Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ислом динида бағрикенглик ғоялари (5-мақола)

 
 

Шу ўринда ислом тарихида машҳур бўлган бир воқеани келтириб ўтиш жоиз. Дамашқ, Ҳумс ва Суриянинг бошқа шаҳарлари мусулмонлар томонидан фатҳ этилгач, ерли аҳолидан уларни ҳимоя ва мудофаа этиш эвазига солиқ (жизя) олинади. Рум императори Хирақл улар билан ҳал қилувчи жангда тўқнашиш учун катта қўшин тўплаётганини эшитган қўмондонлар фатҳ этилган шаҳарларни ташлаб чиқиб, Румга қарши урушиш учун кучларни бир жойга тўплаш керак, деган қарорга келишади. Холид ибн Валид Ҳумс аҳлини, Абу Убайда Дамашқ аҳлини, бошқа қўмондонлар қолган шаҳарларнинг аҳолисини йиғиб: «Биз сизларни ҳимоя ва мудофаа қиламиз, деб молларингизни олган эдик. Ҳозирда эса сизларни ҳимоя қилишга қодир эмасмиз. Мана сизлар берган моллар, қайтариб олинглар», дейишади. Шаҳарлар аҳолиси: «Аллоҳ сизларга зафар ато этсин. Аллоҳга қасамки, сизларнинг ҳукм ва адолатингиз Румнинг жабр-зулмидан яхшидир. Аллоҳга қасамки, улар сизнинг ўрнингизда бўлишганида олган нарсаларини асло қайтариб беришмаган бўларди», деб жавоб беришади.

Афсуски, бугунги кунда экстремистик ташкилотлар томонидан бир қатор ғайриинсоний ғоялар тарғиб қилинмоқда. Жумладан, уларга кўра, милодий йил ҳисобини ишлатиш, бошқа дин вакилларининг байрам, маданий тадбирларида иштирок этиш ва табриклаш, кийган кийимларини (жумладан, костюм, пальто, галстук, шим ва кўйлаклар) кийиш ҳам имонсизлик ҳисобланади. Мутаассиблар ҳатто улар билан ишлаш, ёрдам сўраш, ноисломий давлатларга яшаш учун кўчиб бориш ёки у ердан кўчиб кетмаслик, исломий бўлмаган мамлакатларга саёҳат учун боришни ҳам имонсизлик, деб баҳоламоқдалар.

Шунингдек, ислом байроғи остида фаолият кўрсатаётган диний-экстремистик ҳаракатларнинг раҳнамолари мусулмон бўлмаганларни ўлдириш мумкинлиги ҳақида «фатво»лар чиқармоқда. Жамиятдаги бағрикенглик ва ҳамкорлик муҳитини хавф остида қолдирадиган, диний-конфессионал асосдаги низоларга замин яратадиган бундай даъватлар исломнинг асл моҳиятига бутунлай зиддир. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ўз даврларида зиммий (мусулмонлар билан аҳдлашиб, ҳимояга ўтган ғайридин)ни ўлдирган бир мусулмонни қасосчиси келиб қатл қилганида: «Аҳдга вафо қилишга мен энг муносибман», деган фикрлари ҳам ушбу хулосанинг ўринли эканини тасдиқлайди.

Маълумки, Қуръони карим Рум сураси 22-оятга кўра, одамларнинг тили ва рангидаги фарқлар, Худонинг мўъжизаларидандир. Миллий ва диний ранг-баранглик ҳамда эътиқод эркинлигини қарор топтириш масалаларида Қуръони карим бутунлай бағрикенглик руҳи билан суғорилган. Демак, дунёдаги турли-туманлик Яратганнинг иродаси ва ҳикмати билан боғлиқ. Аллоҳ дастлаб одамзодни бир уммат қилиб яратганди, сўнгра уларни турли қабила, халқ ва динларга ажратишни ирода қилди. Бундай ранг-барангликдан мақсад - умумий фаровонлик йўлида инсонлар бир-бирлари билан мусобақа қилмоқлари даркор. Бошқа жамоалар билан ҳамжиҳатликни чуқурлаштириш учун мусулмонлар улар билан мулоқот қилмоқлари лозим. Қуръон бу дунёни барча халқ ва дин вакиллари тинч-тотув яшайдиган замин деб эълон қилди.

Динларнинг турли-туманлиги «Агар Раббингиз хоҳласа эди, Ер (юзи)даги барча кишилар ёппасига имон келтирган бўлур эдилар. Бас, Сиз одамларни мўмин бўлишларига мажбур қиласизми?!» деган «Юнус» сурасидаги 99 оятига кўра, Яратган томонидан ўрнатилган экан, уни бекор қилиш ёки ҳаммани бир дин байроғи остида зўрлаб бирлаштириш мумкин эмас. Умуман олганда, Қуръони каримнинг элликдан ортиқ сурасидаги юзлаб оятларда мусулмонлар мўмин-қобиллик, тинчликпарварлик ва бошқа эътиқод вакилларига нисбатан бағрикенгликка даъват этилганлар. Демак, ислом дини ҳамиша инсон қадр-қимматига катта эътибор берган ва бошқа дин вакилларининг ҳаёти, шаъни, ор-номуси ҳамда ҳақ-ҳуқуқларини юксак қадрлаган. Шайх Юсуф Карзовийнинг «Ислом инсон қалбига чуқур ҳурмат билан муносабатда бўлувчи ва бегуноҳ одамларга ҳужум қилишни кечирилмас гуноҳ, деб ҳисобловчи сабр-тоқат динидир», деган фикрлари ҳам сўзимиз исботидир.

Юқоридагилардан хулоса қилиб айтишимиз мум- кинки, ислом дини азалдан бағрикенг дин сифатида намоён бўлган ва бўлиб келмоқда. Бу Қуръони карим ва Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳадисларига асосланган. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ҳаётлик чоғларида ҳам, у кишидан кейинги халифалар ҳам бошқа дин вакилларига нисбатан бағрикенглик билан муносабатда бўлишган.

Марказий Осиё минтақаси, хусусан, Ўзбекистан мамлакати ҳам минг йиллар давомида динлараро багрикенглик ўлкаси сифатида эътироф этилади. Ҳақиқатан ҳам, ўзбек халқи ўзининг бутун тарихи давомида ҳамма вақт бошқа халқ, миллат ва дин вакилларига нисбатан ўзининг ҳурматини намоён этган.   Минг йиллар мобайнида Марказий Осиё ғоят хилма-хил динлар, маданиятлар ва турмуш тарзлари туташган ва тинч-тотув яшаган марказ бўлиб келди. Этник сабр-тоқат, бағ­рикенглик ҳаёт бўронларидан омон қолиш ва ривожланиш учун зарур табиий меъёрларга айланди. Диний бағрикенглик ҳамиша диний заминдаги адоватга қарши ўзига хос қалқон вазифасини ўтаган. У турли эътиқодларнинг бир замин ва маконда биргаликда мавжуд бўлишига, уларнинг ташувчилари ўртасидаги ҳамкорлик ва ҳамжидатликнинг шаклланишига йўл очган. Бу ўз навбатида юрт тинчлиги, тараққиёти ва умуминсоний маданият ривожига хизмат қилган.

Демак, диний бағрикенглик - хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир ватанда, олийжаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади, нафақат диндорлар, балки бутун жамият аъзоларининг ҳамкорлиги ўзаро ҳамжиҳатлигини назарда тутади. Бутун дунё миқёсида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш ва мустаҳкамлашнинг муҳим шартларидан ҳисобланади.

 ЎМИ Самарқанд вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов тайёрлади


Киритилган вақти: 13/07/2020 11:08;   Кўрилганлиги: 857
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/islom-dinida-bagrikenglik-goyalari-5-maqola
Чоп этилган вақт: 18/05/2024 16:29
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг