъзи амалларнинг бажарилишида динимизда истиснолар ҳам мавжудки, динда чуқур кетган, мутаассиб кишилар шариатда берилган бундай енгилликларни тан олмайдилар ва алалоқибат кечирилмайдиган гуноҳи кабиралардан бири –кибрга, яъни ўз ибодатлари билан мағрурланиш ҳиссига мубтало бўладилар. Барчамизни бу иллатдан Аллоҳ таоло  сақлаган бўлсин!

Аллоҳ таоло Муҳаммад с.а.в.нинг умматини ҳар бир ишда мўътадил бўлган, адолатли уммат эканлигини таърифлаб шундай деган: “Шунингдек (яъни, ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (мўътадил, адолатли) бир миллат қилдик.”[4] Аллоҳ таоло Муҳаммад с.а.в.нинг умматини ўз каломи шарифида алоҳида, хоссатан улуғлаб, уларни ҳаққ йўл сари ҳидоят қилдик ҳамда амалларида мўътадил уммат қилдик, деб таърифлади. Чунки, динда чуқур кетиш ва аҳкомларда мутассибона амалда бўлиш тўғри йўлдан адашиш ва ҳалокатнинг асосий омилидир. Улар сабабли турли бидъат, хурофотлар пайдо бўлади, ҳатто шайтон бу амалларни чиройли кўрсатиб қўйганлиги оқибатида ширк амали содир бўлади. Бу ҳолатни салаф авлиёлар, пиру устозларга сиғиниш, уларнинг сўзини ўзининг воқеъликдаги ҳолатига тўғри келса-келмаса ҳам ҳаётига татбиқ қилишда кузатиш мумкин. Биз бу сўзларимиз билан пиру муршид азизларимизга таъна тоши отишдан йироқмиз. Ул зотларнинг Ислом дини ривожи учун, халқимизнинг миллий ўзлигини шакллантириш учун хизматлари беқиёсдир. Ул зотларга Пайғамбаримизнинг  тирик сийратлари, деб таъриф берсак хато бўлмас. Чунки, улар Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг хулқу сийратларини ўз ҳаётларига татбиқ қилиб, бу сийратни умматга ҳам амалий намоён қилган бу умматнинг гултожларидир. У зотлар сабаб бу дин аҳкомлари, шариат одоблари қон-қонимизга сингиб, бизнинг миллий ўзлигимизга айланганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Аммо ўзини тариқат соҳиби, ёхуд диннинг асл жонкуярлари сифатида номоён қилиб, шариат илмидан бехабар ҳолда пешволик талаб қилаётган, Аллоҳ ва пайғамбарининг буйруғи бир четда қолиб динда бўлмаган тоқатдан ташқари амалларни  тарғиб қилаётган кимсаларнинг “тариқат” номи билан иш юритаётгани кўз юмиб бўлмас ҳолатдир. Асл мақсади дин ривожи ва жамият мусаффолигидан бошқа нарса бўлган бундай “пир”ларнинг йўли кесик, оқибати хорликдан бошқа нарса эмас.

      Жуладан, Ислом динини ўз қобиғига мослашга, ёхуд унга “фундаментализм”, “терроризм” каби ножоиз ибораларни ёпиштиришга ҳаракат қилаётганлар Ислом дининг асл моҳиятини нотўғри талқин қилаётган кишилардир. Хўш,  муқаддас динимизнинг асл моҳияти қандай? Нималардан иборат? Буни  тўғри англаб етиш учун яна Қуръон карим ва ҳадиси шарифга мурожаат қиламиз.

Аллоҳ таоло ўзининг каломи шарифида рўза ибодатининг миқдори ҳақида маълум қилганидан кейин:

 “...Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди...”,[5]-дейди. Мазкур ояти каримани бошқа ибодатларнинг бажарилиш меъёрига қиёсан олсак Ислом динининг аҳкомлари бандалар тоқатидан келиб чиққан ҳолда фарз қилинганига гувоҳ бўламиз. Қуръони каримнинг бир неча жойида мазкур маънодаги оятларни учратиш мумкин. Шариат ва суннатда зикри келтирилмаган амалларни ҳаётга жорий қилиб, динни бошқаларга қийин кўрсатиш жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг муборак сўзларига хилоф бўлиб,  тўғридан тўғри Аллоҳ таолонинг юқорида зикр қилинган ояти каримасига қарши чиқишдир. Шундан кейин ҳам кимки тўғри йўл аниқ бўлиб, сўнг ўз ҳавойи хоҳишига эргашса, Аллоҳ таоло уни янада залолатга бошлаб адаштиради, охиратда эса у учун Аллоҳ таолонинг аламли азоби бордир: 

“Ким ҳақ йўлни аниқ билганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга доҳил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир у!”[6]

Ҳар қандай ном остидаги зулм вa зўрaвoнлик, жумладан кишининг ибодат сабабли ўз жисмига зулм қилиши ҳам, эътиқод ва ибодатда мутаассибона йўлни танлаб динда чуқур кетиш ҳам, жиноятларнинг ҳaр қaндaй ҳолати ва кўринишлари ҳам, гарчи у Ислом дини номидан содир бўлаётган бўлсада Ислoм aқидaси ва таълимотига мутлақо қaрaмa-қaршидир. Мусулмoн киши бoшқa oдaмлaрни шариатда буюрилмаган ишларни буюрмасликка ҳамда ёмон ишларни қилишдан қaйтaришгa мaсъулдир ҳамда ўзи ҳам жинoят саналган амалларни сoдир этиши мумкин эмaс. Ҳaр бир иймoн-эътиқодли инсонннинг бурчи ер юзида фаровонлик ва осойишталикни қарор топтириб, бузғунчилик ва фасод ишларга қарши курашмоғи лозим.

Зеро, Пайғамбаримиз с.а.в.: “(Дин арконларини) енгил қилиб кўрсатинглар, оғир қилиб кўрсатманглар. (Диндаги) яхши, хушхабар нарсаларни айтинглар, диндан нафратлантириб қўйманглар”,-[7] деб марҳамат қилганлар ва бу динни барча билан баробар баҳам кўриш лозимлигини уқтирадилар. Пайғамбаримиз с.а.в. динда қандай йўл тутиш лозимлиги ҳақида шундай кўрсатма берадилар: “Дин енгилдир, ҳеч ким уни қийинлаштириб юбормасин, мабодо қийинлаштириб юборса, дин уни енгиб қўяди...”[8], яъни, фарз қилинган ибодатлардан ташқари ибодатларни ва солиҳ амалларни ҳаддан зиёд ўз зиммасига юклаб олиши натижасида уларни бажара олмай ҳаммасини тарк этишга сабаб бўлади.

Бу сўзлар билан Исломга кирадиган кишининг талаби билан ҳисоблашган ҳолда унга динни тушунтиринг демоқчи эмасмиз. Аксинча, унинг тоқатидан келиб чиқиб, шариат аҳкомларини баён қилинг, токи у инсон динимиздан нафратланиб қолмасин, деймиз. Бу дин навқирон, бағрикенг диндир. Унинг даргоҳида шоҳ ҳам гадо ҳам, фақиру дунёдор ҳам, гуноҳсизу гуноҳкор ҳам, олиму жоҳил ҳам нажот излаб, ўз эҳтиёжини  топиш илинжида ибодатга юзланишини унутмаслик лозим.

Пайғамбаримиз с.а.в. динда, эътиқодда қай даражада бўлиш зарурлигини  кўрсатиб: “Ишларнинг яхшиси – унинг ўртачасидир”,-дедилар[9]. Сарвари  олам пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. шундай деб турганларида бошқа йўлга не ҳожат? Зеро Пайғамбаримиз с.а.в.: “Сизларнинг яхшиларингиз дунёсини деб охиратини, охиратини деб дунёсини тарк қилмаганларингиз ҳамда инсонларга юк бўлмаганларингиздир”,[10] -деган муборак ҳадислари билан мусулмон кишини қандай умргузаронлик қилишини ҳам белгилаб берганлар.

Биз мутаассиблик ва динда чуқур кетиш ҳақида сўзимизни мухтасар қилдик. Шундай бўлсада, ўқувчи учун бу борада кифоя қилгулик маълумотларни бердик, деб умид қиламиз. Юқорида келтирилган оят ва ҳадисларни тўғри қабул қилиб, ҳар бир мусулмон биродаримиз диндаги эътиқодини холислик билан танласа, бунинг оқибати чиройли бўлади ва албатта бу  жамиятда ҳам ўз самарасини намоён қилади. 

Имом Бузружмеҳр ўз асарини ёзиб тугаллагандан кейин охирига: “Кишининг бу масалаларни ёд олиб олим бўлиши ажабланарли эмас, балки бу асарни ёд олиб олим бўлолмаган кишининг ҳолати ажабланарлидир”, -деб ёзган эканлар.

 Юқорида келтирилган оят ва ҳадислардан ўзига маълум билимни ҳосил қилган кишининг амалига биз ҳам ажабланмаймиз, аммо ажаб, бу оят ва ҳадисларни ўқиб ўзига етарли хулоса ололмаган кишигадир. Аллоҳ таоло барчамизни ҳидоятга мушарраф этиб, тўғри йўлдан адаштирмасин!

Нодир Қобилов, Имом Бухорий Халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,

Пайариқ туман “Соғиш ота” жоме масжиди имом хатиби

[1] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. “Ўзбекистон милий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. Т.: 2008. 1-жузъ. -Б. 184. Имом Муслимда бу саҳобиянинг исми Ҳавло бинти Нувайт, деб келтирилган.

 

[2] Маваҳибу-л-жалил фий шарҳи мухтасари-ш-шайхи-л-Халил. “Дору олами-л-кутуб”  5-жуз. Мадина.: 2003. –Б 460. 

[3] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири, ”Бақара ” сурасининг 286-оят мазмуни.

[4] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири, ”Бақара ” сурасининг 143-оят мазмуни.

[5] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири, “Бақара” сураси,185-оят мазмунидан.

 

[6] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири,Нисо сураси. 115-оят.

[7] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. “Ўзбекистон милий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. Т.: 2008. 1-жузъ. -Б. 23, 2-жуз, -Б 392.

[8] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. “Ўзбекистон милий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. Т.: 2008. 1-китоб.  –Б 16.

[9]  Муборак ибн Муҳаммад ал-Жазарий. “Жомиъу-л-усул фий аҳадийси-р-расул”. “Дору-л-баён” нашриёти. 1972. 10-жуз, -Б 130. Мазкур ҳадисни Имом Байҳақий ҳам мурсал ҳолда “Шуъбу-л-иймон” асарида ривоят қилган.

[10]  Али ибн Ҳисомиддин ал-Ҳиндий. “Канзу-л-аъмол”. “Муассасату-р-рисола” нашриёти, Байрут 1989. 3-жуз, -Б 428..


Киритилган вақти: 24/09/2019 12:25;   Кўрилганлиги: 1872
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/islom-mutaassiblikka-qarshi
Чоп этилган вақт: 15/10/2024 15:16
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг