Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ИСЛОМ ДИНИДА ВАҚФ ТУШУНЧАСИ

 
 

“Вақф” сўзи луғатда “тутиб туриш”,“тўхтатиш” маъноларини англатади. Шариатда эса бир молнинг аслини ушлаб туриб, фойдасини Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун сарфлашга айтилади. Яъни, вақф қилинган нарса вақф қилувчининг мулкидан чиқади ва Аллоҳнинг мулкига айланади. Вақф қилиш орқали бир нарсадан келадиган фойдани вақфдан фойдаланувчилар учун сарф қилинади ва савоби вақф қилувчига абадий бўлади. Мазкур нарсанинг ўзи ушлаб турилади, ундан келадиган фойда эса, бардавом бўлиб туради.Вақф қилинган нарса сотилмайди, ҳадя қилинмайди ва мерос бўлмайди.  Вақф – Исломда мустаҳаб бўлган қурбат, яъни ибодатдир.

Мусулмон мамлакатларида давлат ёки айрим шахслар томонидан диний эҳтиёж ёки хайрия ишлари учун ажратилган мол-мулкларга вақф дейилади. Мусулмонларнинг хайрия ишларининг барчасига динимиздаги вақфлар ҳақидаги кўрсатмалар асос бўлган. Чунки вақф садақаи жория бўлиб, ундан доимий равишда савоб етиб туради.

Ушбу хайрия ишларини қилишда барча мусулмонларга Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзлари бош ўрнак бўлганлар. У киши турли кишилар тарк қилган еттита боғни мискин фақирлар ва ҳожатмандлар фойдасига вақф қилганлар.

Барча мусулмонлар бу хайрли ишни шараф билан давом эттирдилар. Улар кўплаб боғу роғларни, ерларни, ҳовли жойларни ва бошқа турли туман мулкларни вақф қилдилар. Бунинг оқибатида ҳамма тарафларга хайрия муассасалари тарқалди.

Хайрия муассасаларининг энг биринчиларидан бўлгани масжидлардир. Мусулмонлар масжид қуришда қадимдан бир-бирлари билан мусобақа қилиб келганлар. Шунингдек, мадрасалар ҳам бу борада Ислом умматининг алоҳида эътиборга сазовор ишларидан биридир. Вақф фақатгина масжид ва мадраса бўлибгина қолмай кенг қамровли тушунчадир.

Вақфлар ҳақида сўз кетар экан, шифохоналар, меҳмонхоналар каби муҳтожларга аталган муассасалар ҳақида алоҳида таъкидлаш лозим бўлади. Камбағаллиги туфайли турар-жой қура олмайдиган ёки ижарага ололмайдиган оила ва шахсларга аталган турар-жой вақфлари ҳам кўп бўлган.

Йўловчилар, зироатлар, ҳайвонлар ва муҳтожларни сув билан таъминлаш ниятида ҳамма ерларда қудуқлар қазийдиган вақфлар ҳам бўлган. Мусулмонларнинг хайрия ижтимоий муассасалари қаторида йўл ва кўприкларни тузатиш билан ўз хизматларини тақдим қиладиган вақфлари ҳам бўлган.

Етим болаларга аталган вақфлар уларни едириш, ичириш, кийинтириш, яшаш жойи билан таъминлаш билан бирга уларни хатна қилдириш билан ҳам шуғулланганлар. Оила қуришда қийналиб қолган ёш йигит-қизларга оила қуришда керакли барча ёрдамларни тақдим қиладиган вақфлар ҳам ҳамма ерларда муваффақият билан иш олиб борганлар.

Эмизикли оналарни сут ва қанд билан таъминлайдиган хайрия муассасалари бўлиб, бу каби вақфни биринчилардан бўлиб, Салоҳуддин Айюбий ташкил қилган эди. У киши Дамашқ шаҳри қалъаси дарвозаларидан бири яқинида икки тарнов қилиб биридан сут, иккинчисидан қандли сув оқиб турадиган қилган эди. Оналар ҳар ҳафтада икки марта келиб, болалари учун сут ва қанд олиб кетар эдилар. Шундай қилиб, мусулмонларнинг хайрия ташкилотларидан ҳамма баробарига фойдаланар эди. Вақф фаолиятлари Ислом динида ана шундай юқори савияда шаклланган эди.

Илк даврларда вақфлар идоравий шаклига кўра фақат вақф қилувчининг ўзи томонидан ва вақф қилувчи тайинлаган мутавалли томонидан юритиладиган вақфларга бўлинган. Вақт ўтиши билан вақфларнинг васиқалари йўқолиб идора шакллари маълум бўлмай қолган. Шунда қозилар уларнинг идорасини ўз зиммаларига олишган ва учинчи идоравий шакл пайдо бўлган. Кейинчалик эса тўртинчи идоравий шакл — ҳукумат идораси пайдо бўлган. Бу, айниқса XIX аср ўрталарида Усмонийлар давлатида Вақфлар вазирлиги ташкил этилишида намоён бўлган.

Бугунги кунда ҳам жаҳоннинг бир қатор давлатларида вақфлар турли йўналишлар доирасида фаолият олиб бормоқда. Кўп ҳолларда уларнинг фаолияти қонунлар асосида расмий идоралар томонидан тартибга солинишини ҳам кузатишимиз мумкин. Мисол тариқасида Туркиянинг “Вақфлар Қонуни”, Малайзия қонунчилигидан ўрин олган вақф ерлари ва вақф ишлари ҳақидаги бандлар, Уммон, Қувайт, Қатар, Саудия Арабистони, Иордания, Марокаш давлатларида фаолият юритаётган Вақф вазирликларини келтиришимиз мумкин. Бу вақфлар маданий меросларни муҳофаза қилиш, тиббий хизматлар ва таълим каби соҳаларни ўз ичига олади. Вақфлар фаолияти давлатлар иқтисодиёти учун ижобий кўрсаткичдир. Вақфлар ҳеч қандай моддий манфаатни кўзламаган ҳолда ижтимоий соҳаларга маблағ етказиб беради. Бу маблағларни эса ўз корхона ва ташкилотларидан тушган тушумлар ҳисобига қўлга киритади. Натижада давлатлар томонидан ижтимоий соҳаларга ажратилиши зарур бўлган маблағлар миқдори камаяди, қолаверса, вақфларнинг даромад манбаи бўлмиш корхоналар ҳисобидан иш ўринлари ортади, ишсизлик даражаси пасаяди. Шу маънода жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари вақфлар фаолиятини қонун асосида қўллаб-қувватлаш орқали уларга кенг имкониятлар яратиб берган.

 Афсуски, Марказий Осиёда Шўролар босқини сабабли, вақф тушунчаси йўқолиб кетган эди. Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5416-сон Фармони бўйича“Вақф” хайрия жамоат фондининг ташкил этилиши эътирофга моликдир.

 “Вақф” хайрия жамоат фондининг фаолияти давомида қилинган хайру-эҳсонлар халқимизнинг қалбидаги вақф мулкларига бўлган ҳурмат-эҳтиром ва ислом динига бўлган эътиқоднинг ёрқин намунаси десак муболаға бўлмайди.

Абдувоси ШОНАЗАРОВ,Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот

маркази илмий ходими


Киритилган вақти: 14/07/2020 16:54;   Кўрилганлиги: 934
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/islom-dinida-vaqf-tushunchasi
Чоп этилган вақт: 18/05/2024 15:45
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг