Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ислом илм-фан маёғи

 
 

Қурьони карим ва суннати набавия, умуман ислом дини илм-фаннинг, тараққиётнинг манбасидир. Айрим жоҳиллар эса исломни фанга ва тараққиётга қарама-қарши қўяди. Қурьон ва суннат инсониятни зулматлардан нурга чиқишга ундади. Илм олишни биринчи фарз қилиб қўйди. Кўплаб ояти карима ва ҳадиси шарифларда илм-фаннинг асосий қоидаларини баён қилди. Ислом аҳкомларига амал қилишнинг ўзи ҳамма фанларни ўрганишга эҳтиёж туғдирди. Шунинг натижасида фан ривожланиб, дунёнинг ҳамма соҳаларда тараққиёт этиши учун имкон яратди.

Ҳозирда компьютер технологияларисиз дунёни ва ҳаётни тасаввур этиб бўлмайди. Буларнинг ҳаммаси Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Хоразмий бобомизнинг ҳозирда дунё алгебра деб атайдиган “ал жабр вал муқобала” асаридан бошланганини ҳамма билади. Аммо мана шу “ал жабр вал муқобала” асари шариат аҳкомларига кўра юзага келадиган масалалар: меросни бўлиш, васиятларни тузиш, молни тақсимлаш ва ҳаказо айнан шаръий аҳкомлар тақазоси билан ёзилганини кўпчилик билмайди.

Хоразмийнинг ўзи бу мўтабар ва муборак асарининг муқаддимасида шундай дейди: “...Мен арифметиканинг оддий ва мураккаб масалаларини ўз ичига олувчи “ал жабр вал муқобала ҳисоби ҳақида қисқача китоб”ни таълиф қилдим, чунки мерос тақсим қилишда, васиятнома тузишда, мол тақсимлашда ва адлия ишларида ва савдода, ҳар қандай битимларда ва бошқа шунга ўхшаш турлича ишларда бу зарурдир”.

Мазкур асарнинг “нақд ва қарз ҳақида”ги бобдан бир парча ўқиб кўрсак, бу китобнинг нечоғлик савияси ва аҳамиятини ҳис қиламиз. Чунки ноннинг ушоғи ҳам нон бўлгани каби, қисқа бир парчада ҳам асарнинг тўлиқ руҳияти бор:

“Вафот этган кишидан икки ўғил қолган ва у молининг учдан бирини бошқа одамга васият қилган. У нақд ўн дирҳам ва ўғилларидан бирининг улушига тенг қарзга берганини қолдирган. Қоидаси: қарздан олинадиганни нарса деб қабул қил ва уни нақдига яьни ўн дирҳамга қўш. Ўн ва нарса ҳосил бўлади. Бундан учдан бирини айир, чунки у молининг учдан бирини васият қилган, бу учу учдан бир дирҳам ва нарсанинг учдан бири. Олтию учдан икки дирҳам ва нарсанинг учдан иккиси қолади. Буни ўғиллар орасида тақсимла. Шунда ҳар бир ўғилнинг улуши – учу учдан бир дирҳам ва нарсанинг учдан биридир. Бу олинадиган нарсага тенг. Шу ерда нарсанинг учдан бирини нарсанинг учдан бирига рўпара қўй. Қолгани: учдан икки дирҳамга тенг уч дирҳам ва нарсанинг учдан иккисидир. Сен нарсани тўлдиришга муҳтожсан (бунга унинг ярмига тенгини қўш ва учу учдан бирга унинг ярмига тенгини қўш, беш дирҳам ҳосил бўлади. мана шу нарса бўлиб), у қарздан ҳосил бўлади”.

Ёқуб Тўхташов

Қўшробод тумани "Балиқчи ота" жоме масжиди имом-хатиби манбалар асосида тайёрлади


Киритилган вақти: 26/10/2023 12:18;   Кўрилганлиги: 232
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/islom-ilm-fan-mayogi
Чоп этилган вақт: 30/04/2024 07:59
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг