Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ислом динида бағрикенглик ғоялари (3-мақола)

 
 

Шуниси эътиборга моликки, жаҳон динларининг ичида, фақат Ислом динида эътиқод эркинлиги очиқ- ойдин эълон қилинган. Қуръони каримнинг Бақара сураси 256-оятида «Ла икроҳа фид-дин», яъни «Динда мажбурлаш йўқ» дейилган. Баъзи радикал оқим вакиллари жиҳоднинг уруш маъносида келган оятлар нозил бўлгандан сўнг ушбу оят мансуҳ бўлган, деб иддао қиладилар. Ваҳоланки, Қуръон илмлари орасида носих ва мансух илми бўлиб, бу илм оятларнинг қай бири носих ва қай бири мансухлигини ўрганишга оид илмдир. Бу борада суриялик машҳур уламо Рамазон Бутий бундай дейди: «Қуръон илмларидан бўлмиш носих ва мансух масалалари фақатгина ҳукмий оятларга тааллуқлидир. «Ла икроҳа фид-дин» ояти эса «жумла хабарийя», яъни дарак гaп бўлиб, у ҳеч қачон мансух бўлмаган. Шунинг учун бошқа дин вакилларини мажбуран ислом динига киритиш Қуръон оятларига зиддир. Қолаверса, ислом динига мажбурлаб эътиқод қилдирилган инсоннинг имони Аллоҳнинг наздида заррача ҳам қадрли бўлмайди».

Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳисса- лом) ислом умматигагина эмас, бутун инсониятга намуна бўлдилар. У зот Мадинага ҳижрат қилганларида давлат ишларидаги барча амаллари ўша ерлик яҳудийлар билан уларнинг ақидаларини ҳурмат қилишга асосланган ақднома тузиш бўлди. Расулуллоҳ (алайдиссалом) аҳли китобдан бўлган қўшнилари билан яхши муносабатда бўлар, ҳадя бериб, улардан ҳам турли ҳадялар қабул қилардилар. Мадинага Ҳабашистон насронийларининг вакиллари келганда уларни масжидга тушириб, зиёфат бердилар ва хизматларини қилдилар. Ҳатто, Нажрон насронийларига масжиднинг бир томонида ибодат қилишга ижозат бердилар.

Асли насроний роҳиби бўлган инглиз тарихчиси Карен Армстронг «Муқаддас уруш» китобида бундай ёзади: «Муҳаммад фақатгина Макка мушриклари билан эмас, бир пайтнинг ўзида маҳаллий яҳудий қабилалари билан тил бириктириб ҳужумни режалаштирган Шом насронийлари билан ҳам урушишга мажбур бўлган эди. Аммо бу унинг қалбида душманларга нафрат туғдирмади, уни аҳли китобни лаънатлашга олиб келмади. Мусулмонлар ҳаётларини ҳимоя қилишга мажбур бўлишди. Лекин душманларининг динига қарши муқаддас урушга кирганлари йўқ. Борди-ю, уришишга мажбур бўлиб қолишса, ипсонпарварликни унутишмасди. Улар диний ходимларни, роҳибларни безовта қилишмасди, урушда қатнашмаётган ожиз кишилар, аёллар, ёш болалар, кексаларга тегишмас, уларга зарар етказишмас эди. Улар тинч аҳолини ўлдиришмаган, бино ва уй-жойлардан ҳеч бирини вайрон қилишмаган».

ЎМИ Самарқанд вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов тайёрлади


Киритилган вақти: 09/07/2020 09:07;   Кўрилганлиги: 854
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/islom-dinida-bagrikenglik-goyalari-3-maqola
Чоп этилган вақт: 18/05/2024 13:33
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг